01 Апрель 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +11,8 °C

Мамлакатимизда
23 Фев  2020 410

Журналистларнинг очиқ суд мажлисларида эркин қатнашиши ва ахборот олишига доир меъёрлар маъқулланди

Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий суди биносида Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси аъзолари, Олий суд судьялари, Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва ҳуқуқ-тартибот органлари раҳбар ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги Пленум қарори лойиҳасининг муҳокамаси ўтказилди.

Лойиҳада оммавий ахборот воситалари вакилларини очиқ суд мажлисларида эркин қатнашиши ва ахборот олишлари, бунинг учун судлар зарур шароит яратиши, иш ёпиқ суд мажлисида муҳокама қилиниши тўғрисидаги маълумот ҳамма учун очиқ бўлиши, ёпиқ суд ўтказилишининг асослари аниқ кўрсатилиши каби бир қанча демократик меъёрлар қатнашчилар томонидан бир овоздан маъқулланди.

Лекин, қарорнинг 14-бандидаги жиноят, маъмурий, иқтисодий ишни, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги очиқ суд процессини фототасвирга олиш, аудиовидеоёзувни амалга оширишга фақат судга раислик қилувчи рухсати билан йўл қўйилиши, ОАВ вакиллари эса стенограмма ва ёзма қайдларни олиб бориш билан кифояланиши масаласида Агентлик ўзининг тегишли таклиф ва мулоҳазаларини маълум қилди.

Унга кўра, журналист суд процесси билан ҳамоҳанг тарзда ёзма қайдларни амалга оширишга улгурмаслиги оқибатида маълумотларни тўлиқ ёзиб олмай нотўғри хабар тарқатиб қўйиши мумкинлиги, аудиоёзув ёрдамида материал тайёрлаш осон ва қулай бўлиши сабабли очиқ суд процессида (фуқаролик ишлари истисно) аудиоёзувни амалга оширишига эркинлик бериш кераклиги баён қилинди.

Мулоқот давомида Агентлик томонидан Россия, Беларусь ва бошқа хорижий давлатларда юқорида таъкидланган масалалар қонун ҳужжати билан тартибга солингани билдирилиб, судларнинг ошкоралигини таъминлашда навбатдаги қадам сифатида Ўзбекистон Республикаси Олий суди ташаббуси билан ошкораликни мақсад қилган қонун лойиҳаси тайёрланиши таклифи илгари сурилди.

Йиғилиш сўнгида асослантирилган таклиф ва эътирозлар инобатга олинган ҳолда «Суд муҳокамаси ошкоралигини ва судлар фаолиятига доир ахборот олиш ҳуқуқини таъминлаш тўғрисида»ги Пленум қарори лойиҳаси асос сифатида қабул қилинди.

Ўхшаш янгиликлар

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech