17 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,3 °C

Кейинги авлод
19 Июн  2019 2992

Президент мактаблари: кириш ва ўқиш тартиби қандай?

Жорий йилнинг февраль ойида давлатимиз раҳбари иқтидорли болалар ўқийдиган Президент мактабларини ташкил этиш тўғрисидаги қарорни имзолади. Янги муассасалар жорий йил кузидан бошлаб иш бошлайди. Биринчи филиаллар республиканинг тўртта шаҳрида - Тошкент, Нукус, Хива ва Наманганда пайдо бўлади. Рўйхатга олиш тартиби ва ўқув жараёни ҳақида Президент мактаблари лойиҳаси таълим департаменти бошлиғи Наталья Царикова батафсил маълумот беради:

- Болалар ҳудудий асосда қабул қилинади. Агар бола Тошкентда таҳсил олаётган бўлса, у фақат пойтахтда жойлашган Президент мактабига кириш ҳуқуқига эга. Худди шу тамойил бошқа ҳудудларда ҳам амал қилади. Саралаш танловида иштирок этиш учун ҳужжатлар бир неча усулда тақдим этилиши мумкин: pm.xtv.uz веб-сайти орқали онлайн мурожаат қилиш ёки қоғоз шаклида - манзиллари сайтда кўрсатилган ихтисослаштирилган ҳужжатлар қабул қилиш марказлари орқали. Бунда керак бўлади: талабгор ўқийдиган мактабдан белгиланган намунадаги маълумотнома, директорнинг муҳри ва имзоси билан тасдиқланган жорий ўқув йили учун табель нусхаси, шунингдек, туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома. Аризани топширгандан сўнг ота-она ёки қонуний вакил унинг қабул қилингани тўғрисида SMS-хабарнома олади.

Президент мактаб-интернатларига танлов асосида умумтаълим муассасаларининг 4-9-синф битирувчиларидан қобилиятли ва иқтидорли болалари қабул қилинади.

- Фаолиятнинг биринчи йилида талабгорларни истисно тариқасида танлаб олиш шунингдек, 6-10-синфларда ҳам ўтказилади. Шундай қилиб, 2019 йилда тўрт муассасанинг ҳар бирига 144 тадан ўқувчи қабул қилинади. Умуман олганда, мактабларда еттита параллель, ҳар бири 12 та ўқувчидан иборат иккита синфдан иборат бўлади.

- Кирувчи болалар қандай имтиҳонларни топширишади?

- Улар икки босқичдан ўтадилар. Биринчиси, 30 вазифадан иборат математика бўйича тест шаклида. Бундан ташқари, энг кўп балл тўплаган талабгорларнинг максимал сонига, яъни бир ўринга 20 киши ҳисобидан рухсат этилади. Иккинчи тур маълумотларни таҳлил қилиш ва таққослаш қобилиятини текшириш, мантиқий элементлар билан математик масалалар ва инглиз тилидан тест каби топшириқларни ўз ичига олади.

Талабгорнинг танлови бўйича кириш тестлари давлат ёки инглиз тилида, Қорақалпоғистон Республикасида эса қорақалпоқ тилида ўтказилади. Чет тилини билиш 9-10 синфларига киришда ҳал қилувчи роль ўйнайди. 5-8-синфларга киришда ушбу мавзу бўйича тест фақат келгусида ўқувчиларнинг салоҳиятини баҳолашга хизмат қилади.

Энг юқори балл тўплаганлар Президент интернат-мактабларига қабул қилинади.

- Мактабларнинг моддий-техник жиҳозланиши, болаларни қандай шароитлар кутаётгани ҳақида айтиб ўтсангиз...

- Уларнинг бари душанбадан жумагача қадар доим мактаб ҳудудида бўлади, дам олиш кунлари ота-оналар уларни уйига олиб кетиши мумкин. Бундай тизимда таълим янада самарали кечади, чунки болалар мунтазам яратилган ривожланиш муҳитида бўладилар ва бу уларнинг қобилияти ва истеъдодини максимал даражада ошириш имконини беради. Бунинг учун барча шароитлар мавжуд: кенг кутубхона, инглиз тилидан қўшимча дарслар, жумладан, сўзлашув клуби, STEAM-фанлар бўйича машғулотлар. Шунингдек, ижодий устахоналар, робототехника хоналари, спорт мажмуалари, турли тўгараклар ва секциялар фаолият кўрсатади.

Ўқувчиларга барча қулайликларга эга ётоқхонада бепул яшаш, кунига тўрт марта овқатланиш, форма ва адабиётлар тақдим этилади. Болалар тарбиячиларнинг қарамоғида бўладилар.

- Ўқитувчилар қандай танланади, номзодларга қандай талаблар қўйилади?

- Дастлаб, ўқитувчилар pm.xtv.uz даги «Бўш иш ўринлари» бўлимида тўлдириш мумкин бўлган ва танловда иштирок этиш учун ўз резюмелари ҳамда аризаларини сайт орқали юборадилар. Мувофиқлари иккинчи босқичга таклиф этилади, бунда номзод ўз фанини билиши бўйича тест топширади. Кейин – суҳбатга таклиф этилади.

Ишончли интизомдан ташқари, ўқитувчилардан таълим беришнинг замонавий усулларига, STEAM-фанлари (математика, кимё, физика, биология, информатика, санъат) педагогларидан инглиз тилида мукаммал мулоқот қила олиш қобилиятларини ҳам кутяпмиз. Тарих ва бошқа гуманитар курслар давлат тилида ўқитилади.

Шуни ҳам таъкидлашни истардимки, танловда таълим олиш ёндашувларига мослашувчанлик ва ижодкорликни намоён этадиган, янгича ривожланиш учун очиқ, жамоада ишлай оладиган, ривожланиш учун ўз устида мунтазам ишлайдиган ва болалардаги қизиқишни рағбатлантирадиган мураббийларга афзаллик берилади.

- Президент мактабларида соҳадаги қандай янгиликлар биринчи марта тақдим этилади?

- STEAМ таълим тизими танланган. Ушбу фанлар - математика, физика, кимё, биология, информатика, дизайн ва технология, санъат - бешинчи синфдан бошлаб инглиз тилида ўқитилади, шу сабаб мактабларда чет тилини чуқур ўрганиш учун барча зарур шарт-шароитлар яратилади.

STEAМ тадқиқот ёндашувини назарда тутади, кўплаб амалий вазифалар ва лойиҳаларни ўз ичига олади. «Cambridge International» дастурига киритилган фанлардан ўқитиш учун тажрибали хорижлик мутахассислар таклиф этилган. Тарих, география, маънавият асослари малакали маҳаллий ўқитувчилар томонидан ўқитилади.

Саккизинчи синфдан бошлаб, болалар ўз қобилияти ва истеъдодига асосланиб, ўз хоҳиши билан профессионал ёки стандарт даражада фанларни ўрганишни мустақил танлаши мумкин.

- Ўқувчилар билимини баҳолашнинг қандай тизими қўлланилади?

- «Cambridge International» дастури болаларнинг билимларини турли босқичларда текширишни назарда тутади - чоракда назорат иши, якунийси - курс охирида. Баҳолаш турли усуллар билан амалга оширилади - анъанавий тест, назорат вазифалари ва ижодий, лойиҳа ишлари. Муҳими, бунинг бари биринчи навбатда боланинг ривожланишига ва унинг ўрганишга бўлган қизиқишини рағбатлантиришга қаратилган.

Евгения Юн

суҳбатлашди.

«Правда Востока».

Мазкур мақола «Правда Востока» газетасининг 2019 йил 19 июндаги 123-сонида «Президентские школы: каков порядок зачисления и учебы» номи билан эълон қилинган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech