30 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +34,3 °C

Долзарб
19 Мая  2020 677

Ватандошларимиз чегарада қолиб кетмайди

Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасида тўпланган 1 100 нафар ҳамюртимиз Ватанга олиб келинади.

Давлатимиз раҳбари топшириғига биноан Россия ва Қозоғистоннинг ваколатли органлари билан Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасида тўпланган Ўзбекистон фуқароларини Ватанга олиб келиш масаласи ишлаб чиқилди.

Мамлакатимизнинг Москва ва Остона шаҳарларидаги Элчихоналари, Қозон ва Ақтау шаҳарларидаги Бош консулхоналари томонидан “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти яқинида бўлиб турган ватандошларимиз рўйхати тузилди ҳамда ташкилий ва транспорт масалалари ҳал қилинди.

Ватанимизга мазкур рўйхатга киритилган жами 1 100 нафар ҳамюртимиз олиб келинади. Хусусан, 2020 йил 18 май ва 19 май кунлари 550 нафардан ватандошимизнинг автобусларда Ўзбекистонга қараб йўлга чиқиши режалаштирилган. Улар етиб келишлари билан 14 кунлик карантинга жойлаштирилади.

Ватандошларимизнинг Россия-Қозоғистон чегараси орқали Ўзбекистонга олиб келиш истисно тариқасида ва дипломатик ваколатхоналаримиз томонидан аввалдан шакллантирилган рўйхат асосида амалга оширилмоқда. Қўшимча рўйхат тузиш кўзда тутилмаган.

Шу муносабат билан Россия ҳудудида бўлиб турган фуқароларимиздан “Маштаково” назорат-ўтказиш пункти ёки бошқа Россия-Қозоғистон давлатлараро чегарасини кесиб ўтиш пунктларига боришга уринмасликларини, ҳозирда бўлиб турган жойларида қолишларини ва барча карантин чораларига қатъий риоя қилишларини сўраймиз.

Фуқароларимизни Қозоғистон ҳудуди орқали Ўзбекистонга олиб келишнинг қайта бошланиши тўғрисида қўшимча маълумот берилади, деб хабар беради Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech