27 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,9 °C

Тошкентга сайёҳ назари билан

Россиянинг «Моя планета» телеканалида Тошкентга бир кунлик саёҳат намойиш қилинди.

«Моя планета» телеканали азим пойтахт ҳақида ажойиб материал билан бўлишди. «Шаҳарда бир кун. Тошкент» номли видеода шаҳримизнинг қадимий ёдгорликлари, унинг замонавий қиёфаси, маданий бойликлари ва маҳаллий аҳоли турмуш тарзи ўзига хос услубда ёритиб берилган, деб хабар беради Туризмни қўллаб-қувватлаш давлат қўмитаси матбуот хизмати.

Хабарда бошловчи Зоя Бербернинг ажойиб таассуротлари ҳикоя қилинади.

Унда, телебошловчининг таъбирии билан айтганда, «Минг ўрик» археологик ёдгорлиги сирли ва гўзал Шарқ олами бўлмиш шаҳарнинг 2 200 йиллик тарихга эга эканлигининг яққол далили деб баҳоланади.

Шунингдек, меҳмон пойтахтнинг Эски шаҳар қисмидаги маҳаллалар бўйлаб саёҳат қилади. У маҳаллий аҳоли билан мулоқотга киришиб, ўзбек хонадонларининг бирида меҳмон бўлишга ҳам улгуради ва бу ҳақда  ҳайратини яшира олмайди.

«Чорсу» бозори ҳамда «Ҳастимом» комплекси томошабинларда катта таассуротлар қолдиришига Зоя Бербер ишонади. Бундан ташқари, Зоя Тошкент метрополитени, «Мустақиллик» майдонида ҳам бўлиб, бу жойларга қизиқарли таъриф ҳам беради. Миллий либослар дўконига ташриф, миллий таомларимиз тановули ҳамда Алишер Навоий номидаги театрдаги балетга оид таассуротлари... Хуллас, «Моя планета» каналидаги Тошкентга саёҳат ҳақидаги видеони томоша қилиш ва пойтахтга хорижлик сайёҳ кўзи билан назар ташлаш тавсия этилади.

Маълумот учун: «Моя планета» – бу Россиянинг саёҳат, фан, тарих ва машҳур инсонлар ҳақидаги видеоблоги. Каналнинг 377 минг обуначиси бўлиб, ундаги видеолар 68 миллион мартадан ортиқ томоша қилинган.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech