27 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,7 °C

Ҳукумат
16 Июл  2020 2519
Ўзбекистон Республикаси Президентининг матбуот хизмати

Етакчи саноат тармоқларидаги лойиҳалар тақдимоти ўтказилди

Президент Шавкат Мирзиёев 16 июль куни видеоалоқа орқали нефть-газ кимёси, электр техникаси ва фармацевтика саноатидаги янги лойиҳалар тақдимоти ҳамда ушбу тармоқларни ривожлантириш ишлари бўйича ҳисоботлар билан танишди. 

Бутун дунёни қамраб олган пандемия жаҳон иқтисодиётига жиддий салбий кўрсатаётган бугунги шароитда мамлакатимизда саноатни барқарор ривожлантириш ишлари изчил давом эттирилмоқда. Давлатимиз хомашё ресурсларини чуқур қайта ишлаб, уларни монетизация қилиш йўлидан бормоқда. Яъни, импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариб, иқтисодий самарадорликни ошириш чоралари кўрилмоқда.

Тақдимотда нефть ва газ кимёси тармоғидаги ана шундай янги лойиҳалар бўйича маълумот берилди.

Ўтган йили 28 декабрда “Навоийазот” акциядорлик жамиятида Поливинилхлорид, каустик сода ва метанол ишлаб чиқариш мажмуаси ишга туширилган эди. Бугунги кунда унинг 2-босқичи лойиҳалаштирилмоқда. Ушбу лойиҳа қиймати 440 миллион доллар атрофида бўлиши мўлжалланяпти. 650 киши иш билан таъминланиши, йилига 132 миллион долларлик маҳсулот тайёрланиши режалаштирилган. Шунингдек, замонавий технологиялар ўрнатилгани натижасида катта ҳажмдаги табиий газ тежалади.

25 миллион долларлик навбатдаги лойиҳа водород пероксиди ишлаб чиқаришга мўлжалланган. Тозалаш-дезинфекциялаш хусусиятига эга бу модда фармацевтика, тиббиёт, тўқимачилик ва маиший ҳаётда кенг қўлланилади. Лойиҳа натижасида 50 та иш ўрни яратилиб, йилига қарийб 20 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилади. Ушбу корхонани 2021 йил сентябрда Навоий вилоятида ишга тушириш режалаштирилган.

“Навоийазот” АЖда қиймати 18 миллион доллардан зиёд бўлган яна бир лойиҳа – карбамид формальдегид концентрати ишлаб чиқариш йўлга қўйилмоқда. Жорий йил март ойида мазкур корхона қурилиши бошланган, уни келгуси йил мартда фойдаланишга топшириш мўлжалланган. Бу ерда йилига 9 миллион долларлик импорт ўрнини босувчи товарлар ишлаб чиқарилиб, 1 миллион долларлик экспорт қилинади, 50 та иш жойи очилади.

Қиймати 12 миллион доллар бўлган карбоксиметилцеллюлоза асосида реагентлар ишлаб чиқариш лойиҳаси қурилиш, бурғулаш, озиқ-овқат саноати ва тиббиёт учун муҳим аҳамиятга эга. Шу йил март ойида Юқори Чирчиқ туманида унинг биринчи босқичи ишга туширилган. 2023 йилгача барча тўрт босқич амалга оширилгач, импорт ўрнини босувчи 9 миллион долларлик, экспортга йўналтириладиган 13 миллион долларлик маҳсулот тайёрланади. 100 та иш ўрни ташкил этилади.

Кўпикли полипропилен ишлаб чиқариш лойиҳасининг қиймати 5 миллион доллар бўлиб, унинг натижасида 40 та иш ўрни яратилади, 8 турдаги янги маҳсулот ўзлаштирилади. Бу маҳсулотлар иссиқлик сақловчи қутилар, хавфсизлик шлемлари, автомобиль ўриндиқлари, ўйинчоқлар ва бошқа буюмлар тайёрлашда қўл келади. Ушбу корхонани 2021 йил августда Тошкент шаҳрининг Яшнобод туманида ишга тушириш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбари мазкур лойиҳалар тақдимоти билан танишиб, уларни жадаллаштириш ва сифатли амалга ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Тизимдаги ишларни давом эттириб, қурилиш, автомобилсозлик, фармацевтика соҳаларида талаб юқори синтетик толалар, полиэфир смола, полимерлар, ароматик углеводородлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш юзасидан топшириқлар берилди.

Йиғилишда “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамиятининг биринчи ярим йилликдаги фаолияти якунлари ҳам муҳокама қилинди.

Карантин даврида ҳам тизимдаги барча корхоналарда узлуксиз ишлашга шарт-шароит яратилди. Натижада олти ойлик режалар бажарилиб, қўшимча 1 миллиард куб метр табиий газ, қарийб 22 минг тонна конденсат ва 1,2 минг тонна нефть қазиб чиқаришга эришилган. 11 та лойиҳа бўйича жами 846,5 миллион доллар инвестициялар ўзлаштирилган.

Президентимиз ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар сифатини ошириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириб, импортни қисқартириш, соҳага рақамли технологияларни фаол татбиқ этиш бўйича кўрсатмалар берди.

 Геология-қидирув ишларини кенгайтириш, углеводородларни қазиб олиш ҳажмини кўпайтириш бўйича истиқболли лойиҳаларга хорижий инвесторларни жалб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Йиғилишда фармацевтика ва электр техникаси саноатининг ривожланиш ҳолати, юқори қўшилган қийматга эга сифатли маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, ушбу тармоқлар экспорт салоҳиятини кенгайтиришга қаратилган инвестиция лойиҳаларининг бориши ҳам кўриб чиқилди.

Мамлакатимизда электр техникаси саноатида 429 корхона мавжуд бўлиб, уларда 70 дан ортиқ турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқарилмоқда. Ўтган йил якунларига кўра, тармоқда 897,5 миллион долларлик маҳсулот ишлаб чиқарилган, 250,3 миллион долларлик экспорт қилинган.

Фармацевтика саноатида 202 та корхона фаолият юритмоқда. 2019 йил якунида бу тармоқда ишлаб чиқариш ҳажми 170 миллион долларни, экспорт 22,1 миллион долларни ташкил этган.

Ушбу икки тармоқда 52 мингдан ортиқ киши иш билан таъминланган.

Фармацевтика корхоналарининг аксарияти оддий формулали дори-дармонларни ишлаб чиқариш билан чекланмоқда. Шу боис импорт қилинадиган маҳсулотлар улуши 79 фоизни ташкил этади. Бу ҳали фойдаланилмаётган улкан салоҳият мавжудлигидан далолат беради. Айни пайтда фармацевтика саноатида умумий қиймати 630 миллион доллар бўлган 93 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилмоқда, шундан 355 миллион доллари хорижий инвестициялардир. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш 5,5 минг иш ўрни яратилишини таъминлайди.

Йиғилишда тегишли тармоқ, вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари эшитилди. Давлатимиз раҳбари фармацевтика ва электр техникаси саноатини ривожлантириш, уларнинг иқтисодиётдаги улушини ошириш, шунингдек, коронавирус пандемияси шароитида барқарор ишлашини таъминлаш бўйича аниқ вазифаларни қўйди.

Илмий ривожланишга хорижий инвестицияларни кенг жалб қилиш, янги ишлаб чиқаришларни ташкил этишни рағбатлантириш, шу жумладан қўшимча эркин иқтисодий зоналар ва илғор ривожланиш ҳудудларини яратиш, ушбу соҳалардаги корхоналар ўртасида кооперацияни чуқурлаштириш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва унинг рақобатдошлигини ошириш, маҳаллий маҳсулотларнинг ташқи бозорга экспортини кўпайтириш, шунингдек, электротехника ва фармацевтика соҳасидаги кадрлар салоҳиятини кучайтириш бўйича топшириқлар берилди.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech