23 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,2 °C

Суҳбат
1 Фев  2019 3167

Целлофан пакетлардан воз кечишнинг вақти келди!

Бугунги кунда полиэтилен пакетлар нафақат глобал экологик муаммоларни келтириб чиқармоқда, балки энергетика ресурсларининг ҳам беҳуда сарфланишига сабаб бўлмоқда. Мисол учун Хитойда полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш ва фойдаланиш тақиқлангач, 1,6 миллион тонна нефть тежаб қолинган.

Бутун дунё полиэтилен пакетларга қарши курашиш кампаниясини ишга туширди. МДҲ мамлакатларида ҳам полиэтилен муаммосини ҳал этишга қаратилган чора-тадбирлар кўрилмоқда. Хўш, бу борада юртимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?

Биз ушбу савол билан Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси масъул ходими Севара Давлатова билан суҳбатлашдик.

– Маълумки, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб юртимизда полиэтилен пакетларни бепул тарқатиш ва улардан фойдаланиш тақиқланди. Демак, энди полиэтилен пакетлар пулли бўлди. Шундайми?

– Дарҳақиқат, жорий йилнинг 1 январидан бошлаб юртимизда полиэтилен пакетларни 40 микронгача ишлаб чиқариш ва импорт қилиш, сотувчиларга маҳсулот сотиб олган харидорларга пакетларни бепул тақдим этиш, шунингдек, сотиб олинаётган маҳсулотлар нархига пакетлар қийматини қўшиш ёки уларни таннархидан паст нархларда сотиш тақиқланди.

Бунда биологик парчаланувчи дастасиз полимер материаллардан тайёрланган пакетлар – маҳсулотларни қадоқлашнинг ажралмас қисми ҳисобланган пакетлар ҳамда турмушда фойдаланиш учун сотиладиган ўрамларга рухсат берилди. Айнан мана шу нарса, бир марталик полиэтилен пакетлардан фойдаланишни камайтиради. Одамларда аввалги пайтлардаги каби турли – қалин целлофан пакетлар, қоғоз пакетлар, тўр халталар, бўз ва бошқа матолардан тикилган халталардан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш зарур.

Аҳоли йилдан-йилга кўплаб полиэтилен пакетлардан фойдаланмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда йилига бу кўрсатгич 26,2 минг тоннани ташкил этмоқда. Чиқинди масаласи ўз ечимини кутаётган асосий муаммолардан бири саналади, агар у зудлик билан ҳал этилмаса, яқин орада барчамиз глобал чиқиндихонада яшашга мажбур бўламиз.

Ана шу сабабдан ҳам полиэтилен пакетлардан самарали фойдаланиш, шу орқали инсониятнинг экологияга салбий таъсирини камайтириш мақсадида бу йилнинг 1 январидан бошлаб Ўзбекистонда полиэтилен пакетлар пулли этиб белгиланди.

– Айтингчи, полиэтилен пакетлар экологияга, қолаверса, инсон саломатлигига қанчалик зарарли?

– Полиэтилен пакетлар, асосан қайта тикланмайдиган табиий ресурслар – нефть ва газдан тайёрланади. Бир марталик пакетнинг ўртача «умри» 20 дақиқага тенг бўлиб, тупроқ устида 1000 йил, сувда 450 йилда парчаланади.

Полиэтилен пакетларнинг аҳоли саломатлигига жиддий хавф туғдириши, рад қилиб бўлмайдиган ҳолат. Негаки, полиэтилен пакетларни ишлаб чиқаришда заҳарли модда – қўрғошиндан фойдаланилади. Мазкур модданинг организмда тўпланиши турли касалликларнинг юзага келишига замин яратади. Яна қадоқлаш материаллари чокларини бирлаштиришда кимёвий елимдан фойдаланилади, бу эса аксар ҳолатларда маҳсулотларга салбий таъсир кўрсатади. Шунингдек, реклама мақсадларида аксар ҳолатларда полиэтилен пакетларга турли ёрқин ранглардан иборат ташкилот логотиплари туширилади. Одамлар пакетлардаги мазкур ранглар таркибида инсон организми учун зарарли, юқори даражада заҳарли моддалар борлигини англамаган ҳолда унга озиқ-овқат маҳсулотларини соладилар.

Полиэтилен таркибида бактериялар бисёр. Биронта маҳсулот полиэтилен пакетга солиниб музлатгичга қўйилганида, ундаги хавфли токсинлар маҳсулотга ўтади. Табиийки, бу маҳсулот, вақти келиб инсон томонидан истеъмол қилинади. Бунда, улар инсон саломатлигига зарар етказмай қолмайди.

- Хориж давлатларида полиэтилен пакетлардан фойдаланиш тартиби қандай?

- Кўплаб давлатларда нафақат полиэтилен пакетлар қайта ишланяпти, балки улардан фойдаланишга маълум бир чекловлар қўйилмоқда. Баъзи давлатларда пакетларни ишлатишга қўшимча солиқлар солинмоқда.

Хитойда 2008 йил 1 июндан бошлаб жуда ҳам юпқа (қалинлиги 0,025 мм.гача) полиэтилен пакетларни ишлаб чиқариш ҳамда уларни савдо дўконларида бепул тарқатиш тақиқланган. Мазкур талабларни бузган савдо дўконлари катта миқдорда жаримага тортилади ёхуд маҳсулотлари мусодара қилинади.

Люксембургда 2004 йилдан бошлаб аҳоли ўртасида қулай ҳамда қайта-қайта ишлатиш мумкин бўлган сумкалардан фойдаланиш ва полиэтилен пакетлардан воз кечиш борасида тарғибот ишлари бошланди. 2007 йилга келиб эса бир маротабалик полиэтилен пакетларни бепул тарқатиш ман этилди, 2009 йилга келиб бундай пакетлардан фойдаланиш 55 млн.дан 6,5 млн.гача тушди.

Францияда пластик пакетлардан фойдаланиш мутлақ тақиқланган. Британияда 2015 йилдан бошлаб ҳар бир ишлаб чиқарилган полиэтилен пакет учун 5 цент солиқ киритилган.

Ўтган йили Кенияда мамлакат ҳудудига пластик пакетларни олиб кириш, фойдаланиш ва ишлаб чиқаришни тақиқловчи қонун кучга кирди. Унга асосан, қонунбузарларни 4 йилгача озодликдан маҳрум этиш ёки 40 минг АҚШ долларигача жаримага тортиш мумкин.

Дунёнинг ривожланган мамлакатлари пластик пакетлардан фойдаланишда босқима-босқич воз кечмоқда.

Европа мамлакатларида одам бошига ишлаб чиқарилаётган полиэтилен пакетлар сонини йил сайин қисқартириб бориш режаси қабул қилинган. Унга кўра, 2019 йилда бир кишига 90 та пакет, 2025 йилга келиб 40 тагача тушириш режалаштирилган.

Россияда ҳам ЭКА – яшиллар ҳаракати пластик пакетлардан фойдаланишни қисқартириш мақсадида кураш олиб бормоқда. Шу туфайли 3 йил олдин супермаркетларда пластик пакетларни бепул тарқатиш тақиқланган.

Ҳозирда БМТнинг денгиз чиқиндиларига қарши курашиш бўйича тарғибот кампанияси доирасида полиэтилен пакетлардан фойдаланишни чеклаш ёки пластик материаллар билан қадоқланган маҳсулотларни юқори солиқ ставкаси билан солиққа тортишни таклиф этилмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистонда ҳам ушбу масалада мақсадли йўналишга эга бўлган босқичма-босқич ишлар амалга оширилмоқда.

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасига манфаатдор вазирлик ва идоралар билан бирга хориж тажрибаси ва жамоатчилик муҳокамасини ҳисобга олиб, 2020 йилнинг 1 январига қадар фойдаланиш хусусиятини йўқотганидан сўнг атроф-муҳитга зарар етказадиган, ишлаб чиқариладиган ва импорт қилинадиган товарлар гуруҳига экологик йиғимни жорий қилиш юзасидан асосланган таклифлар киритиш вазифаси топширилган.

Анвар Шеров суҳбатлашди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech