17 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +21,7 °C

Спорт
11 Июн  2019 689

Хоккейни чинакам... болакайлар ўйнайди

Пойтахтимиздаги «Ҳумо Арена» мажмуасида илк маротаба ташкил этилган ўсмирлар терма жамоалари ўртасида ўтказилган «Tashkent Cup» Халқаро хоккей мусобақасида «Бинокор» клуби раҳбари Алишер Азимов шогирдлари ғолибликни қўлга киритганини «Правда Востока» хабар қилганди.

– Бу ёғига анъанавийга айланадиган илк турнирида беш жамоа иштирок этди, – дейди у суҳбатимиз бошида. – Булар Қозоғистон, Қирғизистон ва Латвиядан келган меҳмонлар, шунингдек, резерв мактабимиз ёш хоккейчилари - «Бинокор» ва «Тошкент Сити».

– Бундай мусобақаларни ўтказиш ғояси қандай пайдо бўлди? Нима учун айнан, ана шу мамлакатлар вакиллари «Ҳумо Арена» музига чиқишди?

– Гап шундаки, хоккей клублари раҳбарларининг кўпчилиги менга яхши таниш. Бир пайтлар латишлар билан Бирлашган Араб Амирликлари профессионал лигасида ўйнаганмиз. БАА чемпионатида иштирок этган клубларнинг кўпчилиги асосини ташкил этадиган канадалик легионерлар билан беш йил биргаликда музга чиққанмиз. Қозоғистонлик ҳамкасблар билан дўстона муносабатлар ривожланди. Болаларимиз ушбу мамлакат болалар ва ўсмирлар биринчилигида тўртинчи йил иштирок этмоқда. Тўғри, улар ҳали ғолиб бўлишмади, лекин шоҳсупага жуда яқин боришган. Ушбу мавсумда тўққизта ўсмирлар жамоалари орасида тўртинчи ўринни эгалладилар.

– Ниҳоят, жорий йилнинг апрель ойида Бишкекда ўтказилган нуфузли халқаро турнирдан сўнг Қирғизистон билан яхши муносабатлар ўрнатилди, - дея давом этди Азимов. - Бишкекда «Рига» клуби вакилларини мағлубиятга учратдик (2:1). «Бинокор» буллитлар сериясидан сўнг Чехия вакилларидан устун келди, кейин Санкт-Петербургнинг СКА клуби мағлуб (5:2) этилди. Ярим финалда АҚШ чемпионати ғолиблари устидан (2:1) ғалаба қозонилди. Ва фақат финалда мусобақа мезбонларига мағлуб бўлиб, иккинчи ўринни эгалладик.

Ўшанда шу каби турнирни Тошкентда ҳам ташкил этиш ғояси пайдо бўлди. Объектив сабабларга кўра Россия, Чехия ва АҚШдан жамоаларнинг келмагани афсусланарли, албатта. Шу билан бирга, келгусида бизда хоккейни ривожлантириш учун қандай шароитлар яратилганини билгач, халқаро стандартларга жавоб берадиган ва Марказий Осиёда ўзига хос ягона бўлган «Ҳумо Арена» мажмуасига албатта, ташриф буюришларига ишончим комил.

– Бу мавсумда илк бор тўртта профессионал жамоа ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди. Нима учун «Tashkent Cup»да фақат «Бинокор»гина ўсмирлар жамоасини тақдим этди? Наҳотки, фақат клубингизгина фахрийларга ўринбосарлар тайёрласа? Буни тан олиш керак негаки, айнан улар  медаллар учун курашишди, ёшлар эмас.

– Албатта, ўз ёшлар таркибига эга бошқа жамоаларимизни ҳам таклиф этдик. Бироқ улар айни дамда мусобақаларга тайёр эмаслар. Савалашлари учунгина музга чиқишни исташмаган, шекилли. Агар «Бинокор» таркибида асосан ўн бир ёшли ўсмирлар бўлса, «Тошкент Сити»да ҳатто, тўққиз яшар болалар ҳам бор эди. Дарвоқе, улар учинчи ўринни эгаллашди.

2014 йилда сиздан интервью олаётганимда болалар секциясини очмоқчи эканингизни айтгансиз. Тан олиб айтаман, бунга ўшанда ишонмагандим. Бир неча хоккейчиларни топасиз-да, улар билан оддий турнир ўтказиб, шу тариқа Ўзбекистонда ушбу мардонавор спорт тури ҳалиям тирик эканини кўрсатасиз, деб ўйлагандим…

– «Бинокор» тарқаб кетгач, республикамизда чиндан ҳам, хоккей ривожи тўхтаб қолди. Ўзим эса 1988 йил эндигина захираларни тайёрлаш гуруҳидаги машғулотларни якунига етказгандим. Армияда хизмат қилдим, Дубайда ишладим. Бирлашган Араб Амирликларида чемпионат ўтказилаётганини тасодифан эшитиб қолдим. Тест синовларидан ўтганимдан сўнг профессионал клубга қабул қилишди ва олти мавсумни у билан ўтказдим. Лекин барибир уйга қайтишни истардим. 2013 йилда Тошкентга қайтиб, бир нечта муз майдонлари очилганини эшитдим. Конькида учиш майдони бор Фурқат парки раҳбарлари билан келишган ҳолда бир вақтлар «Бинокор»да бирга шуғулланган эркаклар жамоасини тўпладим. Улар бир неча марта намойиш ўйинларини ўтказдик. Шундан сўнггина ҳаммуассис Абдумажид Носиров ва бошқа ўртоқларим «Бинокор»ни қайта тиклаш лойиҳасини қўллаб-қувватладилар. Бироқ бир мажбурий шарт қўйилди - болалар жамоасини шакллантириш. Бу ўтган вақтларни қўмсаш эмас, балки хоккейни оммалаштириш борасидаги стратегик вазифа эди. Шундай қилиб, орасида ҳамкасбларимнинг фарзандлари ҳам бўлган шогирдлар йиғилди, кейин улар хоккейга телевизор орқали эмас, балки чинакамига қизиқиб кетишди. Ҳозирда юздан ортиқ болалар билан машғулотлар ўтказяпмиз.

Машғулотлар, муз майдонини ижарага олиш, хоккей кийимлари, мусобақаларга бориш - буларнинг бари катта молиявий харажатларни талаб этади. Бунда ким ёрдам берди?

– Дастлаб, чиқимлар клубнинг ота-оналар кенгаши томонидан қопланди. Фурқат номидаги истироҳат боғи маъмурияти имтиёзли шартларда муз майдонини тақдим этди, кейин - «Next» савдо мажмуаси таъминлади. Ўзбекистон хоккей Федерацияси ташкил этилгач, ушбу жамоат ташкилоти раиси ўринбосари Искандар Шодиев кўмагида имкониятларимиз янада ошди. Лекин асосийси, ҳозир замонавий базамиз бор - «Ҳумо Арена» муз саройи.

Айтишларича, ўз ёш тоифаларида «Бинокор» мактаби ўқувчиларини хорижий клубларга ҳам таклиф қилишмоқда экан. Агар сир бўлмаса, қайси клубларга ва кимларни?

– Халқаро турнирларга бориш, Россияда ўқув-машғулот йиғинларини ўтказиш бир нечта тарбияланувчиларимизнинг кўзга ташланишига сабаб бўлди. Хусусан, Жасур Рустамхоновни нуфузли ёшлар дивизионида иштирок этадиган «Автомобилист» (Екатеринбург) фарм клубига таклиф қилишди. Шуни таъкидлашни истардимки, Жасур нафақат истеъдодли хоккейчи, балки Бутунжаҳон математика олимпиадаси ғолиби ҳам. Чет эллик ҳамкасблар ўғлим - Салоҳиддин билан қизиқмоқда. Уни «Нэшвилл» клуби хоккей академиясига (Теннесси штати, АҚШ) таклиф қилишди. Лекин у ҳозир ўн бир ёшда ва қабул қилиш ўн уч ёшдан. Икки йил кутишга тайёрмиз. Бир қатор ёш истеъдодли болакайларимизга ҳам Қозоғистон ва Белорусиядан таклифлар тушган.

Ниҳоясига етган болалар хоккей мавсуми жуда мазмунли ўтди. Кейинги режалар қандай?

– Ёзги таътилдан сўнг август ойида Тошкент вилоятидаги «Ракинур» санаториясида ўқув-машғулот йиғинлари режалаштирилган. Ва кейин тўрт турдан иборат Қозоғистон очиқ биринчилигида иштирок этамиз. Нафақат Қирғизистондаги турнирда, балки узоқ хорижда ҳам иштирок этиш кўриб чиқилмоқда. Умид қиламанки, «Tashkent Cup» иштирокчилари сони, жумладан, юртимиз клублари ҳисобига ҳам, кенгаяди.

Тимур Низаев.

«Правда Востока» шарҳловчиси.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech