28 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +23 °C

Мамлакатимизда
10 Апр  2020 340
ЎзА

Янгиланаётган Ўзбекистон: фуқаро, прописка ва ҳуқуқ

Маълумки, жорий йилнинг 24 январида Президентимиз Олий Мажлисга Мурожаатномасида жамият ривожининг барча соҳаларида ечимини кутаётган долзарб масалалар ҳақида тўхталиб ўтди.

Жумладан, Мурожаатномада фуқаролик ва прописка, давлат грантлари ва олий таълим муассасаларига қабул квоталари, аҳолини касбга йўналтириш, геология, кон-металлургия, қишлоқ хўжалиги, туризм, спорт, экология, коррупцияга қарши курашиш, миллатлараро тотувликни мустаҳкамлаш ва халқаро ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакатимизда улкан бунёдкорлик ишлари амалга оширилаётган бир пайтда шаҳарларни комплекс ривожлантириш бўйича урбанизация даражаси ҳануз пастлигича қолаётгани эътирозга сабаб бўлмоқда. Бу эътироз ҳам ташқи экспертлар ҳамда фуқароларимизнинг ҳақли равишда конституциявий ҳуқуқларига бўлган эътирозидир. Айнан ана шу эътироз замирида прописка муаммоси кўтарилган эди.

Қувонарлиси, Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси ва 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили”да амалга оширишга оид давлат дастури ижроси юзасидан 1995 йилгача Ўзбекистонга келган ва шундан буён истиқомат қилаётган шахсларга Ўзбекистон фуқаролигини автоматик тарзда бериш амалиёти белгиланди. Бу орқали ўз-ўзидан 50 мингга яқин юртдошларимизнинг фуқаролик билан боғлиқ муаммолари ҳал этилади.

Ижтимоий ислоҳотларга эътибор берсак, ҳисоб-китобларга кўра Ўзбекистонда кам таъминланган аҳоли қатлами улуши 12-15 фоиз, яъни 5 миллионга яқин аҳолини ташкил этади. Халқаро экспертлар кўмагида Камбағалликни камайтириш дастури ишлаб чиқилиши баробарида ички миграция, яъни прописка бўйича камчиликлар бартараф этилмас экан, иқтисодий юксалиш даражасига салбий таъсир бўлаверади.

Агар қўшни республикаларга эътибор қаратсак, аҳолининг рўйхатда туриши, ҳудудларда эркин юриши, доимий ёки вақтинчалик пропискада бўлиши масалаларининг ўзига хос томони мавжуд.

Ўзбекистонда бугунги кундаги янги ўзгаришлардан бири бу – прописка қилиш тартибини соддалаштириш масаласи ҳисобланади. Шу боис ҳам прописка тизимини ислоҳ қилишга доир қонун лойиҳаси ҳамда Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.

Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, халқаро тажрибага асосланган ҳолда лойиҳада “прописка” тушунчаси ўрнига “рўйхатдан ўтказиш” тушунчасини киритиш масаласи ҳамда энг кўп эътирозларга сабаб бўлган Тошкент шаҳри ва вилоятида кўчмас мулкни олишда ушбу ҳудудларда доимий пропискага эга бўлиш ҳамда бирламчи бозордан уй олишда давлат божининг алоҳида ставкасини тўлаш талаби бекор қилинаётгани диққатга сазовордир.

Маълумки, прописка билан боғлиқ чеклов туфайли узоқ йиллар давомида бошқа вилоятдаги юртдошларимиз пойтахтдан уйни Тошкентда истиқомат қилган қариндошлари номига сотиб олишга мажбур бўлди. Айрим ҳолларда доимий прописка қонунбузарликлар эвазига амалга оширилди. Лойиҳада мана шу каби камчиликларни бартараф этишга қаратилган тартиблар, шу жумладан, фуқароларнинг биринчи ва иккинчи даражадаги қариндошларини нафақат ўзи доимий рўйхатда бўлган манзилга, балки эгалигидаги бошқа уй-жойга ҳам доимий рўйхатга қўйиш ҳуқуқи назарда тутилмоқда.

Мазкур лойиҳанинг яна бир эътиборли жиҳати, Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатдан ўтишда Ҳукумат томонидан белгиланадиган истисноларни инобатга олган ҳолда бир киши учун турар жой майдонининг ижтимоий нормаси тўғрисидаги қоидаларга риоя этишни ҳам эслатиш жоиздир.

Кимдир узоқ муддатли хизмат сафари ёки бирор бир мақсадли иш билан Тошкент шаҳрини тарк этсаю, йиллар ўтиб қайтиб келганида сунъий тўсиқларга учраса, бу инсон ҳуқуқларининг қисман бўлса-да чекланиши эмасми? Халқаро тажрибада бу соддагина йўл билан қайта тикланса, қонунчилигимизда бўшлиқлар мавжудлиги бунга изн берарди.

Қувонарли жиҳати, лойиҳада ушбу камчиликка ҳам барҳам берилиб, илгари Тошкент шаҳри ва вилоятида доимий рўйхатга эга бўлган фуқаролар қайтиб келган тақдирда улар ушбу ҳудудларда ҳеч қандай қўшимча шартларсиз қайта доимий рўйхатга олиниши белгиланмоқда. Шундан келиб чиқиб, вакиллик органларига сайланган, тегишли ташкилотларга тайинланган ходимлар учун доимий рўйхат бўйича лавозимни эгаллаб туриш даврига оид чеклов олиб ташланмоқда.

Мазкур ҳуқуқий ҳужжатнинг амалий ва тарихий-ҳуқуқий аҳамияти шундаки, бу ҳужжат “Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси”нинг 13-моддасида қайд этилганидек, “Ҳар бир инсон ҳар бир давлат доирасида эркин юриш ва яшаш жойи танлаш ҳуқуқига эга. Ҳар бир инсон ҳар қандай мамлакатдан, хусусан ўз мамлакатидан чиқиб кетиш ва ўз мамлакатига қайтиб келиш ҳуқуқига эга” эканининг конституциявий кафолати бўлиб хизмат қилади.

Феруза Муҳитдинова,
Тошкент давлат юридик
университети профессори.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech