24 Май 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +16,9 °C

Маданият
25 Апр  2019 2028

Вақт измида бўлмаган ҳақиқатлар

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида юз йиллиги кенг нишонланган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ҳамид Ғулом ижодининг гуллаган даври ХХ аср ўрталарига тўғри келган атоқли муаллифлар сирасига киради.

Унинг серқирра мероси улкан истеъдоддан дарак ва бугун ҳам китобхонлар қалбидан чуқур жой олади.

Ёзувчилар уюшмасида узоқ йиллар раислик қилган, Ғафур Ғулом номидаги нашриётда директор бўлган адиб ўз асарларида иккиюзламачиликсиз йўлни қидириб топа олган. Бу унинг «Қитъалар уйғоқ», «Чанқоқлик» шеърлар ва балладалари тўпламида, насрда - «Машъал», «Бинафша атри», «Машраб», «Мангулик» ва бошқа романларида ҳам ўз аксини топган.

Ҳамид Ғулом Шекспир, Пушкин, Лермонтов ва бошқа муаллифларнинг ижодини ўзбек тилига таржима қилиб, улардаги асл гўзалликни бузмаган ҳолда етказа олган.

Ёзувчи ўзини билганлар хотирасида қандай сақланиб қолган? Учрашув чоғида бу ҳақида унинг энг яқин кишилари сўзлаб беришди.

– Дадам очиқюз, киришимли, одамларга яхшилик истовчи, меҳмондўст киши эди. Бунинг бари унинг ёшлик йиллари жуда қийин ўтганига қарамай. Бир ярим ёшида отасидан айрилган. Онаси, жуда ақлли аёл бўлган, уни тикувчилик фабрикасида ишлаб, ёлғиз ўзи тарбиялаган, – дея сўзлайди ёзувчининг қизи, педиатр-шифокор Гулшод Ғуломова. – Айнан онаси сабаб у шахс сифатида шаклланган, ҳаётда ҳамма нарсага ўз кучи ва меҳнати билан эришишни ўрганган. Унинг «Машъал» ва «Биринчи қалдирғочлар» асарлари энг яқин кишисига бағишланган. 15 ёшидан бошлаб шеърлар ёза бошлаган. 18 ёшида эса бир умрга севиб қолган онамни учратган. Улар узоқ ва бахтли турмуш кечирдилар. Ойим унинг учун илҳом манбаи эди. Дадам ўзининг таъсирчан ва самимий «Кўзларинг» ва бошқа шеърларини унга бағишлаган.

Ҳамид Ғуломнинг набираси – журналист, Тошкент шаҳар ҳокимияти қошидаги Жамоатчилик кенгашининг Халқаро алоқалар бўйича қўмитаси раиси Абу-Али Ниязматов ҳам у ҳақда жуда илиқ таассуротлари билан ўртоқлашди.

– Бизнинг урушлар ва турли можаролар емираётган оламимизда асл тинчлик ўрнатувчиларни жуда кам учратиш мумкин, – дейди А.Ниязматов. – Бобом худди шундай киши эди. Бутун умри давомида жанжалга олиб келадиган, суҳбатдошини хафа қилиб қўядиган бирорта сўз айтмаган. Руҳан заиф бўлгани учун эмас, балки улкан донишмандлик сабаб мулойим киши эди. Суҳбат тўғри йўналишда кечиши учун, хоҳ у мамлакатга ёки алоҳида бир кишига тааллуқли бўлсин, ҳамиша керакли сўзларни топа оларди. Ҳар бир ўқувчи ўзи учун унинг асарларидан эзгулик, тинчлик ва меҳр-муҳаббат сари етакловчи ҳақиқатни топади, деб ўйлайман.

Менга ўқувчи сифатида Ҳамид Ғуломнинг барча асарлари жуда яқин. Аммо иккита «Бинафша атри» ва «Тошкентликлар» романларини алоҳида таъкидлаган бўлардим. Биринчиси, асл фидойи одамлар, чинакам ватанпарвар инсонлар томонидан чек-чегараси йўқ ҳаётсиз ҳудудларнинг ўзлаштирилиши ва у ерларнинг гуллаган боғ-роғларга айлантирилиши ҳақида ҳикоя қилади. Ўқувчи бунда одамларимизнинг ҳозирги ёшларни юксак чўққиларни забт этишга ундайдиган қаҳрамонликларига баҳо беради. Иккинчи китоб саҳифаларида эса  оғир, машаққатли уруш давридаги Тошкент акс этади. Унда минглаб мамлакат ичкарисига эвакуация қилинганларга бошпана бериш билан бир қаторда Ўзбекистон аҳолисининг учдан бир қисми фронтга жўнайди. Бу халқимизнинг жуда муруватли ва олижаноб экани, барча умуминсоний қадриятлар қон-қонимизгача сингиб кетганидан далолат беради. Шу боис ҳам Ҳамид Ғулом ўз асарларида очаётган мавзулар - вақтдан ташқарида. Улар ҳамиша муҳим, яқин ва ҳар биримизга тушунарли.

Оксана Кадишева.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech