03 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +12,6 °C

Спорт
19 Мар  2020 323

Велоспортчи Муроджон Холмуродов билан эксклюзив интервью

Муроджон Холмуродов  кўп спортчилар орзуси бўлган Токио–2020 Олимпия йўлланмасини қўлга киритган спортчилардан бири.  Аслида унинг бу йўлдаги муваффақияти ўтган йили пойтахтимизда велошоссе бўйича ўтказилган Осиё чемпионатидан бошланган. Бу мусобақада зафар қучгандан сўнг Муроджон турли халқаро пойгаларда юртимиз шарафини муносиб ҳимоя қилди.

Айни дамларда юртимизда Олимпиада ўйинларига пухта ҳозирлик кўраётган Муроджон Холмуродовдан бугунги  режалари ва спортга кириб келиши ҳақида сўрадик.

– Мана “Токио-2020” ўйинлари бошланишига ҳам табора оз фурсат қолмоқда. Ҳозирги кунда маҳоратни ошириш учун нималарга эътибор қаратяпсиз? Мамлакатимизда машғулотлар олиб бориш учун шарт –шароитлар етарлими?

— Аввало мамлакатимизда  Президентимиз томонидан жисмоний тарбия ва спортга катта эътибор қаратилаётганини алоҳида таъкидлашни истардим. Шу боис барча спорт турлари қатори велосипед спортини  ривожлантириш ва халқаро мусобақаларда юртимиз спортчиларининг муносиб иштирок этишига катта аҳамият қаратиляпти. Жумладан, велоспортчиларимизнинг халқаро мусобақаларда қатнашиши ва турли йиғинларда ўз маҳоратларини ошириши учун шу кунга қадар ҳеч қандай муаммолар бўлмади. ( Афсуски ҳозирда каронавирус туфайли вақтинча хориж йиғинларимиз тўхтатилган)  Ўзимиздаги машғулотларга келсак шароитлар аъло даражада. Бугунги кунгача Токиога тайёргарлик Ўзбекистан Миллий олимпия қўмитаси, Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги, Республика олий спорт маҳорати мактаби, Ўзбекистон велоспорт федерациясининг яқин кўмагида режа бўйича амалга оширилиб, тўғри йўлга қўйилган.

— Ҳар бир ишнинг бошланиши яъни муқаддимаси бўлади. Спортга илк қадамингиз, биринчи мураббийингиз ҳақида гапириб берсангиз?

­ Болалик инсон ҳаётида унинг келгуси йўлини белгиловчи муҳим палла Мен ҳам велосипед спортига болалигимдан ошно бўлганман  Ўсмирлигимда бирга ўсган дўстим Азиз Саломов билан велосипедда кўп сайр қилардик. Ўзаро пойга ўйнаганимизда маррага доимо биринчи етардим. Дўстим мендаги иқтидорни сезган бўлса керак, велосипед спорти тўгарагига қатнашишимни тавсия қилди. Ҳаммаси шундан бошланди. Илк велоспорт сирларини Гурлан туманидаги велоспорт жонкуярлари — Омонбой Жуманов, Маҳмуд Қўшчанов, Улуғбек Ҳайдаровдан ўрганганман. Улардан бир умр миннатдорман. Ҳозир Алберт Искандаров, Рустам Нуриддинов сингари тажрибали мураббийлар билан бирга машғулотлар олиб боряпман.

Спортчилик фаолиятингиздаги ғалаба ва мағлубиятлар сизга сабоқ бўлиши шубҳасиз. Қайси чемпионатларда муносиб қатнашдим, деб ҳисоблайсиз?

— 2018 йили Индонезияда бўлиб ўтган  Осиё ўйинларидаги иштирокимдан бироз қониқиш ҳосил қиламан. Аслида иложи борича ҳар бир мусобақага пухта ҳозирлик кўриб, йўлга чиқамиз. Сабаби биздан юртдошларимиз, қолаверса, ота-онамиз, яқинларимиз, дўстларимиз, мухлислар ғалаба кутишини ҳис қиламан. Одамзот борки, умид билан яшайди. Аммо ҳар доим ҳам зафар қучишнинг иложи йўқ. Мағлубиятлар аламини ҳам тотишга тўғри келади. Масалан, Лондон олимпиадасида омадим чопмаган. Бу ҳам бежизга эмас экан. Олимпиада менга йирик мусобақада қатнашиш тажрибасини берди ва бу жуда асқотяпти.

Велоспорт сизни нимаси билан ўзига ром қилади? Бу спорт билан шуғулланишни истаган ёшларга  қандай маслаҳатлар берасиз?

Велоспорт энг мураккаб спорт турларидан биридир. Бу одамнинг нимага қодирлигини, иродасини ва маҳоратини кўрсатишда муҳимдир. Шу тарафи билан менга жуда ёқади. Велоспорт билан шуғулланмоқчи, чемпион бўлмоқчи бўлган ёшлар аввало йўл ҳаракати қоидаларини мукаммал ўрганиши ҳамда бу йўлдаги машаққатли меҳнатга сабр-тоқатли бўлиши керак. 10–12 ёшдан бошлаб,  бу спорт тури билан шуғулланиш мумкин.

— Ҳар бир спортчининг орзуси бўлади? Сизнинг-чи?

Асосийси навбатдаги олимпиада ўйинларида совриндорлар сафидан жой олсам, дейман. Чемпионликни айтсам, жуда баландпарвоз гап бўлади. Халқимиз “Қояга чиққан чўққини кўзлар”, деб бежизга айтмаган. Бор имкониятларни ишга соламиз, аммо қийин бўлиши шубҳасиз. Чунки рақобат жуда кучли, рақибларим ҳам ўта маҳоратли спортчилар.

Абдулҳай Юнусов,
суҳбатлашди

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech