14 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,8 °C

Мамлакатимизда
30 Сен  2019 902

Фарғона вилояти ҳокими Шуҳрат Ғаниев қатъий огоҳлантириш олди

Бугун, 30 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламент ва одоб комиссияси кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди, деб хабар қилади Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.

Мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Нарбаева олиб борди.

Кун тартибида Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевнинг  сенаторлик фаолияти тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Сўзга чиққан сенаторлар Мақсуда Варисова, Гавҳар Алимова, Толибжон Мадумаров, Иқболжон Мирзаалиев таъкидланганларидек, Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Ш. Ғаниев  маҳаллий ижро ҳокимияти органлари раҳбарлари ва фаоллари иштирокида ўтказилган йиғилишда фуқароларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларига путур етказадиган, шаъни ва қадр-қимматини камситадиган иборалардан фойдаланганлиги ижтимоий тармоқларда кенг тарқалиб, аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлмоқда.

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатининг ва Сенати аъзосининг мақоми тўғрисида»ги Қонуннинг 11-моддасида депутат, сенатор одоб қоидаларига қатъий риоя этиши лозимлиги белгиланган.

Сенатнинг 2017 йил 28 мартдаги СҚ-154–III-сонли Қарори билан тасдиқланган Сенат аъзоларининг одоби қоидаларига кўра сенатор ўз фаолиятида жамиятда умумий қабул қилинган ахлоқ-одоб принципларига қатъий риоя этиши, фуқароларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳуқуқлари, шаъни, қадр-қимматини ёки ишчанлик обрўсини ҳурмат қилиши, шунингдек, сенатор номига доғ туширадиган хатти-ҳаракатлардан ўзини тийиши лозим.

Сенатор юқорида кўрсатилган одоб қоидаларига амал қилмаган ҳолларда унинг фаолияти Сенатнинг Регламент ва одоб комиссияси томонидан кўриб чиқилиши ҳамда зарур ҳолларда тегишли чоралар кўрилиши назарда тутилган.

Юқоридаги талаблардан келиб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Регламент ва одоб комиссияси Фарғона вилояти ҳокими, сенатор Шуҳрат Ғаниевга нисбатан уч ойлик синов муддати билан бирга қатъий огоҳлантириш чорасини белгилади.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech