10 Декабрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,4 °C

Бўш вақтда
21 Апр  2019 1788

Тўрт босқич ва олти хил одам

Ёшликда кучингиз ўқиш, иш, кўнгилхушлик ва учрашувлар, хуллас, ҳамма-ҳаммасига бемалол етади. Аммо ёш улғайган сари кўп ишларнинг уддасидан чиқиш қийинлашаверади. Кейин қарабсизки, турли чеклашлар... Айрим ишларга қўл уришни шифокорлар тақиқласа, баъзиларидан тананинг ўзи воз кечади. Аммо кекса кишиларнинг фавқулодда тетик юришини ҳам кузатгансиз. Хўш, уларнинг сири нимада? Қуйида ноанъанавий таъсир кўрсатиш бўйича мутахассис Ю.Борисовнинг фикрларини келтирамиз...

Бунинг моҳиятини тез ва осон тушуниш учун, келинг, инсоннинг энг юқори қувват салоҳиятини 100 фоиз, деб олайлик. Энг қуйиси, табиийки — 0. Инсоннинг ҳаётий қуввати миқдори нолга тушса, у яшашдан тўхтайди.

Фарзанд улкан ҳаётий куч захираси билан дунёга келади. Унинг қувват салоҳияти 65—75 фоизни ташкил қилади. 25 ёшга тўлгунича кучига куч қўшилиб турганини ҳис қилиб яшайди. Бу биринчи босқич.

Иккинчи босқич эса 35 ёшларгача давом этади. Ана шу давр ичида қувватнинг тикланиши тобора қийинлашиб, сарфланиши илгаригидан анча осонлашади. Турли «ёпишқоқ» касалликлар пайдо бўлиб, тана бўшашиб боради, тез-тез бош оғрийди. Энди ошқозонингиз ҳазми оғир таомларни илгаригидай кўтара олмайди. Таниш ҳолат, тўғрими?

Учинчи босқич эса, одатда, 35 дан 50 ёшгача давом этади. Қувват секин-аста хавфли нуқтаси (50 фоиз)га туша бошлайди. Худди шу даврда турли жиддий касалликлар пайдо бўлади. Инсон иқлим ва атмосфера босими ўзгаришини ўз танасида сезади. Енгил шамоллаш осонгина сурункали касалликка айланади... Чунки олдинги босқичларда биз ҳал қилмаган руҳий муаммолар энди қувватий тўсиқларга айланган бўлиб, мустаҳкам тўғон сингари каналлар орқали қувват киришига йўл қўймайди. Кейин у ёки бу аъзо «ўз вазифасини бажаришдан бош тортади». Негаки, унга қувват келмай қўйган ва фалажланишга мажбур. Бора-бора эрталаблари инқиллаб туришни одат қиласиз.

Тўртинчи босқичда эса (50 ёшдан бошлаб) касалликлар янада зўрайиб, дорисиз туролмай қоласиз. Кўп қувват йўқотилади. Ҳаётий қувватнинг 20 фоизга тушгани тиббиётда кома (беҳушлик ҳолати) деб ном олган. Ноль бўлганида эса — fin (франц. «тамом, тугади»), янаям тушунарлироқ айтадиган бўлсак, марҳум аждодлар ҳузурига йўл!

Тўхтанг! Хафа бўлишга ошиқманг! Юқоридаги маълумотларни келтиришдан мақсад юрагингизга ғулғула солиш эмас. Аксинча, бунинг олдини олиш мумкинлигини билдириб қўйиш. Бир зинани кўз олдингизга келтиринг. Эътибор қилинг, зинадан пастга юрса бўлади, аммо худди ўша зинанинг ўзидан ортга, юқорига юриш ҳам мумкин-ку!

Асосийси, ҳаётий қувватнинг ноль чизиғига келиб қолмасидан вазиятни ўз томонимизга оғдириш ва исканжадан чиқиб, яна «қувват идиш»ларимизни тўлдириш учун имкон бор. Борди-ю, ҳаётий қувват кўрсаткичи бир билан ўн икки оралиғига тушса, бизга ҳеч нима боғлиқ бўлмай қолади. Нега деганда онг ва ақл-идрок аллақачон «ўчган» бўлади. Фақат шифокорларнинг маҳорати ва мўъжизага умид қилиш мумкин.

Тўртинчи босқичда ҳам шифокор ёрдамисиз илож йўқ. Шунингдек, турли-туман дорилар, физиомуолажа, даволашнинг бир талай анъанавий усуллари ва ҳоказо. Аммо улар билан чекланиб қолмаслик керак. Касалликни эмас, балки касални даволайдиган табибни топиш зарур. Ва у организмнинг қувват мувозанатини тиклаб беради. Бунда йиллар давомида беркилиб қолган каналлар мажбурлаб очилади ва аъзоларга етарли миқдорда қувват етиб бора бошлайди. Яъни қувват кириб турадиган етти асосий чакра йўллари очилади. Қисқа муддат ичида тана яна ўзини тиклаб олади. Хуллас, ушбу босқичда жисмоний танадаги исталган касалликнинг руҳ хасталигидан келиб чиқишини тушуниб олишингиз керак.

Зина бўйлаб юқорига кўтарилишнинг кейинги босқичи руҳий муолажа, нафас олиш амалиёти,  аутотренинглар бўлиши мумкин. Булар касалликлар сабабли бузилган ва изидан чиқиб кетган ички уйғунликни тиклашга, руҳий ва бошқа муаммолардан халос бўлишга йўналтирилган соғломлаштириш тизимлари ҳисобланади.

Ҳеч қачон тайёр рецептни изламанг. Чунки бундай ягона формула ёки дориноманинг ўзи йўқ. Ҳаммасини бир-бир синаб кўраётганда танангизга қулоқ тутинг. Ўшанда, албатта, сизни жисмоний ва руҳий соғломликка олиб келувчи усулни топасиз.

«Идишлар»ни 75 фоиз ҳаётий қувват билан тўлдирган инсон амалда жуда кўп ишларга қодир бўлади. Ёшингиз нечада бўлмасин ўзингизни 25—30 ёшлилардек ҳис қиласиз. Танангиз яна сизга тўлақонли ва яхши хизмат қилишга тайёр. Асосийси, ана шу босқичда инсон ўзининг асл моҳиятини англайди. Бизга бирор ҳаётий лаззатдан воз кечиш кўпинча қийин кўринади. Бу руҳ ва танамизнинг соғломлашиши учун инсоннинг ўзига хос тўлови. Жуда катта қувват йиғишда бу жуда арзимас нарх, ишонаверинг.

Кейинги босқичда инсон атроф-муҳит билан тўғридан-тўғри алоқага чиқади. Бу, унинг ҳар бир ҳаракати ва истагига табиат дарҳол жавоб беради, дегани. Масалан, бирор нарсани билмоқчисиз. Эртасигаёқ ана шу ҳақда батафсил ёзилган китобга ёки сиз билишни истаган маълумот борасида катта малака, тажрибага эга одамга йўлиқасиз. Ҳатто, деворларга ёзилган эълонлар ҳам йўл кўрсатади. Ўйлаган ниятларингиз амалга оша бошлайди. Сизга бутун олам ниманидир тушунтирмоқчи бўлаётгандек туюлади. Аслида у илгари ҳам сизга ёрдам бериб турган. Аммо маълумотлар кирадиган каналлар беркилиб ётгани учун уларни «эшита» олмагансиз.

Олти одам...

Ҳозирги психологик мактаблардан бири инсонни олтита руҳий типга бўлади: Меҳнаткаш, Кузатувчи, Ўйинчи, Жоҳил, Жангчи ва Сайёҳ. Улкан боғда олма дарахти ўсади ва ҳар йили мазали ҳосил беради. Унинг энг баланд шохида эса бир дона яшартирувчи олма пишган. Табиийки, ўша олма дарахти атрофида ҲАЁТ ҚАЙНАЙДИ.

Меҳнаткаш: бу — ўша яшартирувчи олма бўлиши мумкин, деган умидда жон-жаҳди билан етилиб дарахт тагига тушган меваларни тера бошлайди. Уларни тўплайди, бир жойдан иккинчисига кўчиради ва бирорта олманинг ўтлар орасида қолиб кетмаслигига интилади. Бошини кўтариб, баланд шохдаги мўъжизакор олманинг ҳалиям ўз жойида турганини кўришга эса унинг на вақти ва на ҳафсаласи бор. Олма пишиб етиладиган пайтга келиб эса у бутунлай ҳолдан тойган бўлади. Ҳатто, шохдан узилиб ёнига юмалаб келганини ҳам сезмайди ёки бошқа оддийларидан ажрата олмайди.

Кузатувчининг эса ўзини тутиши жуда қизиқ. Олманинг пишиб, узилиб тушишини назардан қочирмаслик учун бир дақиқа ҳам ундан кўзини узмай, ҳаракатсиз тикилиб ўтиради. Ойлар, йиллар ўтиб, Кузатувчи ҳаракат қилишни батамом унутади. Бунинг устига кўзлари ҳам хира торта бошлаган... Хуллас, унинг ҳам яшартирувчи олмадан бенасиб қолиши аниқ.

Ўйинчи эса кутиш ниятида эмас! Вақтни қўлдан бой бермай шохдан-шохга сакраб ўша олма сари кўтарила бошлайди. Аммо етай деганида бирор қуруқ шох чиқиб қолиб, қарсиллаб синиб кетади ва у пастга қулайди…

Жоҳил ҳам дарахтга кўтарилади. Аммо Ўйинчи каби шохдан-шохга сакрамайди. Унга рақибларининг боши нарвон вазифасини ўтайди. Лекин рақиблар ҳам анойи эмас. Улар дарахтдан бир-бирини пастга улоқтира бошлайдилар. Қарабсизки, тез орада асосий мақсад унутилади. Жоҳиллар олмани олишолмайди, унга етишмоқчи бўлганларга ҳам йўл бермайди! Охири, ҳолдан тойиб йиқиладилар!..

Жангчи пишганида хотиржам узиб ейиш учун куч ишлатиб, олма дарахтини ўзиники қилиб олишга интилади. Аммо бошқа рақиблар ҳам қараб турмайди ва Жангчининг бутун умри жангу жадаллар билан ўтади. У барча қувватини курашларга сарфлаб тугатади.

Сайёҳ эса боғни айланиб юради. Очиқса, бошқа пишган нок, узум, шафтолилардан ейди. Биладики, олма пишишига ҳали фурсат бор. Ва бир куни дарахт олдига келганида унинг атрофида ҲАЁТ ҚАЙНАМАЁТГАНИНИ кўради. Кимдир бутунлай ҳолдан тойган, бошқаси дарахтдан йиқилиб, тамом бўлган, учинчиси, олган жароҳатидан оҳ-воҳ чекмоқда. Сайёҳ эса куч-қувватга тўла. Қўлини шундоқ узатади ва пишган олма узилиб, унинг кафтига келиб тушади…

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech