12 Июль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +36,3 °C

19 Мар  2020 1426

Нодавлат боғча очадиган тадбиркорлар қўллаб-қувватланади

Президентимизнинг шу йил 30 январда қабул қилинган “Мактабгача таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори хусусий бизнес эгалари учун яна бир имконият яратди. Негаки, унда давлат-хусусий шериклик асосида фаолият юритувчи тадбиркорлик субъектларига ҳар томонлама енгиллик белгиланган.

Давлат тадбиркорга қандай ёрдам беради?

Ҳар бир лойиҳа эгаси, боғча очиш ниятида юрганлар ҳам тадбиркорлик фаолиятини бошлашдан олдин имтиёз ва енгиллик қидиради. Тадбиркор, аввало, нодавлат мактабгача таълим муассасалари шаклларидаги фарқни ажратиб олиши лозим. Оилавий боғчанинг давлат-хусусий шериклик асосида ишга тушириладиган муассасадан фарқи уй шароитида ташкил этилганидир.

Йирик нодавлат МТТ очиш учун, биринчи галда, тадбиркорга болалар боғчасининг лойиҳаси зарур. Номзод лойиҳа суммасининг 25 фоизидан кам бўлмаган миқдорда соф активларга эга бўлиши ёки худди шунча суммага учинчи шахснинг кафолатини тақдим этиши лозим. Бу билан у ўзининг молиявий жиҳатдан лаёқатли эканини тасдиқлайди.

— Агар тадбиркор давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат МТТ очишни истаса, қуйидагиларни эътиборга олиши керак, — дейди Мактабгача таълим вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари Фаррух Аминов. — Аввало, нодавлат МТТ биноларини қуриш ва доимий фойдаланиш учун ер участкалари текин тақдим этилади. Бу энг асосий имтиёзлардан биридир. Лекин тадбиркорнинг ўз ер майдони ҳам бўлиши мумкин. Бундан ташқари, улар фаолияти учун давлат ўз тасарруфидаги бўш турган объектларни, шу жумладан, ишламайдиган давлат боғчаларининг биноларини “ноль” харид қийматида реализация қилиш, ишлаб турганларидаги бўш ер участкаларини ажратиш ҳамда мавжуд давлат боғчаларини қайта қуриш ва жиҳозлаш ҳамда кейинчалик оталиққа олиш шарти билан тақдим этиш каби вазифаларни ҳам зиммасига олади.

Оилавий боғча очган тадбиркор учун енгилликларга келсак, давлат коммунал тўловларнинг 50 фоизини тўлаб бериш билан бирга, қарорда белгиланган тартибга кўра, ҳар бир бола учун 100 минг сўмгача субсидия ҳам ажратиши мумкин.

Лицензия талаб қилинмайди

Тадбиркорликнинг бирор турини йўлга қўйишда иш берувчиларни қийнайдиган муаммолардан бири лицензия олиш жараёнидир. Бунинг учун зарурий ҳужжатларни тайёрлаш ва натижа эълон қилинишини кутишга анча вақт кетади. Оилавий боғча фаолияти учун лицензиянинг талаб қилинмаслиги вақтдан ютиш ва ортиқча қоғозбозликка чек қўйишга ёрдам беради. Унинг муассиси эса якка тартибдаги тадбиркор бўлиб, Мактабгача таълим вазирлиги билан белгиланган тартибда давлат-хусусий шериклик тўғрисида битим имзолагач, туман (шаҳар) ­ҳокимликлари томонидан бериладиган белгиланган шаклдаги рухсатномани олади ва фаолиятини бошлайди.

Тадбиркордан талаб қилинадиган иш оилавий боғчанинг кириш жойида ахборот пешлавҳасини ўрнатишдир. Унда туман (шаҳар) ҳокимликлари томонидан берилган белгиланган шаклдаги рухсатнома нусхаси, давлат-хусусий шериклик тўғрисидаги битим, педагог ва тиббиёт ходимларининг дипломлари, муассасанинг иш тартиби ва бошқа ҳужжатларнинг нусхалари жойлаштирилади.

Қандай ҳужжатлар керак?

Оилавий боғча фаолиятини йўлга қўйиш нисбатан соддароқ жараёнларни ўз ичига олса, йирик турдаги давлат-хусусий шериклик асосида нодавлат мактабгача таълим ташкилотини ташкил этишнинг ўзига хос тартиби бор. Хусусан, талабгор Мактабгача таълим вазирлигига ер участкасига бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси, бинога бўлган ҳуқуқ давлат рўйхатидан ўтказилганлиги ҳақидаги гувоҳнома нусхаси (мавжуд бўлган тақдирда), ариза тақдим этиладиган кундан узоғи билан бир ой олдин солиқлар, йиғимлар, бошқа мажбурий тўловлар бўйича қарздорлик ҳамда молиявий санкциялар йўқлиги тўғрисида маълумотларни илова қилган ҳолда ариза билан мурожаат этади. Бундан ташқари, ташкил этиш режалаштирилган нодавлат мактабгача таълим муассасаси биносининг белгиланган тартибда тасдиқланган ва келишилган лойиҳа-смета ҳужжатлари, ҳудуддаги экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, давлат санитария-эпидемиология назорати органларининг мактабгача таълим муассасасини қуриш бўйича хулосалари, муассаса биносини қуриш учун дастлабки техник-иқтисодий кўрсаткичлар кабилар ҳам талаб этилади.

Кредит ажратишда енгилликлар бор

Қарорда келтирилишича, йирик нодавлат таълим муассасаси очиш учун кредит ташкилот жойлашган ҳудудга қараб, 15 йил муддатга берилади. Агар тадбиркор чекка ҳудудда боғча очмоқчи бўлса, унга кредит паст фоизда ажратилади. Вилоят марказларида иш бошламоқчи бўлганларга 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 12 фоиз ставкада, туман марказларидаги муассаса учун 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 8 фоиз ставкада, туманларнинг бошқа ҳудудлари ­тадбиркорларига эса 3 йиллик имтиёзли давр билан йиллик 5 фоиз ставкада кредит берилади.

— Жорий йилнинг 30 январига қадар давлат-хусусий шериклик битими имзоланган тадбиркорлар 15 йил муддатга 3 йиллик имтиёзли давр билан 1 фоиз устама тўлов эвазига имтиёзли кредитлар билан таъминланди, — деди Ф.Аминов. — Бундан ташқари, оилавий боғчаларни жиҳоз ва мебеллар билан таъминлашда маҳаллий ҳокимликлар кўмаклашиши белгиланган, вазирликнинг ҳудудий бошқарма ҳамда бўлимлари томонидан эса мунтазам методик ёрдамлар кўрсатиб борилади.

Айтиш керакки, ҳудудларда мавжуд мактабгача таълим ташкилотларининг қуввати ва қамрови тизимли равишда ўрганиб борилади. Аҳоли сонидан келиб чиққан ҳолда янги ва фаолият юритаётган нодавлат мактабгача таълим ташкилотларининг қўшимча ўринларга бўлган эҳтиёжи аниқланиб, уларга ҳам ҳар томонлама кўмак берилади.

Соҳиба Муллаева,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech