25 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +35,4 °C

Спорт
10 Мар  2020 972

Ўзбек курашига немис ёшларининг иштиёқи баланд

Германиянинг Хайденхайм, Гинген ва Штутгарт шаҳарларида ўзбек миллий кураш спорти бўйича тўгараклар ташкил этилди.

Тўгаракларда 80 нафардан зиёд немис йигит-қизлари ўзбек кураши сирларини ўрганмоқда. Уларга Владимир Любко, Эдуард ва Юри Маркер, Юрий Лой, Владимир Берг Сениор каби германиялик курашчилар мураббийлик қилмоқда.

Халқаро кураш ассоциацияси, Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ҳамда Германия кураш федерацияси Германиядаги кураш тўгараклари фаолиятини қўллаб-қувватламоқда.

Мамлакатимиз Бош консулхонаси ва Германия кураш федерацияси вакиллари Хайденхайм шаҳридаги «Heidenheim 1846 e.V.» спорт клубида ўзбек кураши бўйича мураббий ва спортчилар билан учрашди.

Мулоқот чоғида «Heidenheim 1846 e.V.» спорт клуби базасида Германиянинг Бад-Киссинген ва Вюрцбург шаҳарларида ҳам шу каби тўгаракларни очиш масаласи муҳокама қилинди. Тўгарак аъзолари ўзбек миллий курашининг инсон танасига шикаст етказмаслик ва техник жиҳатдан тезкорлик тамойиллигига асосланганини, унинг шахснинг илдамлик ва барқарорлик қобилиятини мустаҳкамлашга ёрдам беришини эътироф этдилар.

Учрашувда жорий йилнинг июнь ойида Умумгермания иккинчи кураш турнирини юқори савияда ўтказиш билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди. Унда Ўзбекистон, Греция, Украина, Россия ва Европанинг бошқа давлатларидан спортчиларни таклиф этишга келишиб олинди.

Маълумот учун, Хайденхайм шаҳридаги ушбу тўгарак Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси ташаббуси билан 2018 йилда ташкил этилган. «Heidenheim 1846 e.V.» спорт клуби базасидаги ўзбек кураши тўгарагида Эдуард Маркер мураббийлик қилиб келмоқда, деб хабар беради «Дунё» АА.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech