18 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +37,1 °C

Туризм
1 Мая  2019 1357

Бу кўҳна ва синоатга тўла дунёнинг очилмаган сирлари

Оҳангарон туманидаги энг сўлим гўшаларидан бири Ургоз қишлоғи яқинидаги зумрад майсалар қопланган тепаликлар бағрида анъанавий тус олаётган IV «Илоқ» этнографик фестивали бўлиб ўтди.

Ёрқин рангларга бой ушбу тадбир Тошкент вилояти ва Оҳангарон тумани ҳокимлиги, «Олтин мерос» халқаро хайрия жамоат фонди республика ва маҳаллий бошқаруви, Туризмни ривожлантириш департаменти, Маданият, Халқ таълими бошқармалари, «Маҳалла» хайрия жамғармаси бўлими, Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди бўлими, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи кенгаши, «Salar tour» сайёҳлик компанияси томонидан қатор ташкилотлар билан ҳамкорликда ташкил этилган. Тадбир табиатнинг ўзи яратган декорация фонида ажойиб театр томошасига айланди.

Фестиваль очилишида «Олтин мерос» халқаро хайрия жамоат фонди бошқаруви раиси Амирқул Каримов, таниқли шоир Барот Исмоиллар мамлакатимизнинг қадимий тарихи ва бугунги мустақил Ўзбекистонга бағишланган таъсирли шеърлардан ўқиб бердилар. Улар халқнинг маданий-этнографик мероси жуда-жуда қадимга бориб тақалишини қайд этишди. Буюк ипак йўли чорраҳасида жойлашган бу маконда маданият ва урф-одатларнинг ўзаро қоришиб кетиши либослар, қўшиқлар, шу масканда умргузаронлик қилувчи турли элатлар ижросидаги мусиқий асарларда ҳам ўз изини қолдирган. Ана шу турли-туманликни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш лозим.

Анъанага айланган фестиваль ўтказиладиган жой ҳам тасодифан танланган эмас. Оҳангарон дарёси водийсида бир пайтлар қудратли Илоқ давлати ташкил топган. У Тошкент воҳасининг каттагина қисми, унинг шарқий ҳудудларини қамраб олганди ва шу билан бирга қазилма бойликлари кўп марказ ҳам эди. Кўхисим кумуш кони бутун Шарқ оламида машҳур бўлган. Буюк ипак йўлида жуда қадрланган тилла ва кумуш зеб-зийнатлар айнан, шу ерда ясалган. Бундан минг йиллар муқаддам бу ерларга одамлар кўчиб кела бошлаган. Археолог мутахассислар қазишмалар чоғида ушбу ўлка аҳолисининг юқори даражадаги тараққиётга эга бўлганидан далолат берувчи турли буюмлар, бино ва иншоотлар қолдиқларига дуч келишади. Кўпсонли аҳоли яшаган, Шарқнинг ўрта асрлардаги жавоҳири ҳисобланган ва ҳанузгача ўз бағрида кўплаб сир-синоатларни яшириб ётган ва уларни биринчилардан бўлиб очувчиларни кутаётган Тункет шаҳри Илоқнинг пойтахти бўлган. Қудратли давлат бўлган Илоқ эрта ўрта асрларда шаклланишни бошлаб, Х аср ўрталарида кучли ва бой мамлакатга айланган. Бу ерга кўплаб савдогарлар келишган, дунёнинг турли бурчакларидан сон-саноғи йўқ савдо карвонлари қатнаган.

Илоқнинг гуллаб-яшнаган даврларида у ёки бу маънода металл қазиб олиш ва унга ишлов бериш, турли-туман буюмлар ишлаб чиқаришга алоқадор 20 га яқин шаҳарлар қад ростлаган. Улар ҳақида халқ оғзида кўплаб афсоналар юради. Бу ернинг тарихини қадам-бақадам тиклаш учун мунтазам равишда илмий изланишлар олиб борилмоқда.

- Бир неча ойлар давомида тайёргарлик кўрилган фестивални ўтказишдан мақсад – пойтахт ҳудудининг бой маданий меросини намойиш қилишдир, - дейди «Олтин мерос» халқаро хайрия жамоат фонди Тошкент вилояти бошқармаси бошлиғи Зарифа Эшмирзаева. – Улар орасида тарихчилар, археологлар, ёзувчилар, журналистлар, ҳунармандлар бўлган, шунингдек, Ўзбекистон ва хорижлик сайёҳлар, кўплаб томошабинлару меҳмонлар учун ранг-баранг ва қизиқарли концерт дастурлари тайёрланди. Вилоятимиздан ташқарида ҳам машҳур бўлган «Шаҳноз», «Маком», «Паркент чашмаси»", «Тўрғай», «Қурама» фольклор жамоаларининг, ўз маҳоратларини намойиш этган дорбозлар, масхарабозлар, қўғирчоқбозлару ҳунармандлар чиқишлари ўзаро қоришиб кетди. Биз, авлодларнинг меросни қандай қабул қилиб олиши ва бу заминнинг истеъдодларга қанчалик бой эканини яна бир карра кўрсатишни истадик. Негаки, халқ оғзаки ижоди асрдан асрга, отадан ўғилга, онадан қизга ўтади. Халқ қўшиқлари ва куйларини ижро этувчи жамоалар ҳамиша оммабоп бўлади. Бундай фестивалларни ўтказишдан яна бир мақсад – ўтмишга, тарихга қизиқиш билдирган ватанимиз ва хорижлик сайёҳларни жалб этиш, вилоятимизнинг фойдаланилиши керак бўлган сайёҳлик салоҳиятини намойиш этиш ҳамдир. Ҳудуднинг географик жойлашувидан фойдаланиб, амалда туризмнинг барча турларини  ривожлантириш мумкин. Бунга тўғри ёндашув натижасида бизнеснинг бу йўналишидан яхшигина даромад келади, янги иш ўринлари яратилади.

– Бу каби кенг кўламли фестивалда иштирок этиш биз учун ижодий ривожланишдаги яна бир поғона бўлди, - дейди Олмалиқнинг «Навбаҳор» халқ ансамбли раҳбари Турсуной Исмияминова. – Жамоамиз 20 йилдан кўпроқ вақт давомида фаолият олиб боради, бу вақт ичида катта йўлни босиб ўтган, ўз ютуқлари ва натижалари бор. Миллий ижодимизни оммалаштиришга интиляпмиз.

– Қувонарлиси, «Илоқ» этнографик фестивалига биз ҳунармандлар ҳам таклиф этилдик, – дейди ўзининг ёрқин ва ғаройиб гиламлари билан танилган, Оҳангарон тумани «Қизил ой» маҳаллар фуқаролар йиғинида истиқомат қилувчи Улмоной Умарова. – Халқ ҳунармандчилиги усталари ўзининг энг яхши, сара маҳсулотларини олиб келишган. Заргарлик буюмлари, мусиқа асбоблари, кийим-кечак, қутилар, ёғочдан ясалган лаганларга бир қаранг, уларнинг бари анъанавий ранглар ва технологиялар ёрдамида ясалган.

– Бир неча йиллардан бери сурат чизиш билан шуғулланаман, – дейди Пскент тумани 2-умумтаълим мактаби 11-синф ўқувчиси Дилноза Мамасиддиқова. – Фестивалда акварелда чизилган ўз ишларим билан қатнашяпман. Бошқа шаҳарлар ва туманлардан ташриф буюрган ёш рассомлар билан ҳам танишдим. Таниқли рассомлар бизга маҳорат-сабоқлари ўтишди, ранглардан қандай фойдаланиш, табиий манбадан қандай чизиш ва бошқа кўп нарсалар тўғрисида қимматли маслаҳатлар беришди.

– Ёрқин ва ранг-баранг этнографик фестиваль биз учун улкан ҳодиса бўлди, – дея ўз таассуротлари билан ўртоқлашади ўртачирчиқлик 83 ёшли фермер Тешабой Мирзакаримов. – Ўтмишни унутмаслик керак, халқ ҳунармандчилиги, оғзаки ижоди йўналишини ривожлантириш лозим. Ушбу тадбирнинг Оҳангарон дарёси водийсида мунтазам ўтказилишига ишониб қоламиз. Бу ерларда у ёки бу ўтмиш ҳодисалари билан боғлиқ қишлоқлар, афсоналар, ўз тадқиқотчиларини кутаётган очилмаган сирлар жуда кўп.

Бу ернинг ҳар бир тоши кўҳна тарих шоҳиди бўлган. Кексаларнинг айтишича, йилига бир марта тоғлардан биридаги булоққа яқин жойда сув ичгани кетаётган қора тусли бурама шохли така пайдо бўларкан. Шунингдек, халқ оғзида йўлбарс ва бошқа ноёб ҳайвонлар билан боғлиқ афсоналар ҳам юради.

Қарийб икки соат давом этган концерт бир лаҳзада якунига етгандек бўлди. Фестиваль якунида ўзларини кўрсатган фольклор-этнографик жамоаларига, кўп йиллар давомида тарих, санъат ва маданиятни қўллаб-қувватлаб, оммалаштираётганларга қимматбаҳо совғалар топширилди.

Сергей Мутин.

Рашид Галиев сурати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech