26 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +33,5 °C

Биласизми?
7 Мая  2019 880

Қулупнайнинг фойдали томонлари билан бирга зарарли жиҳатлари ҳам борлигини биласизми?

Қулупнайнинг пишишини барча орзиқиб кутади. Ҳозир юртимизда қулупнай мавсуми бошланди. Бозорлар, турли савдо мажмуали, замонавий супермаркетлар ва, ҳатто, қулупнай етиштириладиган катта-катта майдонлар атрофида бу маҳсулот савдоси авж олган. Сиз қулупнай ҳақида қанчалик маълумотга эгасиз? Унинг фойдали томонлари билан бирга зарарли жиҳатлари ҳам борлигини биласизми? Бугун биз сизга ушбу маҳсулот ҳақида бир қанча фойдали маълумотларни тақдим этамиз.

Қулупнайни турли таомлар ва бошқа мевалар билан аралаштирмаслик, яхшиси овқатлангандан сўнг 30 дақиқа ўтгач истеъмол қилиш мақсадга мувофиқ. Чунки бу мева ошқозон ичида бижғиш хусусиятига эга, оч қоринга ейилса ёки бошқа маҳсулотлар билан қўшиб истеъмол қилинса меда бузилишига олиб келади.

Қулупнайнинг таркиби витамин ва микроэлементларга бой. Шунинг учун ҳам бу мева баҳорда иммунитети заифлашган, дармони камайган одамларга яхши қувват манбаи бўла олади. Унинг таркибининг 5-12 фоизини углеводлар ташкил қилади. Булар глюкоза, фруктоза ва сахароза ҳисобланади. Шу билан бирга лимон ва олма кислоталари, фенол бирикмалар ҳам мавжуд.

Маълумки мева ва сабзавотлар таркибидаги бир қатор витаминлар маҳсулотни қайта ишлаш жараёнида, масалан кўп қайнатганда, қовурганда, мураббо тайёрлаганда йўқ бўлиб кетади. Аммо мутахассисларнинг таъкидлашича қулупнай таркибидаги витаминлар қайта ишлаш жараёнида ҳам йўқолиб кетмайди.

Фойдаси қандай?

Тадқиқотлар шуни кўрсатдики, қулупнай моддалар алмашинувини яхшилашга, танани тозалашга, ичакдаги турғун моддаларни ҳайдашга ёрдам беради. Шу ўринда бу мева қабзиятдан қийналган кишиларга, озишни хоҳлаётган соғлом одамларга тавсия қилинади. Кашандаларга танадан никотин ва бошқа токсин қолдиқларини қувиб чиқаришга кўмаклашади. Бу мева шунингдек, иммунитетни кучайтириш хусусияти эвазига турли касалликларга чалиниш хавфини камайтиради. Лекин организми заиф кексалар, ёш болалар ҳамда меъда-ичакларда муаммоси бўлган беморлар, аллергияси бўлганлар еса бир қатор нохушликларга сабаб бўлиши мумкин.

Юзга суртиш ҳам мумкин

Қулупнайнинг косметологиядаги фойдаси ҳам анча олдин аниқланган. Уй шароитида аёллар янги қулупнайни юзларига суртиб, бир неча дақиқадан сўнг илиқ сувда ювиб ташлашса юзнинг чиройини очади. Бу теридаги пигмент доғлар ва сепкилларни йўқотишга ҳам ёрдам беради. Қулупнай ёки унинг шарбати айрим косметик воситалардан кўра яхшироқ таъсир этади. Хусусан теридаги ажинларни йўқотишда, терини озиқлантиришда юқори самара беради.

Эҳтиёт бўлинг: зарарли хусусиятлари ҳам бор

Қулупнай барчага тенг фойдали бўлавермайди. Таркибидаги бижғитувчи кислоталар ошқозон-ичак йўлларида касаллиги бор кишилар учун зарарлидир. Бундан ташқари айрим кишиларда турли тошмалар, шишлар, ич бузилишлари билан боғлиқ аллергия аломатларини қўзғатиши мумкин. Қон босими ўйнаб турадиган кишиларга ҳам уни истеъмол қилишни тавсия этилмайди.

Ҳар нарсада меъёр бўлганидек қулупнайни меъёрида ейиш керак. Яъни ҳафтасига 3-4 марта 300-400 г миқдорида истеъмол қилиш етарли. Ўз мавсумида пайдо бўлмаган мева ва сабзавотларнинг таркибида зарарли нитратлар бўлади ва уларда витаминлар жуда ҳам оздир.

Бу мевани хомлигича узоқ сақламаган маъқул. У ҳатто музлатгичда ҳам узоқ сақланмайди. Агар қулупнай нитратлар ёрдамида етиштирилган бўлса, унда у музлатгич ичида соғлиқ учун жуда зарарли маҳсулотга айланади. Қиш пайти сотиладиган қулупнайлар иссиқхонада етиштирилган, фойдаси кам бўлади.

Қулупнайни кўп сотиб олиш ҳам ярамайди, сотиб олингинини ҳам 1-2 кун ичида емасангиз айниб қолади.

Қулупнай саратонда фойдали

Кунига бир пиёла қулупнай истеъмол қилиш саратон хасталигининг олдини олишга ёрдам бериши аниқланган. Бу мева ҳатто мазкур касалликнинг илк босқичларида ҳам  фойдалидир. Клиник тадқиқотлар натижалари  кунига 15 дона қулупнай мевасини истеъмол қилиб юриш саратон хавфли касаллигидан ҳимоя қилишини исботлади. Ўсмага чалинган кишиларда синаб кўрилганда қулупнай билан даволанишдан беш ҳафта ўтгач, шишлар тарқалишдан ва ўсишдан тўхтагани, ҳатто ҳажми кичрайгани маълум бўлди. Тадқиқотда бу мевани ҳар куни оз-оздан истеъмол қилган беморларда касаллик авж олиши тўхтаган.

Бошқа бир тадқиқотда кунига 10-15 дона қулупнай истеъмол қилиш қон таркибидаги холестерин миқдорини пасайтириши ва бунинг ҳисобига саломатликни мустаҳкамлаши исботланди.

7 ёшгача болаларга фақат кечпишар қулупнайдан бериш, унда ҳам кунига фақат 100 граммдан оширмаслик керак. Қулупнай ва умуман бошқа меваларни истеъмол қилишидан олдин болаларнинг қўлини совунлаб ювишни унутманг. Бу фарзандингизнинг соғ-саломат, ўзингизнинг бехавотир бўлишингизни таъминлайди.

Асилабону Ҳамзаева

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech