18 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +37,1 °C

Ижтимоий ҳаёт
1 Апр  2019 1144

Шерзод Шерматов Бухорода бошқа вилоятларга қараганда таълим сифати нима сабабдан юқорилигини айтди

Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов вилоятларда таълим даражасини таҳлил қила туриб, Бухоро вилоятида таълим кўрсаткичи юқори эканлиги сабабларини ўзининг Facebook’даги саҳифасида келтирди.

 

Бухоро вилоятида ўқитувчига бўлган ўзига хос ҳурмат сақланиб қолингани туфайли бошқа вилоятларга нисбатан таълим сифатининг анча юқори эканини кўрса бўлади, дейди вазир.

«ДТМдан олинган маълумотларга кўра, ўтган йили олий таълим муассасаларида ўқиш учун ҳужжат топширган абитуриентларнинг имтиҳондан муваффақиятли ўтиб, ўқишга тавсия этилган улуши бўйича энг юқори кўрсатгичга эга вилоят бу Бухородир — 20%. Республика бўйича ўртача кўрсаткич эса атиги 11% ташкил қилган.

Шу ўринда, кўпчиликка маълум бўлган Қоракўл туманидаги математика бўйича машҳур мактаб (1-ИДУMИ) ҳақида алоҳида тўхталиб ўтишни лозим топдим. Мактаб ташқаридан оддийгина кўринса-да, мактаб ўқувчилари эришган муваффақиятлари орқали алоҳида таҳсинга лойиқ.

Мактаб директори ва ўқитувчилари билан суҳбат давомида ушбу таълим маскани эришган муваффақиятларнинг бир қатор сабаблари аниқланди:

1) Ўз касбига фидойи бўлган устозлар.

1-ИДУMИ асосчисининг шогирди ҳозир директор лавозимида ишласа-да, ўз устози ҳақида алоҳида эҳтиром билан сўзлаб берди. Умуман бу даргоҳда ўқитувчига бўлган ҳурмат бошқа таълим муассасаларига қараганда ўзгача. Бухоро вилоятининг бошқа туманларидаги мактабларда ҳам устозларга бўлган эътибор сезиларли равишда юқори экани диққатимизни тортди. Оддий мисол: кўрган мактабларимизнинг деярли барчасида фаолият юритган устозлар ҳақида мактаб йўлакларида алоҳида стендлар жойлаштирилган ва улар ёш авлодга ўрнак қилиб кўрсатилмоқда. Натижада, кўпчилик яхши ўқувчилар университетни битириб, ўзлари ўқитувчи бўлиб, айнан ўзлари битириб кетган мактабларига қайтмоқдалар. Бу эса ўз навбатида мактаблардаги сифатни бошқаларга нисбатан яхшироқ ушлашга имконият яратмоқда.

2) Танлов имтиҳонларининг ҳалол ўтказилиши натижасида энг кучли ўқувчиларни танланиши.

Билимли ўқувчиларнинг танлаб олиниши натижасида бу ерда ўзига хос муҳит шаклланган. Яъни бу даргоҳда кучли ўқувчилар йиғилгани сабабли, уларни ўқишга мажбур қилишга ҳожат йўқ. Улар орасидаги ўзаро рақобат туфайли таълим сифати натижалари янада яхшиланиб бораверади.

3) Маҳаллий ҳокимият ёки ота-оналар ушбу мактабнинг қабул имтиҳонига аралашмасдан, балки ҳалол ўтказилишига ёрдам беришидир;

4) Ўқувчилар орасида қатъий тартиб интизом ва ўқитувчиларнинг ўз ишига масъулият билан ёндашиши.

Мисол учун, ўқувчилар мактаб ҳудудида оддий мобил телефонлардан фойдаланиши қатъиян тақиқланган. Бу қоида нафақат ўқувчилар, балки, ўқитувчилар учун ҳам дарс вақтида қатъий чекланган. Директор ҳатто баъзида атайлаб бошқа телефон рақамдан ўқитувчига телефон қилиб, дарс вақтида ўқитувчи телефондан фойдаланяптими йўқми текшириб кўраркан.

5) Директор томонидан аноним таклифлар учун қути ўрнатилган. Бундан ташқари раҳбар ўқитувчилар ва ўқувчиларнинг таклифларини тизимли равишда эшитиб борар экан. Бу эса мактаб фаолиятини доимий такомиллаштириб бориш учун имконият яратади.

Ушбу мактаб салоҳиятини янада кучайтириш мақсадида Ўзбекистон Президентидан унинг негизида Халқаро математика мактаби тузиш бўйича ташаббус бўлди.

Бухоронинг таълимга бўлган эътиборининг кучли эканини инобатга олиб, Президент томонидан Бирлашган Араб Амирликларидаги халқаро мактаблар тажрибасини ўрганиш ва яна бир шундай мактабни Бухорода ташкил этиш бўйича ҳам топшириқ бўлди.

ДTМга боғлиқ ушбу мавзуни «Маърифат» газетамиз биринчи бўлиб кўтариб чиққани учун эътибор қаратгандим. Рақамларни олиб таҳлил қилинса, вилоятлар орасидаги анча катта фарқни кўрса бўларкан. Иккинчи томондан, газеталар мажбурий обунадан рақобат муҳитига ўтгандан кейин ўз устида ишлаб, газета муштарийларини жалб этиш учун бу каби таҳлилий мақолалар устида ишлашга ўтганини ҳам яхши кўрсатгич деб баҳоласа бўлади».

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech