15 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +14,6 °C

Мамлакатимизда
4 Ноя  2019 516

Қонун ҳужжатлари ижросини мониторинг қилиш тизими жорий қилинди

“Ҳуқуқий мониторингнинг замонавий механизмлари асосида қонун ҳужжатлари ижросининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида” Президент қарори (02.11.2019 й.) қабул қилинди.

Қарорга мувофиқ, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тизими жорий қилинди.

Мониторингнинг асосий вазифалари қонун ҳужжатлари ижросининг ягона амалиётини жорий этиш, уларнинг Ўзбекистон қонунлари ва халқаро мажбуриятларига мувофиқлигини таъминлаш, қонун ҳужжатларидаги ягона тушунча ва атамалар тизимини яратиш кабилардан иборат.

Қарорга кўра, мониторинг Ҳукумат томонидан тасдиқланадиган ҳуқуқий мониторинг ўтказиш режасига мувофиқ амалга оширилади.

Мониторинг давлат бошқаруви органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида тартибга солиш предмети бўлган қонун ҳужжатлари бўйича ўтказилади.

Адлия вазирлиги давлат бошқаруви органларининг ҳуқуқий мониторинг ўтказиш соҳасидаги фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича махсус ваколатли орган этиб белгиланди.

Шу муносабат билан вазирликка давлат бошқаруви органлари ўтказадиган ҳуқуқий мониторингда иштирок этиш ва ҳуқуқий мониторингни ўтказишдаги қоидабузарликларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритиш каби ҳуқуқлар берилди.

Қарор билан, шунингдек, Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижросининг ҳуқуқий мониторингини ўтказиш тартиби тўғрисида низом тасдиқланди.

Ҳуқуқий мониторингни ўтказиш билан боғлиқ жараёнлар Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимида ташкил этиладиган махсус электрон майдончада амалга оширилади.

 

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech