13 Август 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +29,8 °C

Энергетика
23 Июл  2020 516

«Acwa Power» компанияси шамол электр станцияси қуради

Саудия Арабистонининг «Acwa Power» компанияси билан ҳамкорликда умумий қуввати 1 000 МВт бўлган 2 та шамол электр станцияси қурилади.

Маълумки, 2019 йил 20 сентябрда Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Энергетика Инвестицион форуми доирасида, Энергетика вазирлиги ва «ACWA Power» (Саудия Арабистони) компанияси ўртасида қуввати 500 МВтдан 1 000 МВтгача бўлган шамол электр станцияси қуриш бўйича келишувга эришилган эди.

Шундан келиб чиққан ҳолда, жорий йил 5 мартда Энергетика вазирлиги ва «ACWA Power» (Саудия Арабистони) компанияси ўртасида Ўзбекистон Республикасида умумий қуввати 500 – 1 000 МВт бўлган шамол электр станциясини қуриш лойиҳасини амалга ошириш келишуви имзоланди.

Ушбу келишувларга асосан, мутахассислар томонидан Республика бўйлаб бир қанча ер майдонлари ҳар томонлама ўрганиб чиқилди ва Бухоро ҳамда Навоий вилоятларининг Пешку, Ғиждувон ва Конимех туманлари умумий қуввати 1 000 МВт бўлган 2 та шамол электр станцияларини қуриш учун танланди.

Лойиҳанинг умумий қиймати 1 миллиард доллар деб баҳоланди ва у 100 фоиз тўғридан-тўғри инвестиция маблағларини жалб қилиш орқали барпо этилади.

Лойиҳа доирасида инвестор билан электр энергиясини сотиб олиш ва инвестиция шартномалари имзоланади ва натижада 25-30 йил давомида Республикамизни яшил энергия манбалари орқали ишлаб чиқарилаётган электр энергия билан таъминлаш имконияти яратилади.

Ҳозирда танланган ер майдонларида шамол кўрсаткичларини аниқлаш учун юқори малакали маҳаллий ва хорижий мутахассислар жалб қилинган бўлиб, улар томонидан шамол ўлчаш ускуналари (мачталар) ўрнатилмоқда.

Ушбу ускуналар 100 метр баландликда бўлиб, шамолнинг тезлиги, йўналиши, давомийлиги ва бундан ташқари об-ҳаво маълумотларни ўлчайди ва сақлаб боради, деб хабар беради Энергетика вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech