02 Декабрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +3,1 °C

Рақамлаштириш
25 Дек  2019 7572

Ўзбекистонда интернетнинг ривожланиши. Йил якунлари ва 2020 йилга мўлжалланган режалар

2020 йилнинг 1 январидан оператор ва провайдерлар учун интернет тарифлари 20% камайиши кутилмоқда.

24 декабрь куни Алоқа тарихи музейида «2019-2020 йилларда «Ўзбектелеком» АК телекоммуникация инфратузилмаси ҳолати ва ривожлантириш истиқболлари» мавзусида матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Ўзбекистон ташқи интернет каналининг ўтказиш қобилияти 2018 йил охирида 10 баробарга оширилди ва бугунги кунда 1200 Гбит/с га тенг. Бу ҳозирги кунда Ўзбекистондаги барча провайдер ва операторларнинг эҳтиёжларини қондириш учун етарли.

2019 йил давомида Халқаро пакетли коммутация марказига уланган оператор ва провайдерлар учун ташқи каналга уланиш тарифлари нархи 1 Мбит/с учун 85 минг сўмдан 70 минг сўмгача (17%га) арзонлаштирилди. 2020 йил 1 январдан бошлаб эса мазкур тариф 56 минг сўмгача (20% га) пасайиши кутилмоқда.

Буларнинг барчаси Ўзбекистонда интернет хизматларига тарифларнинг ўртача 4 бараварга арзонлашганини, хусусан симли интернет тезлиги бутун Ўзбекистон фойдаланувчилари учун деярли икки бараварга ошганини кўрсатади.

Бугунги кунда «Ўзбектелеком» АК аҳоли учун энг катта тезликда, яъни 100 Мбит/с тезликка эга бўлган тариф режасини тақдим этмоқда, бу кўрсаткични ўтган давр билан таққослайдиган бўлсак, энг катта тезликдаги тариф режасида интернет тезлиги 20 Мбит/с дан ошмаганини ҳамда аҳоли учун хизматлар тезлиги 5 баробарга оширилганини кўриш мумкин. Шу билан бирга жорий йил давомида интернет нархи 3,5 баравардан зиёдга камайган.

Абонентларни ADSL технологиясидан оптик толали алоқа линиялари (FTTx ва GPON) ёки юқори тезликдаги VDSL технологияси орқали хизматлардан фойдаланишга қайта уланишга жалб этиш учун турли хилдаги акциялар ўтказилмоқда ва мазкур акциялар доирасида абонент қурилмаси 99,9% чегирма асосида бепул 100 м кабель билан бирга тақдим этилмоқда.

Шунингдек, Компаниянинг ижтимоий лойиҳаларда ҳам иштирок этаётганини таъкидлаш жоиз. Масалан, 2019 йилда «Ўзбектелеком» АК халқ таълими, мактабгача таълим ва соғлиқни сақлаш муассасаларига 3 500 км дан зиёд оптик линиялари қуриш орқали юқори тезликдаги хизматлардан фойдаланиш имкониятини яратиб берди.

«Ўзбектелеком» АК томонидан, абонентлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида, календар ойининг биринчи кунига боғланмаган ҳолда, ойнинг исталган кунида интернет хизматлари абонент тўловини амалга ошириш учун янги тартиб жорий этилди.

Россия Федерациясининг ivi компанияси билан ҳамкорликда «Ўзбектелеком» АК ҳар қандай қулай қурилмада томоша қилиш имконига эга, 80 мингдан зиёд фильмлар, мультфильмлар ва сериалларни ўз ичига олган катта каталог мавжуд бўлган онлайн-кинотеатр хизматларини тақдим этиш бўйича ноёб лойиҳани ишга туширди.

Миллий контентни ривожлантириш бўйича комплекс дастурни амалга ошириш доирасида «Uz-IX» пиринг тармоғини яратиш лойиҳаси амалга оширилди, натижада дунёнинг машҳур интернет ресурслари ва порталларини локализация қилиш ва юқори сифатли миллий таркибни ривожлантириш бўйича лойиҳаларни шакллантириш имконияти яратилди.

Speedtest.net веб хизматининг маълумотларига кўра, дунё миқёсида мобил ва симли интернет тезлиги тўғрисидаги маълумотларни ўз ичига олган Speedtest Global Index нинг ойлик рейтинги жорий йил ноябрь ойи натижаларига кўра, Ўзбекистонда қайд этилган интернет тезлиги 11 поғонага юқорилаган.

Мамлакатимиз умумий рейтингда дунёнинг 180 та мамлакати орасида 108-ўринни эгаллади (11 поғона юқорилаш). Бу йил давомидаги энг ишончли ўсишдир! 2019 йил ноябрь ойида Ўзбекистонда қайд этилган интернет тезлиги 2018 йил ноябрь ойида қайд этилган 9,98 Мбит/с дан (Download) 21,47 Мбит/с гача, яъни икки бараварга ошган.

Мамлакатимиз алоқа инфратузилмаси мис линиялардан оптик толали алоқа линияларига тезкор суратларда ўтмоқда. Шу йилнинг ўзида Компания томонидан республика бўйлаб 12 минг км дан ортиқ оптик толали алоқа линиялари ўтказилди ва бу билан 500 000 дан ортиқ кишига юқори тезликдаги интернетдан фойдаланиш имконияти тақдим этилди!

«Ўзбектелеком» АК «Узмобайл» филиалининг мобил алоқа хизматлари ҳақида тўхталсак, жорий йил давомида интернет-пакетлар нархи уч бараварга тушганини таъкидлаш лозим. Шунингдек, кўп сонли абонентлар учун мўлжалланган «Оддий 10», «Ишбилармон» тариф режалари, абонентлар учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида илк маротаба календар ойининг биринчи кунига боғланмаган «Street», «Flash» ва «Royal» тариф режалари жорий этилди. Ва, албатта, CDMA стандартидаги хизматлар ҳам эътибордан четда қолдирмаган ҳолда мазкур стандарт абонентлари учун янги тариф режалари жорий этилди ҳамда интернет-пакетлар янгиланди.

2019 йилда «Ўзбектелеком» АК «Узмобайл» филиали тармоғини модернизация қилиш ва кенгайтириш бўйича катта ишлар амалга оширилди. 2019 йилда 3 751 дан ортиқ база станциялари фойдаланишга топширилди, улардан 2 085 таси етиб бориши қийин бўлган қишлоқ жойларда ишга туширилди. Натижада, кўрсатилаётган хизматларнинг сифати яхшиланди ва қамров доираси кенгайтирилди.

Роуминг доирасининг кенгайиши ҳам давом этмоқда. 2019 йилда абонентлар учун 25 та алоқа операторлари иштирокидаги хизматлардан фойдаланиш имконияти яратилди. Бажарилган ишлар натижасига кўра, мобил алоқа абонентлари базаси 5 миллион кишини ташкил қилмоқда.

Хизматлар сифатини ҳамда интернетга уланиш тезлигини ошириш мақсадида, 2020 йилда қатор лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Шу жумладан:

- 3G/4G технологияси бўйича 3 мингдан зиёд мобил алоқа база станцияларини модернизация қилиш, 700 дан зиёд 3G/4G технологияси бўйича мобил алоқа база станцияларини ўрнатиш;

- кенг полосали уланиш тармоғини 1 миллиондан ортиқ FTTx/GPON технологияси портларига кенгайтириш;

- магистрал тармоғининг ўтказувчанлик қобилиятини 4 баробарга, яъни вилоят марказларида 400 Гбит/с гача, туман марказларида 40 Гбит/с гача ошириш;

- маълумотларни сақлаш ва қайта ишлаш марказиларини ташкил этиш ва кенгайтириш.

 «Ўзбектелеком» АК ташқи каналнинг ўтказувчанлик қобилиятини кенгайтириш, тезликни ошириш ва абонентлар учун трафик нархини пасайтириш бўйича ўз ваъдаларини фақатгина янги тариф режаларни киритиб эмас, балки мавжуд тариф режаларига ўзгартириш киритиш орқали ҳам амалга оширмоқда. 2020 йилга режалаштирилган лойиҳаларнинг амалга оширилиши шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги тафовутни камайтириб, бутун Ўзбекистон бўйлаб кенг полосали уланиш хизматларининг ривожланиши даражасини МДҲ мамлакатлари даражасига етказилишида муҳим ўрин эгаллайди, дея хабар беради «Ўзбектелеком» АК матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech