19 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +26,6 °C

Спорт
18 Фев  2019 914

Суперлига ўйинлари 8 мартдан бошланадиган бўлди

Футбол бўйича Ўзбекистон чемпионати ўйинлари 8 март кунидан бошлаб старт оладиган бўлди, деб хабар бермоқда Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати.

 

Режага кўра, Суперлиганинг 2019 йилги мавсуми 1 март куни старт олиши лозим эди, аммо футбол клублари лицензиялаш талабларини якунлаб улгурмаган. “Суперлигада клублар сони 10 та қолдирилиши мумкинлиги борасида аввал ҳам хабар берилган бўлса-да, бу ҳолатдан айрим жамоалар тўғри хулоса чиқармаган“, дейди ПФЛ матбуот хизмати.

ПФЛ комиссияси 19 февралдан бошлаб футбол клубларини якуний текширувдан ўтказади ҳамда ҳафта якунида Суперлигада тўп сурадиган клублар номига ойдинлик киритиб олади. 25 февраль куни эса Суперлиганинг янги мавсуми учун қуръа ташлаш маросими бўлиб ўтади. 8 март санасидан эса чемпионат старт олади.

Март ойидаги ФИФА кунлари, шунингдек, Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг Токио-2020 йўлидаги саралаш учрашувлари сабаб иккинчи тур учрашувлари 21 кун муддатлик танаффусдан сўнг ўтказилади. Клублар 29 мартдан бошлаб 2-тур учрашувларида майдонга тушишади. Бунга қадар сара футболчилар аргентиналик ҳамда сербиялик терма мураббийлари ихтиёрида бўлади.

“ПФЛ 2019 йилги мавсумда формат қандай бўлишини 12 та клубга мослаб тузиб чиққанди. Аммо юқорида кўрсатилган муддатларга қадар клублар ишларини якунлаб улгуришмаса, улар автоматик равишда битта қуйи лигага туширилади. Жамоанинг халқаро майдонда иштирок этиши ёки совринли ўринлар учун курашиш қудратига эга эканига эмас, лицензиялаш талабларининг бажарилишига биринчи галда эътибор қаратилади“ дейилади ПФЛ баёнотида.

Маълум бўлишича, 1 майга қадар барча футбол клублари учун 2020 йилги мавсум талаблари акс этган регламент расман тақдим этилади. Клублар йил давомида шунинг устида ишлаши керак бўлади. 31 октябрь куни эса ПФЛ лицензиялаш жараёнини якунлайди. Мазкур муддатдан бир кун кеч қолган жамоаларнинг аризаси қабул қилинмайди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech