29 Сентябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +19,8 °C

Туризм
24 Апр  2020 1074

Вобкентда туризм қишлоғи

Бухоро вилоятининг Вобкент тумани Ширин қишлоғида намунавий типдаги «туризм қишлоғи»ни ташкил этишга доир ишлар бошланди.

Фото: uzbektourism.uz 

Вобкент тумани Бухоро вилоятининг сайёҳлик салоҳияти бой ҳудудларидан бири ҳисобланиб, у Бухоро шаҳридан 20 километр узоқликда, М-37 халқаро магистрал йўли бўйида жойлашган.

Таъкидлаш лозимки, Ширин қишлоғи тахминан 1 500 йиллик тарихга эга бўлиб, унинг номи 92 ўзбек уруғларидан бирининг номидан келиб чиққан. Қишлоқ аҳолиси деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган. Эътиборли жиҳати шундаки, қишлоқнинг ўзига хос тарихи, қадимий иншоотлари ва миллий урф-одатлари ҳозирги кунга қадар сақланиб келинмоқда. 

Этник қишлоқ туризм кластерини ташкил этишда қишлоқда шўрданак, қуруқ мевалар, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш жараёнларининг авлоддан-авлодга ўтиб келиши каби қадриятлар сақланган. Қишлоқ аёллари ушбу маҳсулотларни тайёрлашда ҳар бир кўчадан битта хонадонда йиғилишиб қадимги урф-одатлар, миллий куй-қўшиқларни ижро этиб, лапархонлик, қадимги ривоятлар ва анъаналарни ёш авлодга етказиш жараёнида меҳнат қилишни одат тусига айлантиришган. Сайёҳлар учун қишлоқ турмуш тарзини намойиш этиш бўйича қатор шарт-шароитлар мавжуд.

Ҳозирда Ширин қишлоғини «туризм қишлоғи»га айлантириш мақсадида унга олиб борувчи йўллар ва йўл бўйи туризм инфратузилма объектлари таъмирланиб, газ ва электр тармоқларида қайта реконструкция қилиш, ободонлаштириш ишлари амалга оширилган.

Ширин қишлоғи ҳудудида қадимий тегирмонда маккажўхори ва буғдой уни тортиш жараёни, тандирда нон ва сомсалар ёпиш, 20 хил турдаги полиз экинлари экиш ва мевали дарахтлардан иборат боғ яратиш, 5 та ўтов тайёрлаш, балиқчилик ҳовузи ва уй ҳайвонларидан иборат чорвачилик бурчагини ташкил этиш режалаштирилмоқда. Шу билан бирга, мева ва сабзавотларни биологик йўл билан етиштириб, қуритиш ва қадоқлаш жараёни, жун йигириш ва жун маҳсулотларини тайёрлаш, сайёҳларга томорқалардаги табиий полиз маҳсулотларидан фойдаланган ҳолда маҳаллий овқатлар, шунингдек, шўрданак, мева қоқилари ва сут маҳсулотлари тайёрлаш кластери, уларнинг маҳорат дарсларини кўрсатиш, миллий фолклор жамоаларининг маданий чиқишлари, қишлоқ ҳаётини акс эттирувчи қадимий буюмлар музейини ва миллий ҳунурмандчилик бурчагини ташкил этиш кўзда тутилган. Қолаверса, кўлларда эса балиқ овини йўлга қўйиш, қадимги сандал уйларини барпо этиш, шўрданак ва нишолда сингари миллий маҳсулотларни тайёрлаш жараёнларида меҳмонларнинг бевосита иштирокини таъминлашни ўз ичига олган этнотуризм марказини ташкил этиш ишлари бошлаб юборилган. Бундан ташқари, қишлоқ марказида супермаркет, дорихона, гўзаллик салони, ахборот маркази, тикув цехи, туроператорлик офиси, почта хизмати, авиа ва темир йўл чипталари кассаси, сувенир дўкони, электротехника буюмлари устахонаси, сартарошхона, қандолатчилик ва миллий ширинликлар тайёрлаш цехи, оилавий меҳмон уйи, пойафзал таъмирлаш устахонаси, кийим дўкони, миллий чойхона, велосипед ижара маркази ва нонвойхонани ўз ичига олган замонавий «Ширин туризм мажмуаси» маиший хизмат уйини ҳам қуриш ишлари олиб борилмоқда. 

Таъкидлаш жоизки, юқори амалга оширилаётган ишларнинг бари Ўзбекистон Вилоятнинг сайёҳлик салоҳиятини янада бойитиш, соҳани ривожлантириш йўлида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшишни мақсад қилган бу каби ташаббускорларимиз ва жонкуяр, фидойи соҳа вакиллари томонидан олиб борилаётган узлуксиз ишлар пандемиядан кейинги даврда ўз самарасини кўрсатиб, келгусида Бухоро вилоятига ташриф буюрадиган сайёҳларга манзур бўладиган янги манзилга айланади, деб хабар беради Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матьбуот хизмати.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech