23 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,5 °C

Бўш вақтда
22 Мар  2019 1389

Тубсизлик ва махсус хизмат

Турли махсус хизматларнинг ўзаро сирли психотроп уруши ҳеч қачон ошкор қилинмаган ва қилинмаса ҳам керак. Шунга қарамай, ёпиқ лабораторияларда тажрибалар ўтказиш мутлақо тўхтамайди ва олинган натижалар эса жуда шов-шувли.

Истеъфодаги ДХҚ (КГБ) генерали Борис Ратников 1992 йилда Ельциннинг Японияга боришини бекор қилишни талаб қилди. Бунга сабаб қилиб эса, гўёки тадбирнинг хавфсизлиги етарлича таъминланмаганини кўрсатди. Аслида штат бирлигида турувчи экстрасенсларнинг ахбороти бунга сабаб бўлган. Уларнинг маълумот беришича, Япония Вашингтон босими остида ультиматум шаклида Курил оролларини қайтаришни талаб қилиши мумкин экан. Хуллас, кимнингдир ўйлаган режаси амалга ошмай қолди.

Бунинг учун қасос сифатида Америка махсус хизмати томонидан Борис Ратниковнинг хотини ўлдирилиши керак эди. Аниқ руҳий таъсир натижасида аёл ҳақиқатан ҳам, кўп қаватли уй деразасидан ўзини ташлаб ўлдиришига бир баҳя қолди.

Қадимги шомонлар русумлари ва сирли илмлардан хабардор кишилар ҳамиша махсус хизмат томонидан ёллаб келинган. Псковда истиқомат қилувчи аёл ҳам худди шундай русумларни пухта эгаллаган эди. У эрининг бизнесини қўлга киритиш учун унга кўз тегиши йўллайди. Бизнесмен эса кутилмаганда жиддий касалликка чалингани сабабли оламдан ўтади.

1990 йил. Осло. Нобель мукофотини М.Горбачёвга топишириш маросими. Сал олдин эса Норвегияда Горбачёвнинг хавфсизлигини таъминлаши керак бўлган офицер Америка махсус хизмати қўлига асир тушганди. Улар томонидан бир провокация тайёрланаётгани аниқ эди. Офицерни зомбилаштириб, худди ана шу провокацияга ундашган.

Махсус хизмат аскарларининг халқаро мусобақаси. Охирги куни рус инструкторлардан бири ўша дамларда жуда мўъжизавий туюлган контактсиз жанг усулини намойиш қилди. Қўмондонлик бу билан Америка махсус хизмати имкониятларини текшириб кўрмоқчи эди. Инструктор эса океанорти ҳамкасбларидан бирини «уриши» ҳақида буйруқ олди. Кейин анчагина нарида турган океанортилик ҳамкасби қорин соҳасида кўринмас қўлнинг кучли зарбасини ҳис этиб, букчайиб қолди.

Орадан бир ой вақт ўтгач, подполковнинг Лавров машинасида кетаётган эди. Кутилмаганда ҳайдовчисининг кўзини қандайдир парда қоплади, қўл-оёқлари бўшашиб унга итоат қилмай қўйди ва автомобиль йўл четидаги чуқур жарликка думалаб кетди. Ҳайдовчининг миясига масофадан туриб таъсир ўтказилганди. Кейин аниқланишича, бу америкаликларнинг инструктор офицерга берган жавоб зарбаси бўлиб чиқди.

Расмий статистикага мувофиқ экстрасенс-офицерлар кўрсаткичларининг аниқлиги 70 фоизга тенг экан. Баъзан улар ҳатто, чуқур бетон бункерлардаги нишонларни ҳам топа оларкан. Ана шундай экстрасенслар гуруҳи МРБ (Марказий разведка бошқармаси)да ҳам мавжуд.

Тубсизликни турлича талқин қилиш мумкин: жамоавий онгсиз ҳолат, ахборот майдони, астрал — бироқ аниқ таъриф беришнинг мутлақо иложи йўқ. Тубсизлик — бу бўлган, бўлаётган ва бўлиши керак бўлган нарсаларнинг яхлит ҳаммаси. У ерда вақт ва масофа тушунчаси мутлақо йўқ. Тубсизликнинг нима эканини, худди чексизликни каби, охиригача тасаввур ҳам қилиб бўлмайди. Аммо шундай одамлар борки, олдин ана шу тубсизликка кириб кетиб, кейин қайтиб кела олишади.

Роман Куренков тубсизлик сталкери бўлишга розилик берди. Унинг ўша ёққа кириши учун экстрасенс регрессив гипноз сеансини ўтказди. Мутахассисларнинг тасдиқлашича, худди шундай гипноз таъсирида одам вақт устидан ҳукмрон бўла олади ва асрларнинг чуқур қаърига кириб боради. Романнинг айтишига қараганда, гипноз таъсирида ўзининг туғилишини, кейин эса ўтган ҳаётидаги таассуротларнини ҳис қилган.

Замонавий аппаратлар эса мияда сталкер онгининг тубсизликка кириб бораётганини қайд этади. Ана шу сигналларни кузатаётган фан эса ушбу ҳолатнинг табиатини тушунтириб бера олмайди. Бироқ инсон руҳининг танасидан чиқиши ҳолатини инкор қилмайди ва бу ҳолатни «out-of-body experience» («тана ташқарисидаги тажриба») дея номлайди. Бироқ илмий доираларда уни расман ўрганишдан бош тортадилар — чунки руҳнинг яна танага қайтиб келиши кафолатини ҳеч ким бера олмайди-да!

1993 йилнинг қаҳратон қишида генерал Борис Ратников совқотиб уйғониб кетди. Кўзини очиб қараса, хотини ланг очилган дераза рахига чиқиб олибди. Сўнгги лаҳзаларда Ратников ўзини дерезадан пастга ташламоқчи бўлган турмуш ўртоғининг жонини сақлаб қолди. Хотини фикрини йиғиб олгач, гўёки эрининг ўзи уни ёнига чорлаганини ва унга нимадир бўлганини айтганини сўзлаб берди.

Оператив гуруҳ эса ўша куни Москвада яшайдиган генералнинг уйи олдида Америка элчихонаси машинаси турганини аниқладилар. Бу 1992 йилги операцияни барбод қилгани учун америкаликларнинг генералдан қасос олиши эканини кўрсатарди. Ўшанда Россия ва Хитой ўртасида қуролли тўқнашув келиб чиқиши керак эди.

Генерал Ратников Ельциннинг Японияга бориши режасини тўхтатганини юқорида билиб олдингиз. Бунда у хавфсизликнинг етарлича таъминланмаганини баҳона қилганди. Фақат орадан бир ярим йил ўтиб, у махфий хизмат экстрасенсларидан олган маълумотини ошкор қилди. Унга кўра, Япония Курил оролларини беришни ультиматум тарзида талаб қилиши, кейин оролларга эга бўлгач, Хитой-Америка агентураси таъсири остида Россия билан чегара ҳудудларида қуролли тўқнашувни юзага келтириши лозим эди.

Махфий лабораторияларнинг асосий мақсади кўринмас ва сезилмас тарзда одамлар иродасини бўйсундириш ва уларни бошқариш, ҳатто, давлат раҳбарларига таъсир ўтказишдир. Бугунги кунда экстрасенсорик жанглар ҳар бир давлат махсус хизматида олиб борилмоқда. Ривожланган мамлакатларнинг бундай усулларга қизиқиб қолиши ва мурожаат этиши ХХ асрнинг иккинчи ярмига тўғри келади. Бу кўпроқ иккинчи жаҳон урушидан сўнг айниқса, яққол кузатилган. Ўшанда ғолиб томон қўлига ССнинг ва шахсан Гиммлернинг назоратида бўлган «Ананербе» («Аждодлар мероси») оккультизм институти архиви тушиб қолганди. Ушбу институтнинг одамлар устидан ўтказган даҳшатли тажрибалари ҳақидаги гап-сўзлар бутун Нюрнберг бўйлаб тарқалганди. Бироқ унинг фаолиятини афкор-оммага ошкор қилишга бўлган барча уринишлар зое кетган. Энг қизиғи, бунга ғолиб мамлакатларнинг юқори лавозимга эга амалдорлари қаттиқ қаршилик қилишган. Кейин маълум бўлишича, улар узоқни ўйлаб режалар тузишган экан. Ушбу ташкилот ҳужжатлари собиқ иттифоққа келиб қолди ва ушбу масала билан оз ҳам эмас-кўп ҳам эмас нақ 48 та институт шуғуллана бошлади. Барча ишларга эса мутлақо махфийлик муҳри босилиб, психиатрия ниқоби остида одамлар устидан махфий тажрибалар олиб борилган.

Анъанавий фан гипноз таъсирида одамлар фақат ҳақиқатни айтишини тасдиқлайди. Бироқ гипноз жуда машаққатли ва кўп меҳнат талаб қиладиган иш. Шу боис ҳам махфий лабораторияларда ҳамиша инсоннинг руҳиятини бирдан очиб юборувчи калит қидирилган. Топишган ҳам. Ана шундай усуллардан бири — руҳий зондлаш. Бунда одам турли бегона товушлар аралашган мусиқани тинглайди. Аслида эса жуда тез суратларда саволлар берилаётган бўлади. Онг эса ушбу аралаш-қуралаш нарсани қабул қила олмайди. Бироқ ҳамма гап, тўғрироғи, инсон онги тилсимотларига калит ҳам ана шунда. Руҳий зондлаш усули тузалмас касалликлар, масалан, гиёҳвандликни даволашда жуда самарали, дейишади мутахассислар. Руҳий зондлаш технологияси ихтирочиси эса профессор Игорь Смирновдир. Ўзининг ушбу такрорланмас усулини Лубянканинг қаттиқ назорати остида амалга оширган. Унга берилган муаллифлик гувоҳномаларининг 90 фоизи рақамланган. Ҳатто, уни ошкор қилиш ҳам махфийлаштирилган. Бироқ ўлимидан сал олдин профессор шахсни ўзгартириш ва бошқариш мумкин бўлган даҳшатли қурол яратганини тушуниб етди.

90-йилларнинг бошларида Россия разведкаси офицери Шарқий Европа мамлакатларидан бирида Америка махсус хизмати қўлига тушиб қолди. Унга кучли психотрон ва психотроп таъсир кўрсатишган. Жосуслик бўйича МРБ можаро кўтариб юбормади. Афтидан ўзининг қандайдир махсус режасида ушбу ҳолат ҳам нарзарда тутилган. Уни собиқ иттифоққа қайтаришганда офицер психотрон ва психотроп таъсирлар туфайли шахс сифатида бутунлай «йўқ қилинганди». Ватанига қайтганда ўзининг кимлигини ҳам билмасди. Унинг шахсини эса битта-битта, заррама-зарра тиклашга муваффақ бўлдилар. Бироқ 9 кун давомида асирда бўлган кунлари америкаликлар томонидан жуда ишончли тарзда «ҳимоялаб» ташланганди.

Ана шу 9 кун асирлик даврида америкаликларнинг унга қандай дастурни киритишганини нима бўлса ҳам аниқлаш зарур эди. Тўқсонинчи йиллар, мамлакатда тартибсизлик, ҳокимият курсиси ҳам қимирлаб қолган ва исталган провокацияни кутиш мумкин эди. Ўшанда ўта муҳим слипердан фойдаланишга қарор қилинди. Махсус хизмат доираларида бундай даражадаги кишилар бармоқ билан санарли. Улар тубсизликка тушиб, унинг қонуниятлари асосида яшашади ва исталган киши онгига хўжайинлик қилишга қодир кишилардир. Ўзини ўзи гипноз қилгандан сўнг слипер тубсизликка тушди ва у ердан туриб офицерга нима бўлганини тўлиқ кўра олди ва унга зомбилаштириш пайтида киритилган дастурни эшитиб олди. Офицер М.Горбачёвнинг Ослода Нобель мукофотини олишини бузиши керак экан. Бироқ офицернинг 9 кунлик асирлигидан 2 куни (бунда унга аниқ ва қатъий буйруқлар берилган) бутунлай «химоялаб» ташланганди. Ҳатто, жуда маҳоратли слипер ҳам ўша ахборотга етиб бора олмади. Ноилож нотаниш дастурни устидан «блоклаштириб» ёпиб ташладилар. Шундан сўнг уни разведкадан бўшатиб юбордилар. Чунки унга киритилган дастур ишлаб кетса ҳимоя блоклари дош беришига ҳеч ким кафолат бера олмасди.

Махсус хизмат ходимларининг тасдиқлашларича, слиперлар нафақат онгли равишда исталган кишининг онгига кира олади, балки берилган объектларнинг чуқур онгига ҳам кириб бора оларкан. Слиперни тайёрлаш учун 10—15 йил вақт кетади. Бироқ бунда ҳар бир сеанс чоғи ушбу операторни йўқотиб қўйиш хавфи жуда юқори. Расман бундай кишилар мавжуд эмас, шунингдек, улар кириб борадиган тубсизлик ҳам расман йўқ нарса ва бўлиши ҳам мумкин эмас!

Виктор Писларь ҳеч қачон разведкада хизмат қилмаган. 2002 йилнинг кузида кўзини очганида нотаниш ўрмондалигини кўрди. Яқин атрофдан темирйўл ўтган экан. У ҳатто, ўзининг кимлигини ҳам эслай олмасди. Викторнинг омади бор экан ва милицияда унга ишондилар. Унинг сурати ва ўзи телевидение орқали намойиш қилинди. Кейин уни қариндошлари топдилар. Аммо уларни танимади. Уни Вологодчинадаги ўз уйига олиб келишди. Аниқланишича, у икки ой олдин Калининградга иш билан кетиб йўқолган экан. Хуллас, Виктор барча қариндош-уруғлари, яқинлари билан янгидан танишди. Бироқ экспертлар Виктордаги амнезиянинг сунъий келтириб чиқарилганини дарров тушундилар. У ўзи билан боғлиқ бўлмаган барча нарсани жуда яхши эсларди: мамлакат президенти, қайси давлатда яшаши. Ҳар бир маҳсулотнинг номини биларди-ю, бироқ таъмининг қанақалигини айтиб беролмасди. Викторнинг хотирасини тиклашга муваффақ бўлинди. Руҳий зомбилаштириш усули орқали чуқур онги туб-тубидан қандайдир узуқ-юлуқ ахборотлар олинди. Шахсий дастур учун ҳам ярим йил вақт кетди. Икки йил эса унинг шахсини тиклашга сарфланди. Хотира билан бирга унинг ҳислари ҳам уйғонди. Бироқ 2 кун мобайнида унинг қаерда бўлганини тиклашнинг умуман иложи бўлмади. Бугунги кунда эса Викторга ўхшаганлар юзлаб топилади. Улардан бирининг хотирасини тўлиқ тиклашга муваффақ бўлинди. Бироқ бу тикланган хотира (яширин спирт заводида қул бўлган экан)си ўзининг бошига етишига сал қолди.

Ўшанда, яъни 90-йилларда «зомбилар ишлаб чиқарадиган» лабораторияни топишнинг умуман иложи бўлмади. Мана, бир неча ўн йилдирки, унинг изини топа олишмаяпти ва қандай мақсадларни кўзда тутиши ҳам аниқ эмас. Бироқ ҳар замон-ҳар замонда унинг конвеери ташқарига ҳеч нима эслай олмайдиган кишиларни чиқариб ташламоқда. Мутахассисларнинг тасдиқлашларича, булар асосан, эркак жинсига мансуб кишилар бўлиб, руҳан ва жисмонан мутлақо соғлом кишилардир. Айрим экспертларнинг айитишига қараганда эса, бундай тушунарсиз ўғирлашлар бошида халқаро жиноятчилик турган бўлиши ҳам мумкин.

Ҳар қандай таваккалчиликка қарамай, тубсизликни забт этиш тобора кучайиб, чуқурлашиб бормоқда. Қадимги шомонлар усуллари ўрганилмоқда ва улар асосида турли электрон асбоблар яратилмоқда. Тасдиқлашларича, бундай асбоблар инсондаги экстрасенсорик қобилиятларни фавқулодда кучайтиради. Бироқ бу ҳам фандаги янгилик эмас. Агар шомонларнинг технологиясида ўта мураккаб қоидаларга тўлиқ ва бекаму-кўст риоя қилинса, улар қўрқитадиган даражада содда. Ҳатто, экстрасенснинг кераги ҳам йўқ. Уни эса исталган оддий нейрофизиолог ёки элктрон уста амалга ошириши мумкин. Кўпгина олимларнинг тасдиқлашича, биз янгича қурол яратилиши бўсағасида турибмиз. Бу биоэнергетик қурол, деб номланади ва унда асосий ўлдирувчи қурол инсоннинг ўзи ёки ундаги қобилият бўлади.

Йирик давлатларнинг бош мақсади айнан, тубсизликни ишғол этиш кетидан қувиш бўлмоқда. Махфий институтлар ва лабораторияларда нафақат экстрасенсорик разведка усуллари ишлаб чиқилади, балки ўша лаҳзадаёқ танланган нишонга масофадан туриб зарба бериш усуллари устида ҳам изланишлар олиб борилади. Маълумотларга қараганда, экстрасенс денгизчилар исталган мамлакатнинг сувости кемаси координатларини 70 фоиз аниқлик билан айтиб бера оладилар. Бунга яна уларнинг типлари ва кўриниши тасвирларини ҳам қўшинг.

Контактсиз жанг санъати узоқ вақт мобайнида махсус хизматнинг хос кишиларига ўргатиб келинарди. Фан ҳам ана шундай феноменнинг борлигини расман тан олган. Кўринмас зарбани инсоннинг мияси беради. Ушбу ҳолат электроэнцефалограф ёрдамида илмий тасдиқланган ҳатто. Олинган натижаларни олимлар махсус дастурдан ўтказиб, илк бор бунда ҳалокатли ва кўзга кўринмас сигналларнинг қаерда пайдо бўлишини кўриш имкониятига эга бўлдилар. Ушбу сигналлар табиатини замонавий фан тушунтириб бера олмайди, бироқ бундай қобилият ҳар бир инсонга табиатан берилган, деган тахминни илгари суради. Ана шу мавзуга бағишланган, россиялик режиссёр Александр Мержанов томонидан 2009 йилда суратга олинган «Тубсизлик даъвати» («Зов бездны»), деб номланган ҳужжатли фильм ҳам экранларга чиққан.

Оддий кишининг тубсизлик ҳақиқатан ҳам мавжудми-йўқми текшириб кўриши ва бунга ишониши жуда мушкул. Маълумки, бунда энг яхши йўл махфийлик тамғасини босиш — бу ишонмасликка мажбур қилади. Эҳтимол, оддий одамларни ушбу технологияларнинг барига сариқ чақага арзимайдиган мистика ва сохта фан эканига ишонтириш учун жуда катта куч ва маблағлар сарфланаётгандир. Аммо шундай одамлар борки, улар бунга нафақат ишонишади, балки анча вақтдан бери ўзлари ўша тубсизликнинг қудратли кучларидан фойдаланадилар. Махфий урушлар олиб боришади ёки ўз шахсий мақсадларига эришадилар. Бунда ҳеч қачон бирорта из ёки далил қолмайди. Шундай тубсизлик эшигини очган одамлар борки, уларнинг кўзлари ёрдамида тубсизликнинг ўзи бизга тикилади.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech