19 Апрель 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,2 °C

Спорт
16 Мар  2019 1713

Бугун юртимизда юриш марафони ўтказилди

Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 16 март куни Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан мамлакатимиз бўйлаб Республика юриш марафони ташкил этилди.

Жумладан, эрта тонгдан Тошкент шаҳридаги муҳташам ва кўркам Миллий стадионида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов бошчилигида вазирлик марказий аппарати ходимлари, тизимдаги муассасалар раҳбарлари, тиббиёт олий ўқув юртлари ректорлари иштирокида юриш марафони ўтказилди, деб хабар бермоқда вазирлик матбуот хизмати.

 Юртимизнинг таниқли санъаткорлари, маданият намоёндалари ўзларининг чиқишлари билан тадбирга файз киритган бўлса, тиббиёт ходимлари томонидан соғлом турмуш тарзининг аҳамияти, жумладан, юришнинг соғлик учун фойдали жиҳатлари ҳақида суҳбатлар ўтказилди.

 Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, инсон саломатлиги 55 фоиз ҳолатда соғлом турмуш тарзига, 20 фоизи яшаётган экологик муҳитига, 15 фоизи ирсий омилларга, бор йўғи 10 фоизи тиббиётга боғлиқ экан. Демак, соғлом турмуш тарзига мунтазам равишда амал қилиш турли хасталиклардан ҳоли, чиройли ва бахтли яшаш омилидир. Энг муҳими, миллат генофондига ижобий таъсир кўрсатади.

— Ҳозирги урбанизация даврида камҳаракатлилик бутун дунёнинг ўткир муаммосига айланмоқда. Ҳолсизлик, уйқучанлик, уйқунинг бузилиши, диққат-эътиборни жамлашнинг секинлашиши, хотиранинг пасайиши, сабабсиз чарчаш ҳисси, семизлик — бу каби белгилар ҳар бир кишида учрайди, лекин камдан-кам одамлар бу ҳолатларни камҳаракатлилик билан боғлайди, — дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги қошидаги Аҳолининг соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш ва жисмоний фаоллигини ошириш маркази директори Барно Одилова. — Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, йилига чекишдан 5 миллиондан зиёд, камҳаракатлиликдан эса қарийб 5,3 миллион одам ҳаётдан кўз юмади. Ушбу глобаллашиб бораётган муаммони ҳал қилишга ҳар биримиз масъулмиз. Ўз ўрнида Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни фаол ҳаракатга чақириб, юриш марафонини ташкил қилди. Асосийси, бу каби тадбирлар бир марталик эмас, балки доимий тарзда ўтказилади.

 Мутахассисларнинг маълум қилишича, ҳафтада атиги 2,5 соатлик жисмоний фаоллик эрта ўлим ҳолатларини 28 фоизга, юрак касалликларини эҳтимолини эса 20 фоизга камайтирар экан. Яъни, ҳафтада камида 150 дақиқа жисмоний фаол бўлган инсонлар камроқ ҳаракатланадиганларга қараганда соғломроқ экан. Бундан ташқари, жисмоний фаоллик натижасида организмда биосинтез жараёни фаоллашади, қон айланиш жараёни 4-5 марта кучаяди, юрак қисқаришлари сони тезлашади, бу эса организмда янги энергия ҳосил бўлишига ва энергия билан таъминланиш яхшиланишига олиб келади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech