08 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +32,8 °C

Таълим
2 Янв  2020 3453

ХТВ тизимидаги мактабларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитилади

2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, тажриба сифатида 10-11-синфларда фанлар ихтиёрий танлов асосида ўқитила бошланади. Тажриба синов 2019-2020 ўқув йили якунига қадар ўтказилади, деб хабар қилади Халқ таълими вазирлиги матбуот хизмати.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазири буйруғи билан 2019-2020 ўқув йилининг учинчи чорагидан бошлаб, умумий ўрта таълим мактабларида вариатив ўқув режалар тажриба-синовдан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, Президент Шавкат Мирзиёев фармони билан тасдиқланган Ўзбекистон Республикаси халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини 2019 йилда амалга ошириш бўйича “Йўл харита”сида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режаларининг жорий этилиши белгиланган.

Вариатив ўқув режаларини жорий қилишдан мақсад ўқувчиларнинг ўзлари қизиққан фанларни чуқур ўрганишига шароит яратиш, мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртига кириш имтиҳонига тайёргарлик кўришини таъминлаш ва юқори синфларда ўқув жараёнини касбларга йўналтирилган ҳолда ташкил этишдан иборат.

Таъкидлаш жоизки, вариатив ўқув режаларининг жорий қилиниши ихтиёрий бўлиб, мактабда танлов синфини ташкил этишда юқори малакали, тажрибали ўқитувчиларнинг мавжудлиги инобатга олинади.

Қуйидаги ҳолларда умумий ўрта таълим мактабларида вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа жорий қилинишига йўл қўйилмайди:

   - ўқувчилар, ўқитувчилар ва ота-оналардан норозичилик бўлса;

   - умумий ўрта таълим мактаблари вариатив (ўзгарувчан) ўқув режа асосида ўқитиладиган синфга тегишли фандан дарс бериш учун етарли малака ва тажрибага эга ўқитувчи билан таъминланмаган бўлса.

Танлов синфи йўналиши 10-, 11-синфлар кесимида ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш орқали аниқланади. Бунда бир нафар ўқувчи фақат битта йўналишни танлайди.

Ўқувчилар ўртасида сўровнома ўтказиш ва натижасини умумлаштириш учун мактабда танлов комиссияси тузилади. Комиссия таркибига мактаб директорининг ўқув ишлари бўйича ўринбосари, психолог, фан метод бирлашма раҳбари ва ота-оналар қўмитаси раиси киритилади. Шу билан бирга, танлов комиссияси аъзолари таркибига ўқувчиларнинг ота-оналари ва тегишли йўналишдаги фан ўқитувчилари киритилишига йўл қўйилмайди (ота-оналар қўмитаси раиси ва фан метод бирлашма раҳбари бундан мустасно).

Сўровномани ўтказиш ва натижаларини умумлаштириш жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик назоратини ўрнатиш мақсадида ушбу жараёнларда мактабнинг Кузатув кенгаши аъзолари кузатувчи сифатида иштирок этиши мумкин.

Сўровнома натижасида тегишли танлов синфида ўқишни хоҳлаган ўқувчилар сони 35 нафардан ошиб кетса, бундай ҳолда ўқувчилар мактаб томонидан ташкил этиладиган тегишли фан бўйича синов натижалари асосида танлов синфига қабул қилинади.

Агарда танлов синфида ўқишни хоҳлаган ўқувчилар сони 35 нафардан ортиқ бўлмаса, бундай ҳолда ўқувчилар танлов синфига синовсиз қабул қилинади.

Танлов синфини ташкил этиш учун қуйидаги йўналишлар тавсия этилади:

биринчи йўналиш: хорижий тил ва филология йўналиши;

иккинчи йўналиш: молия – иқтисод йўналиши;

учинчи йўналиш: технология йўналиши;

тўртинчи йўналиш: табиий фанлар йўналиши;

бешинчи йўналиш: ижтимоий-гуманитар йўналиш.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech