25 Март 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,6 °C

Долзарб
23 Фев  2019 765

Юрак хуружи яшариб кетаётган касалликлар қаторига киради

 Инсон ҳамиша яхши яшашни соғлом бўлишни истайди. Аммо ҳамиша ҳам биз истагандек бўлавермайди. Шифокорлар ҳам инсон саломатлигини асраш, касалликнинг олдини олиш ёхуд даволашда фаол иштирок этади. Лекин касалликка даво топиш бу биргина шифокорнинг қўлидан келмайди. Инсон онгли равишда бунга тайёр бўлиши керак.

Бугунги кунга келиб хафақон касаллиги жуда куп учраётган касалликлардан бири ҳисобланади. Хафақонлик асосан юрак-томир тизими касаллиги ҳисобланиб, артериал босимнинг кескин кўтарилиши билан боғлиқ. Бу касалликни вақтида даволаш ва олдини олиш муҳим аҳамиятга эга. Дунёдаги инсонларнинг касалликлари солиштириб кўрилганда, юрак томир касалликлари биринчиликни олиб келаётгани маълум бўлди. Юртимизда ҳам бу касаллик кундан-кунга нафақат кўпайиб балки яшариб ҳам бормоқда.

 Ёшларимиз ўртасида юрак томир касалликларининг кўпайиши, вақтида шифокорга мурожат қилинмай касалликнинг авж олишига, уни асоратланишига олиб келаётган ҳолатлар кўпаймоқда. 40-55 ёшгача бўлган инсонлар ўзларини ҳали ҳам ёш деб ҳисоблайди ва бу касалликни унча хавфлик эмас деб ўйлайди. Ўтган асрда олимлар қон босимининг ошиши – артериал гипертензия ҳолатининг шаклланишида нейроген таассуротлар катта ахамиятга эга эканлиги ҳақида айтган. Гипертония касаллигининг келиб чиқишида узоқ муддат руҳий жароҳат ва салбий ҳис-ҳаяжонлар таъсири натижасида қон айланишининг марказий бошқарув тизими фаолияти бузилишига олиб келиши аниқланган.

 Ҳозирги вақтда  юрак фаолиятига салбий таъсир этувчи омиллар ҳам катта аҳамиятга эга. Бу омилларга тана вазнининг ортиши, овқатланиш рационининг бузилиши, соғлом турмуш тарзига аҳамият бермаслик, алкогол тутувчи ичимликлар ичиш, чекиш, стресс ҳолатлар киради. Гипертония касаллигининг клиник белгилари кўпчилик беморларда секинлик билан бошланиб, артериал босимнинг кўтарилиши ҳеч қандай белгиларсиз ўтиши ва аксарият ҳолларда профилактик текшириш пайтида биринчи марта АБ ўлчанганда, ёки санатория-курорт карталари тўлдирилаётганда тасодифан аниқланади. Физикал, асбобий текширишлар натижаларига кўра ташхис қўйилади.

 Гипертония касаллигида кўпинча кузатиладиган шикоятлар: бош оғриғи, кейинчалик касаллик авжланиб борган сари у асосий субъектив симптомларидан бирига айланади. Аксарият беморларда бош оғриғи тунда ёки эрта сахарда (у бош оғриғи билан уйғонади) пайдо бўлиши мумкин, беморлар бошини энса, пешона қисмида ёки ҳамма соҳасида оғирлик ёки тиқилиш ҳиссидан шикоят қилади. Айрим ҳолларда бош оғриғи йўталганда, горизонтал ҳолатда кучайиши, қовоқларда ва юз соҳасида бир оз шиш билан бирга кечиши мумкин.

 Гипертония касаллиги бўлган беморлар диспансер кузатувида бўлиб, шифокор томонидан кўрсатилган муддатда кўрикдан ўтиб туриши шарт. Шунингдек, соғлом ҳаёт тарзи тамойилларига риоя қилиши, ош тузи ва ёғли овқатлардан чекланиши, стресс ҳолатлардан ўзини сақлаши, жисмоний тарбия билан шуғулланиш керак.

 Даво муолажаларини мунтазам олиб борилиши тавсия қилинади. Юқорида кўрсатилган шикоятлар мавжуд бўлиб, шифокор гипертония касаллиги кузатилаётганини билдирса, инсон саломатлигига бефарқ бўлмаслиги лозим. Артериал босимнинг кескин кўтарилиши гипертоник криз ҳолатига ҳам олиб келиши мумкин. Агар қисқа муддатда шифокор ёрдам бермаса, юракда қон айланиши бузилиши ва ишемик ҳолатни юзага келтириб чиқариши, миокард инфаркти каби асоратларга олиб келиши, аҳвол янада оғирлашиши мумкин.

 Агар узоқ умр кўришни, соғлом юришни истаса, ҳар бир инсон ўз саломатлигига эътиборли бўлиши муҳимдир.

Асилабону Ҳамзаева

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech