15 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23,2 °C

Ҳарбий
7 Авг  2019 532

АрМИ – 2019: Вакилларимиз “Танк биатлони”да ҳамон биринчи

Бешинчи халқаро армия ўйинларининг диққат марказида турган “Танк биатлони” мусобақаси борган сари қизғин тус олмоқда. Кеча, 6 август куни иккинчи экипаж аъзолари ўз маҳоратларини синовдан ўтказди, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.  

 

Мазкур босқичда ҳам Т-72 Б-3 танкини бошқариш, тўсиқлардан ўтиш, белгиланган нишонларни яксон қилиш ва имкон қадар қисқа муддатда финиш чизиғига етиб келиш вазифаси юклатилди. Бу гал юртимиз шарафини катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аъзолари муносиб ҳимоя қилишди.

Таъкидлаш жоизки, ўзбекистонлик ҳарбий хизматчилар тарихда илк бор “Танк биатлони” мусобақасида иштирок этмоқда. Шунга қарамай йигитларимиз бор куч-ғайрати, шижоати, билим ва тажрибасини сафарбар этиб, жаҳон аренасида ўз сўзини айтишга интилмоқда.

Бугунги баҳсда  вакилларимиз олдинги жамоамизга нисбатан анча яхши натижа кўрсатди. Сарфланган вақт ва йўналиш бўйлаб ҳаракатланиш, тўсиқларни забт этиш борасидаги натижаларимиз таҳсинга лойиқ. Умумий ҳисобда экипаж механик ҳайдовчиси кичик сержант Авазбек Мустафоқулов Т-72 Б-3 танкини 73 км/соат тезлик билан ҳар бир тўсиқдан беталофат олиб ўтиб, томошабинлар эътиборига сазовор бўлди.

Шундай қилиб катта лейтенант Муҳиддин Нуриддинов бошчилигидаги экипаж аввалги экипажга нисбатан 1.30 дақиқа тезироқ фарқ билан финиш чизиғига етиб келди.  Қувонарлиси ушбу беллашувда ҳам юртдошларимиз умумжамоа ҳисобида ҳамон биринчиликни қўлдан бой бергани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, “Танк биатлони” мусобақасининг иккинчи гуруҳида жами 11 та жамоа иштирок этмоқда. Вакилларимиз иштирокидаги кейинги баҳслар 8 август куни бўлиб ўтади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech