25 Июнь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,2 °C

Бўш вақтда
21 Апр  2019 910

Ерости кемаси ― ҳақиқатми?

Маълум бўлишича, 1964 йилдаёқ шахсан «империалистларга кўрсатиб қўйиш» иштиёқида ёнган Н.Хрушчёвнинг буйруғига биноан, Украинанинг Громовка деган жойида биринчи жанговар ерости кемалари ишлаб чиқарадиган махфий завод қурилган экан.

Сталиннинг еростиюрарлари

Собиқ иттифоқда ерости кемалари устида ишлар олиб бориш 1937 йилдаёқ бошланган. Худди шу иш билан шуғулланган гуруҳга муҳандис Александр Требелевнинг раҳбарлик қилгани тўғрисида маълумотлар мавжуд. Келтирилишича, гуруҳ аъзолари ишни дастлаб, крот1ларнинг ер қазиш техникасини ўрганишдан бошлаган экан. Жониворларни ичига тупроқ тўлдирилган узун қутига қўйиб юборишарди. Улар эса тупроққа кўмилган хўракни олиш учун кавлай бошлардилар. Ушбу жараён эса кучли рентген аппарати ёрдамида кузатиб турилган. Тадқиқотчилар эса бу митти ерқазар жониворларнинг ҳар бир техникасини флюоресцент экранда кўриб, қайд этиб боришарди. Ана шу кузатишларнинг самараси ўлароқ, тез орада митти механик «Крот» модели яратилди. Унга ўрнатилган электр мотор кесувчи мосламалар ва машинанинг илгари интилишига ёрдам берадиган махсус «панжа-сузгич»ларни ҳаракатга келтирарди. Тажрибалар жараёнида ушбу модель ўртача зичликдаги тупроқдан муваффақиятли ўтиб, ўзидан думалоқ шаклдаги туннелни қолдириши аниқланди.

Кейинчалик эса Уралдаги заводда бир кишилик ҳақиқий ерости кемаларини қуриш билан шуғуллана бошладилар. Бундай ерости кемаси зичлиги ўртача бўлган тупроқда соатига 10 км тезликда ҳаракатлана олган. Унга ҳайдовчи нафас олиши учун кислород баллонлари, гирокомпас, ҳаракат пайти қандай нишабликка оғиш юзага келганини аниқлаш учун бурчак ўлчагич ва бошқа кўпгина ускуналар ўрнатилганди. Требелев эса секин-аста ерюмшатгич механизмини махсус фреза2га алмаштириш керак, деган хулосага келди. Бунда кротнинг орқа панжалари вазифасини махсус домкратлар бажариши керак бўларди. Баъзи манбаларда келтирилишича, кейинги моделларида муҳандис гўёки ерни кучли олов пуркаш ёрдамида куйдириб, ўзига йўл очадиган ракета дюзларидан ҳам фойдаланган экан. Аппаратларнинг айрим муваффақиятли чиққан нусхалари ер остида пиёда одам тезлигида бемалол ҳаракатлана олган. Требелев ўзи яратган моделни Урал тоғларида синаб кўришга қарор қилиб, еростиюрарни ўзи бошқарган ҳолда Благодать тоғини 12 соат ичида тешиб ўтишга муваффақ бўлди.

Худди шундай муқобил ишларга ерости комбайнлари конструкциялари борасида фаолият олиб бораётган муҳандис Павел Страхов ҳам жалб этилган. Дарвоқе, у Москва метрополитени қурилишида ҳам иштирок этганди. Уни 1940 йил бошларида халқ комиссари (Брежнев даврида мудофаа министри) Д.Устиновнинг шахсан ўзи кабинетига таклиф қилиб: «Армиямизга ер остида ўзи ҳаракатланадиган аппарат зарур!» деган экан. Ана шу суҳбатдан сўнг бир ярим йил вақт ўтиб, дастлабки ерости кемасининг тажриба нусхаси пайдо бўлган. Бироқ кўп ўтмай, Страховга мамлакат раҳбарлари учун мўлжалланган ерости бункерларини қуриш вазифаси юклатилди. Ерости аппарати лойиҳаси эса якунига етмай қолди.

Махфийлик муҳри остида

Урушдан сўнг кўп ўтмай, ерости ракеталарини яратиш ғояси жуда оммалашиб кетди. 1948 йилда генерал-майор М.Циферов шундай ракета яратиш лойиҳасини таклиф этган. У яратган ракетанинг бурун томони дюзи тупроқни куйдириб, ҳосил бўлган тупроқни орқага жуда тезликла ташлай оларди. Унинг ер остида ҳаракатланиш тезлиги сониясига 1 метрни ташкил қилган. Кейинчалик генерал-майорнинг ғоясини ўғли давом эттирди. Бироқ барибир ракетанинг аниқ йўналиш бўйлаб ҳаракатланиши масаласини ҳал этишнинг иложи бўлмаган. 1950 йилда А.Бричкин ва А.Качанлар эса ракетани эслатиб юборадиган термобурғи учун муаллифлик гувоҳномасини олишди. Мазкур ерости термобурғиси керосинда ишларди. Қизиган газлар унинг қувуридан товуш тезлигида отилиб чиқарди ва газ оқими ҳарорати 3500 даражадан ҳам юқори бўларди.

1972 йилда АҚШда Лос-Аламосдаги миллий лаборатория ва ядровий энергетика министрлиги томонидан ядровий бурғи машинасига патент берилган. Ушбу кашфиётнинг моҳияти шундан иборат эдики, ядровий реакторга эга машина қояларда радиоактив литий ёрдамида тешик ҳосил қиларди. Бунда унинг йўналишида учраган жинслар эриб, суюқ ҳолга келарди. Ана шундай агрегат ўтган жойга қўшимча ишлов бериш, туннель деворларини мустаҳкамлашга зарурат қолмасди: машинадан сўнг ойнадай силлиқ деворли текис туннел қоларди, холос.

Шунингдек, чиқит масаласи ҳам ҳал этиларди, яъни улар умуман бўлмасди. Аммо бунда жуда юқори ҳарорат ва радиоактивлик сабабли ҳайдовчи ва унинг кабинаси нурланишдан ишончли ҳимояланиши зарур эди. Дарвоқе, бундай машиналарнинг ер устидан туриб бошқариладиган моделлари бўлгани эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Худди ўша даврларда одатдагидек, бурғилари олмосли туннелқазар машиналар ўрнига жинсларни осонгина кеса оладиган, қудратли лазер ўрнатилган аппаратлар ҳам пайдо бўла бошлади. Бу туннель қизиш ишларини жуда тезлаштиради ҳам. Ўтган асрнинг 80-йилларида бир фирманинг АҚШдаги икки ҳукумат бункерини бирлаштирувчи ва узунлиги 320 км бўлган туннелни қазишни зиммасига олгани ҳақида маълумотлар бор. Бироқ йўл-йўлакай тоғни ҳам тешиб ўтиши керак бўлган мазкур туннелни қазиш ҳамда бунинг учун ишлатилган техникалар қаттиқ сир тутилган.

«Чўкувчи реактор»

Улкан харсангларни кеса оладиган лазер мосламалари Россияда тош майдалаш ишларида ҳам қўлланилади. Улар аслида Американинг ҳарбий-фазовий мақсадлар учун мўлжалланган СОИ дастурига муқобил вариант сифатида яратилганди. Бироқ бундай ҳарбий-фазовий мақсадлар йўқлиги сабаб ундан тинчлик мақсадларида фойдаланишни маъқул кўришган. Уларнинг қудрати шундайки, бир лаҳзада исталган зичлик ва қаттиқликдаги жинсни буғлантириб юбора олади. Бундан бир неча ўн йил илгари эса Назарий физика ва Ер физикаси институти ердаги радиоактив чиқитлар масаласини ҳал этувчи «чўкувчи реактор» лойиҳасини таклиф этган. Ғоянинг моҳияти қуйидагича: диаметри 1 метр, чуқурлиги бир неча километр бўлган қудуқ оддий усулда қазилади. Кейин қудуқ туби олтингугурт билан тўлдирилади. Ана шундан сўнг қудуққа икки тонналик радиоактив чиқит тўлдирилган капсула туширилади. Радиоактив нурланиш капсула атрофини қиздира бошлайди, олтингугурт эса реакцияга киришишига ёрдам беради. Бунинг натижасида капсула суткасига 2―3 метр тезликда ер қаърига туша бошлайди. Яна қулай томони бир капсула устидан иккинчисини, кейин учинчисини, тушириш мумкин.

Ядровий бўлмаган оддий ерости туннелқазарларини эса вақти-вақти билан саноат кўргазмаларида намойиш этишади. «Крот»нинг ишлайдиган модели Японияда ўтказилган «Экспо―2005» кўргазмасида намойиш этилган. Бироқ ҳозирда ҳам, бундан юз йил муқаддам бўлгани каби, аниқ ишлай оладиган ерости кемаси яратилиши эҳтимолдан анча йироқ кўринади.

________________

1 Крот ― ер остида яшайдиган бир турли сут эмизувчи жонивор.

2 Фреза ― айланма барабанли машина.

Нурбек ҒАФФОРОВ тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech