27 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,9 °C

Ижтимоий ҳаёт
7 Мая  2020 447

Сирдарёликлар муаммолари Президент Администрацияси назоратида

Сирдарё вилояти Сардоба сув омборида содир бўлган фавқулодда вазият сабабли давлатимиз раҳбарининг шахсий топшириғига асосан, Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчиси Турсинхон Худойбергенов бошчилигида Президент Администрацияси масъул ходимлари ҳамда республикамизнинг барча ҳудудларидан Халқ қабулхоналари вакиллари талофат кўрган қишлоқларга зудлик билан етиб борди.   

Оқолтин, Сардоба ва Мирзаобод туманларида сув тошқинидан зарар кўрган 24 та маҳаллада вазиятни ўрганиш ва аниқланган муаммоларни бартараф этиш мақсадида Сардоба шаҳарчасида Президент Администрацияси вакиллари раҳбарлигида тезкор Штаб ташкил этилди.

Ушбу Штаб қошида йўналишлар бўйича 12 та ишчи гуруҳлари тузилиб, унинг таркибига Президент Халқ қабулхоналари, Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар ва Мудофаа вазирликлари, Миллий гвардия, Давлат хизматлари марказлари, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими, Ермулккадастр ходимлари киритилди.

Тезкор Штаб томонидан Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларида фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича зурур чора-тадбирлар белгиланди ва унининг ижросини таъминлаш ишлари жадаллик билан бошлаб юборилди.

  Жумладан, Халқ қабулхоналари ходимлари офатдан зарар кўрган ҳар бир хонадонга бориб, оилаларнинг турар-жойлари ва молк-мулкларига етказилган зарарлар аниқмоқда. Уйма-уй юриш орқали ҳар бир оиланинг турар-жойлари, қўшимча бинолари (ошхона, омборхона, молхона, ҳаммом, тандирхона, гараж ва бошқалар), маиший буюмлари, транспорт воситалари, қорамоллари, отлари, қўй-эчкилари, паррандалари, боғлари, исиқхоналарига етказилган зарарлар ҳамда йўқолган ҳужжатлари аниқлаяпти.

Президент Администрацияси ходимлари офатдан зарар кўрганларнинг ҳар қандай муаммосини ҳал этиш, жабрланган фуқароларнинг мурожаатларини тезкорлик билан кўриб чиқилиши ҳамда уларда кўтарилган масалаларнинг жойида ҳал этилишини таъминлаяпти.

Хусусан, жорий йил 7 май ҳолатига ишчи гуруҳлари томонидан Сардоба туманининг «Қўрғонтепа», Оқолтин туманининг «Аҳиллик» ва «Саҳоват» маҳаллалардаги 1 300 дан ортиқ хонадонлар ҳолати ўрганилиб, дастлабки кунлардаёқ 1 000 га яқин оила кундалик рўзғор учун зарур бўлган идиш-товоқлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, дори-дармон, гигиеник воситалар ҳамда иссиқ кийим-кечаклар билан таъминланди. 

 Шу билан бир қаторда ҳудудларда тозалаш, таъмирлаш ва қурилиш ишлари ҳам жадаллик билан олиб борилмоқда. Хусусан, бугунги кунда жойларда чиқиндиларни олиб чиқиш, йўлларни таъмирлаш, аҳолини сув, электроэнергия ва газ билан таъминлаш ишлари йўлга қўйиляпти. Бу ишларга жами 20 мингдан зиёд ишчилар ҳамда 3,5 мингга яқин махсус техника жалб этилган. Ишлар давом этяпти.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech