08 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21,6 °C

Халқаро ҳамкорлик
31 Янв  2020 2054

Ўзбекистон ва Россия инсон ҳуқуқлари ҳимоясида

27-29 январь кунлари Москва шаҳрида Россия халқаро ҳуқуқ ассоциациясининг  «Буюк Ғалабанинг 75 йиллиги ва замонавий халқаро ҳуқуқнинг ривожланиши» мавзусидаги 63-йиғилиши бўлиб ўтди.

Мазкур форумда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов иштирок этди ва маъруза қилди.

Нотиқ Ўзбекистон халқининнг буюк ғалабани таъминлашга беқиёс ҳисса қўшгани, қонли урушда жами 1,5 миллиондан зиёд Ўзбекистон фарзандлари тинчлик ва озодлик учун мардона жанг қилгани, уларнинг ҳар уч нафаридан бири ўз яқинлари бағрига қайтмагани, эл-юртимизнинг фронт ортида кўрсатган жасорати ҳақида маъруза қилди. Шунингдек, Ўзбекистонда уруш ва фронт орти фахрийларига ҳар томонлама эътибор янада кучайтирилганлигини алоҳида тилга  олинди.

-  Бир сўз билан айтганда, юртимизда Хотира ва қадрлаш куни ҳамда Ғалабанинг 75 йиллигини ҳар томонлама муносиб ва юқори савияда нишонлаш учун пухта тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда, - деди А. Саидов. - Уруш йилларида халқимиз кўрсатган ҳақиқий жасорат ва матонатни кино, театр санъати, бадиий-публицистик асарлар, илмий тадқиқотлар орқали кўрсатиш, аҳоли, айниқса, ёшларимизга таъсирчан тарзда етказиш бўйича катта ишлар олиб борилмоқда.

Ўзбекистон аҳолисининг қарийб 40 фоизини ёшлар ташкил этади. Мамлакатда «Ёшларга доир давлат сиёсати тўғрисида»ги қонун қабул қилинган, Ёшлар ишлари бўйича республика идоралараро кенгаши тузилган. Кейинги даврда 7 миллион 690 минг нафар аъзога эга Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ташкил этилди.

Нотиқ шунингдек, барқарор ривожланишга эришиш, низоларнинг олдини олиш, гендер тенгликни таъминлаш, инсон ҳуқуқларини амалга ошириш, тинчлик маданиятини шакллантириш каби долзарб жараёнларда ёшларнинг таъсирчан ва ижобий роли атрофлича муҳокама қилинишига тўхталди.

Маълумот учун, Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида барча соҳалар қатори инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорлик алоқалари ҳам изчил ривожланмоқда. Ҳар икки мамлакат вакиллари турли халқаро форумларда фаол иштирок этаётгани, ўзаро ҳамкорликда Ўзбекистон-Россия юридик форуми ўтказилгани ҳам буни тасдиқлайди.

2019 йил январь ойида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази билан Россия Федерациясининг Инсон ҳуқуқлари вакили ўртасидаги ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланган. Ўтган йилнинг апрель ойида худди шундай Меморандум Марказ билан Россия Федерацияси Президенти ҳузуридаги Фуқаролик жамияти ва инсон ҳуқуқларини ривожлантириш бўйича кенгаш ўртасида тасдиқланган, дея хабар беради Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech