21 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,6 °C

Фикр
12 Фев  2019 3645

Меҳрибонлик уйидан кейинги ҳаёт ёхуд мустақил яшаш қандай кечади?

Меҳрибонлик уйини тарк этаётган Ангелина Г. (исмлар ўзгартирилган) бу ерга қайтиб келмасликка онт ичди. Ўшанда ўзи ҳам ҳаётидаги бу саҳифа батамом ёпилди, деб ўйлаганди. Аммо шундай бўлдики, энди унинг ўғли бу ерда тарбияланмоқда. Афсуски, бу ҳали энг ёмон ҳолатлар эмас. Келинг, меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларнинг мустақил ҳаётга йўл олганидан кейинги тақдири қандай кечишига бир назар солайлик.

Болаларнинг бу тоифаси ҳақида эшитибоқ, кўпчилигимизда ачиниш ҳисси пайдо бўлишига ўрганиб қолганмиз. Уларга кийим-кечак, ўйинчоқлар ва бошқа нарсалар билан ёрдам қўлини чўзадиган кўнгиллилар ҳам бор, албатта. Бироқ адолат юзасидан бу болаларнинг тўлиқ давлат таъминотида эканини айтиб ўтиш жоиз. Бу четдан олинган гап эмас – улар кўпгина ота-оналар ўз фарзандига яратиб бера олмайдиган жуда яхши шароитлар билан таъминланган.

Болалар турли тўгаракларга қатнашадилар, музей ва театрларга боришади. Бундан 20 йил муқаддам тарбияланувчиларга бундай муассасаларда анча қийин бўлган, аммо бугунги шароит бутунлай ўзгача, олдинги тарбияланувчилар буни орзу ҳам қилолмаган.

Тўғри, болага ота-она берадиган меҳр-эътибор ўрнини ҳеч нима боса олмайди. Бу ердагиларнинг истаги ҳам ўхшаш: мудом ота-она, уларни кутишадиган уйлари ҳақида ўйлашади. Тарбиячилар қанча ҳаракат қилмасин, афсуски, барибир болаларга керакли меҳр-эътиборни бера олмайди. Аммо тарбиячилар меҳрибонлик уйини тарк этаётганларнинг эртага мустақил ҳаётда қийналиб қолмаслиги учун қўлидан келган барча ишни қиладилар.

Болалар 9-синфни тугатгандан сўнг ҳар ой нафақа олиб турадилар. Уларнинг катта қисми омадга эришади, дея тахмин қилиш ҳам мумкин эди. Аммо ҳаққоний ҳаётда ҳаммаси бошқача. Мана, атиги бир нечтагина тарих. Кўпгина ҳолларда сценарий йилдан-йилга такрорланаётганини кўриш ҳам мумкин.

Алина Ж. дастлаб, болалар уйида, уч ёшидан меҳрибонлик уйида тарбияланди. Ақлли ва зеҳни ўткир қизалоққа катта умид билдириш мумкин эди. Жуда узоққа борадигандай туюларди. Тўққизинчи чинфни тугатганидан сўнг барча тарбияланувчилар каби коллежга ўқишга кирди. У ерда бир йигитни учратиб, севиб қолди. Кейин, ўқишини ҳам тугатмасдан, фарзандли бўлди. Йигит эса масъулиятга ҳали тайёр эмас экан. Аммо барибир уни оиласига олиб кетишди. Бўлмасам-чи, у ҳар ой оладиган пенсиясини уларникига келтириб берарди. Улар эса пулни ўз билганича ишлатарди. Коллежни тугатгач, қиз давлатдан бир неча миллионлик «кўтарма» пул ҳам олди. Бир сўз билан айтганда, бундай келин фойдали эди. Йигит ҳам никоҳни расмийлаштиришга сира шошилмасди. Талаблари эса бир олам, қайсидир гапи ёки иши ёқмаса, қўл кўтаради. Қизалоқ тузоққа тушганди. Кетида на ота-онаси, на яқинлари ва на бирор кимсаси йўқ, бирор касби ҳам бўлмаган бояқиш нима ҳам қилсин? Бундан қутулишнинг йўллари ҳам оз – ҳаммасига чидаши ёки қочиб кетиши керак эди. Аммо қўлида ёшгина гўдаги билан қаёққа ҳам бора оларди?

Иккинчи ҳодиса қаҳрамони Ирина Л. ҳам коллежда ўқиётганида фарзандли бўлган. Боланинг отаси эса тўсатдан ғойиб бўлади. Давлатдан пул олиб турганида боласи ўзи билан яшади. Ҳозир фарзанди меҳрибонлик уйида тарбияланмоқда.

Катерина Г.нинг тарихи сал бошқачарок. Коллежни тугатгач, университетга ўқишга кирди, аммо ўқишни хоҳламади ва ташлаб кетди. Сал кейин бир эркакни учратди, фарзандли бўлди, аммо турмуши ўхшамади. Бугун икки фарзанднинг онаси. На касби бор ва на иши, аммо фарзандини болалар боғчасига бепул расмийлаштиришни талаб қилмоқда. Анча вақт унга саховатли кишилар ёрдам қўлини чўзишди. Шунча қўллаб-қувватлангани, шунча нотаниш кишиларнинг унга ачиниш ҳисси билан қарагани 30 ёшга кирган бўлса-да, ҳалиям атрофдагилар унга ниманидир қилиб бериши керак, деб ўйлашига олиб келгандир, эҳтимол. Сабаби жуда оддий – унинг ғирт етимлиги.

Бундай воқеалар жуда кўп. Афсуски, кўпгина битирувчилар атрофдагиларнинг меҳр-этибори, ҳамдардлик билан муносабатда бўлишига ўрганиб қолган. Кейинчалик бу позиция улар учун анчайин қулай бўлиб қолади. Боз устига, маълум омадларга эришиш учун катта куч сарфлашга тўғри келмайди. Ўқиб, касб эгаллаб, иш қидириб юришадими? «Мен етимман, ёрдам беринг!», деган кодли сўз бор, ахир.

Юқоридаги каби мисоллар билан уларни намойиш этмоқчи ҳам эмасмиз. Меҳрибонлик уйини тарк этган болалар мустақил бўлиш синовларидан ўта олмай, ўз жонларига қасд ҳам қилишмоқда. Баъзи бирлари атрофда ўзига жалб қилувчи нарсаларни кўради ва спиртли ичимлик ича бошлайди ёки гиёҳванд моддаларни қабул қилади.

Улар орасида омадга эришаётганлари ҳам бор, албатта. Нима учун айримлари йиқилса, туриб олға интилишда давом этади-ю, баъзилари тайёрга айёрлик позициясини эгаллайди? Ана шу савол билан Меҳрибонлик уйи битирувчиларига мурожаат қилдик.

Бир неча ўнлаб жавобларни йиққач, шундай хулосага келиш мумкин: ҳамма нарса муҳайё этилган турмуш тарзига ўрганган болаларга мустақил ҳаёт уммонида сузиш жуда қийин. Негаки, меҳрибонлик уйидаги ва ташқаридаги ҳаёт – иккита бошқа-бошқа воқелик. Биттасида сенга имкони борича яхши шароитлар яратиб беришади, иккинчисида эса, бировнинг сен билан сариқ чақалик иши йўқ.

Мундоқ олиб қаралса, бу 16-17 ёшли бола ҳаққоний ҳаёт билан якка ўзи қолади, дегани. Ҳатто, давлатдан квартира олиб, оддий ойлик коммунал хизматлар тўловини амалга ошириш кераклигини, давлат берган «кўтарма» пулларни қандай тўғри сарфлашни ҳам билмайди ва уни бир-икки ҳафта ичида совуриб юборади. Афсуски, бу ёшда уларнинг калласида бутунлай бошқача ўй-фикрлар ҳукмрон бўлади – мазза қилиб ўйнаб-кулиш, чиройли кийиниш, яхши телефон сотиб олиш. Бундай турмуш тарзига жуда тез ўрганишади, аммо тез орада пуллари тугагач, кўпчилиги пулсиз, ишсиз қолиб кетади.

– Меҳрибонлик уйини тарк этар экансан, сени бир вақтнинг ўзида кўтаринкилик ва ғамгинлик ҳисси чулғаб олади, - дея хотирлайди у ерда тарбияланганлардан бири. – Аммо меҳрибонлик уйидан ташқаридаги ҳаётнинг бутунлай бошқача эканини тез тушуниб олар экансан. Бу ерда қийинчиликлар жуда кўп. Атрофдагиларнинг сенга нисбатан бутунлай бефарқлигига биринчи бор дуч келасан. Масалан, кун бўйи туз татимасанг ҳам бирортасининг сен билан иши бўлмайди. Сен эса бу дунё тўғрисида ҳали ҳеч нима билмайсан, аксарият ҳолларда сўрайдиган одамнинг ўзи бўлмайди. Ўта муҳтожлик, атрофдагиларнинг хиёнати, мутлақо ҳеч кимга керак эмаслигингни ҳис этиш, жонингга қасд қилишга уриниш – мен ҳали 18 ёшимда тўқнаш келганларимни бир қисмигина, холос. Агар ёнимда бирор кимса бўлганида, ҳаммаси бошқача бўлган бўлармиди? Аммо амалда ҳеч кимнинг сен билан иши, дарди йўқ.

Бунга ким айбдор ва қандай йўл тутиш керак? Баъзан ҳатто, катта одам ҳам довдираб қоладиган ҳаётий қийинчиликларга ўспиринни дош беролмаганликда айблаш тўғрими? Балки бу борада меҳрибонлик уйи тарбиялувчиларини ҳаётда тез-тез тўқнаш келадиган иложсиз ҳолатдан қутқаришнинг иш берадиган режасини катталарнинг ўзлари билим ва тажрибасига, амалига таяниб ўйлаб кўргани маъқулдир. Нима учун ижтимоий мослашиш дарсларини, яъни маблағларни қандай бошқариш, қарорлар қабул қилиш, зиммасига масъулиятни олиш кабиларни меҳрибонлик уйларида мутахассислардан илгарироқ ўрганиш мумкин эмас?

Оксана Малосабирова.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech