15 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +7,7 °C

Саноат
21 Янв  2019 3386

Ўзбекистонда ғаройиб қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади

Берлинда бўлиб ўтган Ўзбекистон-Германия бизнес-форумида автоклав усулида газ-бетон плиталар ва блоклар ишлаб чиқарадиган ускуналарнинг дастлабки партиясини етказиб бериш бўйича лойиҳа келишуви имзоланди.

Ушбу ҳужжат Германиянинг «Wehrhahn GmbH» компанияси ва «East Mining Investment» Ўзбекистон-Туркия ҚК ўртасида имзоланган, дея хабар беради «Ўзқурилишмоллари» АЖ матбуот хизмати.

Лойиҳанинг умумий қиймати 130 миллион евро бўлиб, унинг 50 миллиони хорижий инвестициялардир. «Ўзсаноатқурилишбанк» бунда молиявий кўмак ва маслаҳат хизматини кўрсатади.

2018 йил Жиззахда бўлиб ўтган Халқаро инвестиция форумида ушбу лойиҳа бўйича англашув меморандуми имзоланган. Ўшанда лойиҳа ташаббускори Ўзбекистонда ушбу материалларни ишлаб чиқарадиган ва қуввати йилига 2,5 миллион кубометрга тенг 5 та замонавий объектларни қуришни режалаштираётганини маълум қилганди.

Газ-бетон блоклар ва плиталардан қурилган бино ва иншоотлар иссиқлик ва энергияни жуда яхши тежайди ҳамда уларни қисқа вақт ичида кўтариш мумкин.

Эслатиб ўтамиз, «Wehrhahn GmbH» компанияси ўз фаолиятини 1892 йилда ёш немис инженери Генрих Верхан томонидан Дельменхорст шаҳрида очилган кичкина заводдан бошлаган. Бугун «Wehrhahn GmbH» заводи дунёнинг барча минтақаларида фаолият олиб бормоқда ва унинг янгича иш усулидан етакчи фиброцемент ва газ-бетон ишлаб чиқарувчилар кенг фойдаланади. Компания бир асрдан кўпроқ бўлган ўз тарихи давомида сифатли қурилиш материаллари ишлаб чиқариш машинасозлигида дунёнинг етакчи компанияларидан бирига айланган.

Ўз ахборотимиз.

wehrhahn.de сурат.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech