06 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,8 °C

Мамлакатимизда
21 Фев  2020 979

UAALF 2020 I Халқаро авиация форуми якунланди

Ўзбекистон аэропортларининг Aвиация-логистика форуми — UAALF 2020 дунё авиакомпаниялари, лоукостерлари ҳамда сайёҳлик ташкилотларини жамлади.

Мазкур тадбир улар учун  катта тажриба алмашиш майдони бўлиб хизмат қилиш баробарида мамлакатимиз фуқаро авиацияси ва туризм соҳасини  самарали ривожлантириш йўлидаги яна бир муҳим қадам бўлди.

Таъкидлаш керакки, бугунги кунда дунё бўйлаб йўловчи ташиш улушининг 82 фоизи, юк ташувларининг 14,7 фози, почта жўнатмаларининг 3,3 фоизи айнан авиация ҳиссасига тўғри келмоқда. Фуқаро авиацияси соҳасида йиллик ўсиш тенденцияси 5-7 фоизни ташкил этмоқда. Экспертлар фикрича 2025 йилгача йўловчи оқими ҳар йили 4-6 фоизга ошиб боради.   

Халқаро туризм ривожида авиациянинг аҳамияти катта. Парвоз давомида қулайлик даражаси ва тезлик кўрсаткичларининг ортиши ҳамда хавсизлик омиллари турли мамлакатларда сайёҳлар оқимининг ортишига олиб келди. Бугунги кунда ушбу икки соҳа тараққиётини бир-биридан алоҳида тасаввур этиб бўлмайди.

Бугун Ўзбекистонга келиш учун 86 мамлакат фуқароларига визасиз режим жорий этилди. 57 давлатдан келадиган меҳмонлар икки кун ичида электрон виза олиши мумкин. Бир давлатдан бошқа давлатга транзит йўли билан ўтаётган йўловчига Ўзбекистонда визасиз 5 кун қолиши учун рухсат бор. Бу хорижлик йўловчиларга юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш имконини беради.

Республикамизга қатновларни амалга оширувчи хорижий авиакомпаниялар сони 2017 йилда 15 тани ташкил этган бўлса, 2019 йилга келиб уларнинг сони 23 тага етди.

Маълумки 2019 йилнинг октябрь ойида «Ўзбекистон ҳаво йўллари» МАК қайта ташкил этилиб, бир-биридан мустақил бўлган иккита «Uzbekistan Airways» ва «Uzbekistan Airports»  компанияларига ажратилди.

2019 йилнинг октябрь ойидан эътиборан Қарши, Нукус, Термиз ва Бухоро халқаро аэропортларида «бешинчи ҳаво эркинлиги» тартибини қўллаган ҳолда, «Очиқ осмон» режими жорий этилди.

Ҳозирда мазкур аэропортларга парвозларни амалага оширишни ташкил этиш юзасидан «Turkish Airlines», «Israir Airlines», «Garuda», «Аэрофлот»,  «ИрАэро», «Сибирь», «Якутия», «SCAT» ва бошқа бир қатор хорижий авиакомпаниялар билан музокаралар олиб борилмоқда. Юқорида санаб ўтилган компаниялар жорий йилнинг март ойидан бошлаб, «Очиқ осмон» режимидан фойдаланган ҳолда Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Иркутск, Крсаноярск, Олмота, Нур-Султон, Ақтау йўналишларида парвозларни амалга оширишни бошлашга тайёр эканлигини маълум қилишди. Шунингдек, Исроил ва Туркияга парвозларни йўлга қўйиш бўйича ҳам музокаралар олиб борилмоқда.

Мамлакатимизда илк бор ўтказилган халқаро авиация форумида Ўзбекистоннинг авиация соҳасига инвесторларни жалб қилиш, минтақавий аэропортларни давлат-хусусий бошқарувига ўтказиш, экспорт ва товар айланмасини ривожлантириш, аэропортларда логистика марказларини жорий қилиш масалалари кўрилди. Шунингдек, хорижий ташувчилар учун мақбул шароитларни яратиш ва бу орқали янги авиация маршрутларни йўлга қўйиш, янги авиакомпанияларни ташкил этиш каби масалалар муҳокама қилинди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech