27 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +36,2 °C

Ижтимоий ҳаёт
5 Мая  2020 365

Президент Халқ қабулхонаси: Тошкентдан Сардобага

Сардобада рўй берган фожиали воқеалар ҳеч бир ўзбекистонликни бефарқ қолдирмади, қалблар ларзага келди. Элимиз тезлик билан сардобаликларга ёрдам қўлини чўза бошлади. Бу офат фақат сардобаликларнинг эмас, ҳаммамизнинг бошимизга келган офат. Бугун буни ҳис қилган ҳар бир ҳамюртимиз ёрдамга шошилмоқда. Катта-катта юк машиналарида юртимизнинг турли чеккаларидан саховатпеша инсонларимиз ўз хайрияларини жўната бошлади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг жойлардаги Халқ қабулхоналари ҳам ушбу савобли ишлардан чеккада қолмади, зудлик билан етиб бориб, амалий ёрдам кўрсатишни бошлаб юбордилар. Жабр кўрган инсонларни зарурий маҳсулотлар, бошпана билан таъминлаш ишлари олиб бормоқдалар.

Хусусан, Тошкент шаҳридаги Президент Халқ қабулхонаси томонидан бир неча юк автомашиналарида жами қиймати 50 миллион сўмдан зиёд кундалик эҳтиёж учун зарур бўлган картошка, пиёз, карам, сабзи, ун, гўшт, ёғ, макарон, турли консерва ва ширинликлар, шакар, тухум, гуруч, сут маҳсулотлари ва бошқа озиқ-овқатлар билан бирга иссиқ кийим-кечаклар, рўзғор буюмлари, гигиеник воситалар, бадиий китоблар, ўқув қуроллари ва бошқа турдаги маҳсулотлардан иборат «Саховат карвони» Сирдарё вилоятига етказилди.

Шу билан бир қаторда Президент Халқ қабулхоналари ходимлари Фавқулодда вазиятлар, Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари идоралари вакиллари билан ҳамкорликда Сирдарё вилоятининг сув тошқинидан зарар кўрган ҳудудлар аҳолиси муаммоларини ўрганиб, зудлик билан жойида ҳал этмоқда.

Талаб этилган жойларда қурилиши, таъмирлаш ишларида ҳам фаол иштирок этмоқдалар. Юздан зиёд хонадонларга керакли бўлган барча қурилиш анжомларини, маҳсулотларини етказиб, қурувчи мутахассислар билан, эл билан бунёдкорлик ишларида елкама-елка меҳнат қилмоқдалар.

Бу офатни албатта ҳамжиҳатлик, матонат, бирлик билан енгиб ўтамиз. Сардобаликларнинг давлатимиз ва олижаноб халқимиз кўмагида тез орада яна ҳаётларини ўз изига тушириб олишларига ишонаммиз. Бунинг учун эса Президент Халқ қабулхоналари бир зумга бўлса ҳам ўз шижоатларини, меҳнатларини сусайтирмайди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech