13 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +33 °C

Агросектор
13 Июл  2020 639

Сув кодекси ишлаб чиқилади

2020 йил 10 июлда Ўзбекистон Республикаси Президентининг ПФ–6024-сонли Фармони «Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» қабул қилинди.

Фармон билан Ўзбекистон Республикаси сув хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган концепцияси тасдиқланди.

Сув омборлари, сел-сув омборлари ва бошқа сув хўжалиги объектларининг хавфсизлигини ҳамда ишончли ишлашини таъминлаш Концепциянинг устувор йўналишларидан бири этиб белгиланди.

Фармонга кўра, 2030 йилга қадар қуйидаги кўрсаткичларга эришиш назарда тутилган:

- суғориш тизимларининг фойдали иш коэффициентини 0,63 дан 0,73 гача ошириш;

- сув таъминоти паст даражада бўлган суғориладиган ер майдонларини 560 минг гектардан 190 минг гектаргача камайтириш;

- шўрланган суғориладиган ер майдонларини 226 минг гектарга камайтириш;

- Сув хўжалиги вазирлиги тизимидаги насос станцияларининг йиллик электр энергияси истеъмолини 25 фоизга камайтириш;

- барча ирригация тизими объектларига «Smart Water» («Ақлли сув») сув ўлчаш ва назорат қилиш қурилмалари ўрнатилиб, сув ҳисобини юритишда рақамли технологияларни жорий этиш;

- 100 та йирик сув хўжалиги объектларида сувни бошқариш жараёнларини автоматлаштириш;

- қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сувни тежайдиган технологиялар билан қамраб олинган ерларнинг умумий майдонини 2 миллион гектаргача, шу жумладан, томчилаб суғориш технологиясини 600 минг гектаргача етказиш;

- сув хўжалигида давлат-хусусий шериклик тамойиллари асосида 50 та лойиҳани амалга ошириш.

Фармонда назарда тутилган вазифаларнинг тўлиқ ва ўз муддатида бажарилишини таъминлаш мақсадида Сув хўжалиги тизимида масъул бошқарма ташкил этилади.

Кластерларга ўз балансидаги қишлоқ хўжалиги экин ерларида жойлашган сув хўжалиги объектларини бошқариш йўналишидаги Сув хўжалиги вазирлигининг функцияларини давлат-хусусий шериклик шартлари асосида ўтказиш тўғридан-тўғри музокаралар орқали амалга оширилади.

Шунингдек, Фармон билан концепцияда белгиланган вазифаларни 2020-2022 йилларда амалга ошириш бўйича «Йўл харита»си тасдиқланди.

Унга мувофиқ, сув ресурсларини бошқариш, сувдан самарали фойдаланиш ва сувни истеъмол қилиш бўйича самарали механизмларни жорий этиш мақсадида Сув кодекси ишлаб чиқилади, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech