29 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,5 °C

Ижтимоий ҳаёт
1 Апр  2020 878

Саховатли тадбиркорлар сафи кенгаймоқда

Дунёнинг деярли барча мамлакатларида коронавирус инфекцияси тарқалиб, одамларнинг ҳаловатинидан айирган, яъни зарурат бўлмаса кўчага чиқмаслик сўралаётган шу кунларда саховатли инсонларнинг хайрли амаллари аҳолига хотиржамлик бағишламоқда. Жумладан, бундай синовли кунларда бир-бирига нисбатан хайрхоҳ бўлиш, яъни кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотганлар, ногирон шахслар ҳолидан хабар олиш, уларга мурувват кўрсатиш, мушкул аҳволга тушган ватандошларини қўллаб-қувватлаш халқимизнинг азалий қадриятларидан саналади. Қолаверса, айни мушкул шароитда кимнинг аслида кимлиги билинади.

Бундай фикрлашимизга сабаб, ҳозирги мураккаб вазиятда айрим кимсалар тадбиркорликни пеша қилиб, халқининг мушкули ортидан бойлик орттиришга киришиб кетган бўлса, яна кимдир мурувват қўлини чўзиб, инсонийлик фазилатлари билан намуна бўлмоқда.

Жумладан, бугун иштихонлик тадбиркорлар ҳамюртларининг ҳотиржамлигини таъминлаш, вазиятдан келиб чиққан ҳолда одамларни соғлиғи ва таъминотини қўллаб-қувватлаш мақсадида саховатпешалик ёрдамини кўрсатишмоқда. Масалан, Амирқул Раҳматуллаев туманда истиқомат қилиб келаётган 32та хонадонга ун ва ёғдан иборат озиқ-овқат маҳсулотларини етказиб берди. Бу эса бутун “Гулобод” маҳалла аҳлини беҳад қувонтирди. Аввал ҳам бир неча бор тумандаги қўли очиқ инсонларнинг шундай саховатини гувоҳи бўлгандик. Хусусан, “Домла Аброрий умр” фермер хўжалиги раҳбари Аброр Раббимов “Халқобод” маҳаласидаги 11та кам таъминланган оилага бир қопдан ун ва ёғ бепул етказиб берган бўлса, ёш тадбиркор Фирдавс Матлюбов ўзи яшаб турган “Шайхларкент” маҳалласидаги 15та кам таъминланган оилага озиқ-овқат маҳсулотлари ва тиббий ниқобларни бепул тарқатганди. Шунингдек, тадбиркор Саидаҳмад Тожиевнинг мингдан ортиқ тиббий ниқоб, хўжалик совуни ҳамда исириқни бепул тарқатгани ҳам диққатга сазовор.

Бугун юртимизда улар сингари саховатли тадбиркорларнинг сафи кенгайиб бормоқда. Албатта, уларнинг амалга ошираётган бу каби хайрли ишлари барчага намуна вазифасини ўтайди. Зотан, юртимизда булар сингари яна кўплаб тадбиркорларнинг бағрикенглиги кулфатдан бахт излаётганлар учун сабоқ бўлса ажабмас.

Гулсум Шодиева.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech