30 Ноябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +0,6 °C

Халқаро ҳамкорлик
13 Дек  2019 2043
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Шавкат Мирзиёев Японияга боради

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Япония Бош вазири Синдзо Абэнинг таклифига биноан 2019 йил 17-20 декабрь кунлари расмий ташриф билан ушбу мамлакатда бўлади.

Япония Бош вазири Синдзо Абэ, Парламентнинг Маслаҳатчилар палатаси президенти Акико Санто, Парламентнинг Вакиллар палатаси спикери Тадамори Осима, Бош вазир ўринбосари, молия вазири Таро Асо билан музокаралар бўлиб ўтади. Томонлар Ўзбекистон-Япония муносабатларини, шу жумладан, истиқболда ривожлантиришнинг узоқ муддатли устувор йўналишларини муҳокама қиладилар, халқаро аҳамиятга молик долзарб муаммолар юзасидан фикр алмашадилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Япония Императори Нарухито томонидан қабул қилинади.

Ташриф дастуридан Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Синичи Китаока, етакчи саноат ва молия тузилмалари раҳбарлари билан учрашувлар ўрин олган. Мамлакатларимиз ишбилармонлик доиралари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Япония компаниялари вакилларини Ўзбекистондаги йирик инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга ўзаро манфаатли шартларда жалб қилиш масалаларини кўриб чиқиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари Япониянинг энг муҳим иқтисодий марказларидан бири – Нагоя шаҳрига ташриф буюриб, шаҳарлар ва таълим муассасалари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатиш истиқболларини муҳокама қилиш учун Аичи префектураси губернатори Хидэаки Омура, шаҳар мэри Такаси Кавамура, Нагоя университети ректори Сейичи Мацуо билан учрашади.

Музокаралар натижаси бўйича Ўзбекистон билан Япония ўртасида стратегик шериклик муносабатларини янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш тўғрисида Қўшма баёнот қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, божхона, туризм, илмий-техник ва бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг шартнома-ҳуқуқий асосини мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳужжатлар имзоланиши кутилмоқда.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech