18 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,8 °C

Ҳукумат
9 Окт  2019 1350
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Қайта тикланган Тошкент чинни заводи ишга туширилди

Президент Шавкат Мирзиёев 9 октябрь куни Олмазор туманида янги жойда қад ростлаган Тошкент чинни заводини бориб кўрди. 

Давлат раҳбари бу заводнинг қайта тикланиши ҳақида ўтган йили 29 июнь куни Олмазор тумани аҳолиси билан мулоқот чоғида айтган эди.

1952 йилда ишга туширилган мазкур чинни заводида чойнак, пиёла, коса, тарелка, лаган, кўза каби миллий услубдаги буюмлар, сувенирлар тайёрланган. «Оқ олтин», «Тонг», «Узум», «Товус» каби тўпламлар халқаро кўргазмаларда олтин медалларга сазовор бўлган, кўплаб мамлакатларга экспорт қилинган. Аммо кейинчалик хусусийлаштирилиб, ишлаб чиқариш тўхтаб қолган эди. 

Президентимиз топшириғига мувофиқ, завод фаолиятини қайта тиклаш мақсадида “Aлоқабанк” томонидан умумий қиймати 87 миллиард сўмлик лойиҳа амалга оширилди. Фойдаланилмаётган объект реконструкция қилиниб ҳамда қўшимча бинолар қурилиб, Хитойнинг “Huanggang Huauao Zhongbo Klin Technology Co. Ltd.” компанияси ускуналари ўрнатилди. 300 та иш ўрни яратилди.

Заводда йилига 30 миллион дона ошхона идишлари, сувенирлар, биноларнинг ички безаклари ишлаб чиқарилади. Юз фоиз маҳаллий хомашёдан фойдаланилади. Маҳсулотлар импорт ўрнини тўлдириб, Россия, Украина, Грузия, Озарбайжон ва Марказий Осиё давлатларига экспорт ҳам қилинади.

– Бу завод Ўзбекистоннинг фахри, – деди Шавкат Мирзиёев. – Илгари республикамизга меҳмон келса ёки юртдошларимиз чет элга борса, шу завод тўпламларидан совға қилинарди. Энди ушбу янги корхона ундан ҳам чиройли, сифатли ва қадрли маҳсулотлар тайёрлаши керак.

Мутасаддилар билан суҳбатда завод фаолиятини кенгайтириб, кластерга айлантириш, янада кўп хотин-қизлар ва ёшларни ишга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди.

– Мамлакатимизда шунча уйлар қуриляпти, одамларнинг ҳаёт сифати ўзгаряпти, – деди Президент. – Янги уйга кўчган ҳар бир оила албатта чинни буюмлар сотиб олади. Юбилейлар, фестивалларга бағишланган, совға учун тўпламлар ҳам чиқариш мумкин. Бунинг учун дизайн устида ишлаш, бозор талабини ўрганиб, олимлар ва технологлар билан ҳамкорликда замонавий маҳсулотлар тайёрлаш, янги брендлар яратиш керак. Масалан, миллий нақшларимиз, сўзаналаримиз бу борада катта манба бўла олади.

Давлатимиз раҳбари чинни буюмлар музейини кўздан кечирди. Заводда ишлаган меҳнат фахрийлари билан суҳбатлашди. 

Шу ерда Тошкент шаҳрида амалга ошириладиган саноат ва инвестиция лойиҳалари тақдимоти ҳам ўтказилди. Президент экспортни ривожлантириш, ташқи савдо амалиётларини енгиллаштириш мақсадида Тошкент шаҳри учун замонавий мультимодал логистика маркази ташкил этиш таклифини билдирди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech