19 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,6 °C

Ижтимоий ҳаёт
27 Мар  2019 1189

Муаммолар жойида ҳал этилмоқда

Самарқанд вилоятининг Ургут туманида фуқаролар билан очиқ сайёр қабул ўтказилди. Тадбир давомида 330 кишининг мурожаати рўйхатга олинди.

 

Давлат ва жамият ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлайдиган мазкур халқ билан мулоқот тобора ўзига хос анъанага айланиб бормоқда. Бундай амалиёт илгари жуда олис бўлган масофани қисқартиришга ёрдам беради. Кўпчиликнинг эсида бўлса керак, илгари амалдорларни кабинетларида «тутиш» жуда қийин бўларди ва оддий фуқаронинг сабр билан кутишдан ўзга чораси қолмасди. Энди ҳаммаси бошқача.

Одамлар келиб муаммосига ечим топиши учун бутун мамлакат бўйлаб ташкил этилган Президент Халқ қабулхоналари фаолият кўрсатмоқда. Улар эса ўз навбатида давлат органлари ва аҳоли ўртасида ўзига хос боғловчи бўғин, ғоят самарали механизмга айланди. Қабулхоналарда долзарб муаммолар аниқланади ва  мурожаатларни давлат тузилмалари ва бошқа ташкилотлар томонидан кўриб чиқилиши таъминланади. Худди шуни халқ узоқ вақт кутганди.

Бундан ташқари, давлат органлари вакилларининг жойларга чиқиб сайёр қабул ўтказишлари одатий амалиётга айланмоқда. Аслида ҳамма билан бир жойда ва бир вақтнинг ўзида кўришиш жуда ўнғай. Энди фуқароларнинг аҳоли пунктларида турли нуқталарда жойлашган зарур инстанцияларни ўтиш учун кетадиган  қимматли вақти ҳамда маблағи тежалади. Бошқа томондан давлат органлари ходимлари учун улар раҳбарлик қилаётган ҳудуд аҳолисини нималар ташвишга солаётганини яхшироқ билиб олиш имконияти пайдо бўлади. Бунақа қабулларда одам жуда кўпайиб кетиши тушунарли, албатта. Кўпчилик ўзини қийнаётган муаммо ҳал бўлишини, кўнгли таскин топишини истайди.

Жорий йилнинг 26 март куни вилоят ҳокими иштирокидаги Ургут иқтисодиёт касб-ҳунар коллежи биносида ўтказилган сайёр қабулда ҳам одам гавжум бўлди. Ҳар бир мурожаат эътибор билан тингланди, уларни ҳал этишга масъуллар тайинланди. Мурожаатлар асосан, сув ва электр таъминоти, йўллар, тиббий хизматларга оид бўлди. Уларнинг барчасини вилоят ҳокими ўз назоратига олди.

Шунингдек, сайёр қабул ўтказилган жойда меҳнат ярмаркаси ҳам ташкил этилди ва 11 иш берувчи 195 та вакант иш ўринлари билан қатнашди. 74 фуқарога давлат хизматлари агентлиги ёрдам кўрсатган бўлса, ўзбошимчалик билан уй-жой қурган 31 фуқарога мулк эгалиги қонунийлаштириб берилди, 12 фуқаро мурожаатига асосан, уларнинг фарзандларига туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома берилди.

Март ойи охирида Каттақўрғон ва Қўшработ туманларида Э.Турдимов ва секторлар раҳбарлари, ҳудуд бошқармалари ва маҳкамалари иштирокида яна иккита сайёр қабул ўтказиш режалаштирилган, дея хабар беради вилоят ҳокимияти ахборот хизмати.

Эслатиб ўтамиз, Президентимиз 2019 йил 17 январда «Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонни имзолаганди. Унга кўра, икки йил мобайнида давлат раҳбари номига 2,5 миллион мурожаатнома келиб тушган, республикада ташкил этилган ишчи гуруҳлар томонидан уйма-уй юриб, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганилиши натижасида яна 1,1 миллиондан зиёд муаммолар аниқланди. Ҳужжатда вазиятнинг танқидий таҳлили билан бир қаторда давлат органларининг аҳоли ва тадбиркорлик субъектлари билан ишлашини яхшилаш механизмлари ҳам келтирилган. Жорий йилнинг 1 февралидан бошлаб амалдаги Халқ қабулхоналарининг мурожаатлар билан ишлаш фаолиятитига уйма-уй юриш йўли билан муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишни, давлат органларининг одамлар билан бевосита ишлашини назарда тутувчи янгича тизим киритилди. Бутун мамлакатимиз бўйлаб ўтказилаётган сайёр қабуллар – ҳалқ билан мулоқот ўрнатиш ва уни мустаҳкамлашга хизмат қилувчи ана шу фаолият усулларидан биридир.

Ўз ахборотимиз.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech