03 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +10,2 °C

Агросектор
31 Янв  2020 1502

Ўзбекистоннинг зайтун етиштириш салоҳияти Мадридда муҳокама қилинди

Ўзбекистоннинг Испаниядаги элчиси Жаҳонгир Ғаниев Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгаши ижрочи директори Абдуллатиф Хедира ҳамда ушбу ташкилот департаменти раҳбари Мунир Фурати билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгаши 1959 йилда ташкил этилган. Кенгашга  Ўртаер денгизидаги Европа ва Африканинг 11 давлати – Бельгия, Франция, Греция, Италия, Португалия, Испания, Буюк Британия, Исроил, Ливия, Марокко, Тунис томонидан асос солинган. Ташкилот бош штаб-квартираси Испания пойтахти Мадридда жойлашган. Унинг ижро органи ялпи мажлис ҳисобланиб, ҳар йили куз фаслида ўтказилади. Бугунги кунда кенгаш зайтун ишлаб чиқарувчиларнинг 80 фоизи, экспортчиларининг эса 98 фоизини ўз атрофида бирлаштирган.

Учрашувда Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгаши раҳбари Георгий Сванидзенинг Ўзбекистонга ташрифи масалалари муҳокама қилинди. Унинг мазкур ташрифи доирасида мамлакатимиз кенгаш аъзолигига кириши мумкин.

Музокаралар жараёнида А.Хедира зайтун етиштириш ва зайтун мойи ишлаб чиқаришда катта салоҳиятга эга Ўзбекистон  ташкилотнинг тўлақонли аъзоси бўлишга ҳақли эканини таъкидлади. Мамлакатимиз қатор ҳудудларининг қулай иқлим шароити зайтунни саноат даражасида етиштиришга имкон беради. Маҳсулот етиштириш базасининг ривожлантирилиши истиқболда зайтун мойи ишлаб чиқаришга имкон беради.

Мулоқот чоғида Испания томони ташкилотнинг асосий мақсадлари бўйича маълумот тақдим этди. Хусусан, ташкилот ишлаб чиқариш технологияларини ривожлантириш, зайтун мойи ва унинг ҳосилини сақлаш, сотиш, зайтун саноатининг қишлоқ хўжалигини ривожлантириш, маҳсулот сифатини яхшилаш, зайтун мойи, зайтун истеъмолини кўпайтиришни рағбатлантириш учун адолатли рақобат ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш каби масалалар бўйича соҳани мувофиқлаштириб боради.

Халқаро зайтун етиштирувчилар кенгаши бундан ташқари қишлоқ хўжалигига ихтисослашган мутахассисларни ўқитиш ва малакасини оширишда ёрдам кўрсатади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech