18 Июль 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +25,8 °C

Маданият
1 Июл  2019 2015

Муножат Йўлчиева: «Олдин чапак чалишди, кейин оёқлари билан ерни дупурлатишди ва ҳуштак чалишди...»

Ўзбекистон давлат консерваторияси йўлаги бўйлаб оҳиста юриб келган қомати расо, енгил ва узун қора-оқ хонатлас кийган аёл: «Кеч қолганим учун узр», дейди ёқимли табассум билан. Яна бир лаҳзада у ёнимга етиб келди ва кутишга мажбур қилгани учун узр сўрагандай, оналарча меҳр билан мени қаттиқ қучди. Мен Муножат Йўлчиева билан ўзи мудирлик қилаётган Анъанавий қўшиқчилик кафедрасида мулоқот қилдим ва унинг жозибаси-ю, энергиясидан ҳайратга тушдим. Гўёки у гапирмай, балки саҳнада ижро этаётгандай, энг қийин, бугун мамлакатимизда яна қайта туғилган вокал жанрларидан бири – мақом йўналишидаги босиб ўтган йўли ҳақида гапирди.

Халқимизнинг руҳияти, донишмандлиги ва фалсафаси билан уйғунлашган Муножат Абдувалиевнанинг ажойиб ва сеҳрли овози ҳамиша ўзига мафтун этади. Ўзбекистон халқ артисти, «Буюк хизматлари учун» ва «Эл-юрт ҳурмати» орденлари соҳибаси, мумтоз ашулаларнинг бетакрор ижрочиси бир неча бор дунёнинг энг нуфузли концерт залларини забт этган. Қўшиқчи халқаро мусиқа танқидчилари эътирофига ҳам сазовор бўлган, бундан нуфузли «BBC Radio 3 for World Music Awards» мукофотини қўлга киритгани ҳам далолат беради.

Ҳеч бир муболағасиз айтиш мумкинки, Муножат Йўлчиева - анъанавий мусиқамизнинг энг ёрқин юлдузларидан биридир. Уни ватанимиз ташқарисида ҳам яхши танишади.

Унинг чиройли тембрли ноёб чуқур овози, таъсирчан кучли энергетикаси, маҳорати ва табиий жозибаси Франция ва Англия, АҚШ ва Япониядаги шинавандалар қалбларини забт этган. Қўшиқчининг ҳар бир чиқиши томошабинни Шарқнинг қадимий ва ажойиб муҳитига сингиб кетишига имкон беради. У минглаб тингловчилар учун Ўзбекистон мусиқа санъатининг ўзига хос жонлантирувчисига айланган.

Хонанда ва унинг ансамбли мумтоз - Навоий, Машраб, Фузулий, Ҳазиний ва бошқаларнинг ғазаллари ва ижодига мурожаат қилади, шунингдек, замондошлар қаламига мансуб асарлардан мақомлар ижро этади. Бу вокал санъатининг энг мураккаб жанри ҳисобланади. Уларни ижро этиш учун нафас олиш техникаси, диафрагмани назорат қилиш, нафасни тўғри йўналтира билиш талаб этилади. Яна нима ҳақида куйлаётганини ҳам билиш лозим. Унга бутун қалб қўрини бағишлаш керак. Негаки, мумтоз ғазаллар баъзи, ҳатто, ўзбек тилини мукаммал биладиганлар учун ҳам қийинлик қилиши мумкин.

- 23 ёшида Мамат Охун исмли дорбоздан синган рубоб сотиб олиб тузатиб, уни илк бор ансамблга киритган таниқли мусиқачи ва бастакор Муҳаммаджон Мирзаевнинг ўғли Шавкат Мирзаев устозим бўлади. Шу тариқа «Тошкент рубоби»нинг тарихи бошланган, - дейди Муножат Йўлчиева. - Шавкат ака ўсмирлигидаёқ отасининг жамоасида соз чалган. Улар Жўрахон Султонов ва Маъмуржон Узоқов каби ўзбек вокал санъатининг афсонавий усталари билан ҳамкорликда чиқишлар қилишган. Улардан жуда кўп нарса - мусиқани яратиш, концерт дастурларини тузиш ва ҳоказоларни ўрганган.

Муножат Абдувалиевнанинг ижоди бетакрор ва беқиёс, бироқ айни пайтда М. Узоқов мактабининг анъанасини ҳам давом эттирмоқда. Ҳурмат сифатида устознинг - «Ёр истаб», «Эй, дилбари жононим» қўшиқларини ўз репертуарига киритган.

- Консерваторияга кирганимда Шавкат Мирзаев бу ерда рубобчиларга қўшиқ куйлашдан сабоқ берарди. У менга анъанавий мусиқанинг бутун дунёсини эшигини очиб берган, - дейди қўшиқчи. - Республиканинг турли ҳудудларидан келган болалар билан танишдим, уларнинг ҳар бири мақом ижросида ўзига хос хусусиятлар билан ажратиб турарди. Устоз бизни юқори курс талабаларига бириктирди. Ва бу ҳақиқий маҳорат мактаби бўлди. Шавкат ака ўзининг ноёб ўқитиш услуби унут бўлиб кетмаслиги, балки авлоддан-авлодга ўтиши учун тўпланган тажрибасини ёшларга етказишни хоҳлади. У ҳар доим узоқ келажакка қарай оларди, кучли сезгигига эга ва талабадаги истеъдодни кўра оларди ва уни тўлиқ очиб бериши мумкин эди. Унинг кўплаб шогирдлари хизмат кўрсатган ва халқ артисти бўлишган. Улар орасида, масалан, Камила Алимова ва Абдусаид Азимов ҳам бор.

Суҳбатдошимнинг айтишича, унга ва бошқа талабаларга устози сингдирган асосий нарса - қўшиқ тингловчининг қалбига етиб бориши кераклиги. У доим: «яхши қўшиқчи бўлиш учун, аввало, шунга муносиб одам бўлиш керак. Томошабин сохталикни, носамимийликни дарров сезади», дерди.

- Энди, йиллар ўтиб, унинг қанчалик доно мураббий бўлганини тушуняпман. У бизга санъат ва ҳаётни умуман бунга қаттиқ ёпишиб олмай, енгиллик билан ўргатди, талабанинг ўзи ҳақиқатга эришишига, керакли билим ва кўникмаларга эга бўлишига имкон берди, - дейди М. Йўлчиева.

Профессионал қўшиқчи сифатида фаолиятини 1980 йилда бошлаган. Ҳозиргидай эсида: 9 февраль куни Алишер Навоий туғилган куни муносабати билан Марказий телевидениеда эфирга узатиладиган концерт дастури режалаштирилганди. Буюк даҳо ҳаёти ва фаолияти ҳақида ҳақиқий телеэпопея тайёрланаётганди. Ушбу улкан фаолиятида иштирок этиш учун консерваториядан 10-12 яқин талаба танлаб олинди, улар орасида Муножат ҳам бор эди.

- Бир кун ичида машҳур бўлдик, дейиш мумкин. Мен ва курсдошим жамоада энг ёшлари эдик. Шароф Рашидовнинг ўзи чиқишимизни кўрибди ва бу унга жуда ёқибди. Натижада биз мамлакат телерадиокомпанияси қошидаги мақомчилар ансамблига қабул қилиндик, - эслайди қўшиқчи.

- Нима учун бу йўналишни танлаганман? - суҳбатдошимни берган саволим бироз ўйлантириб қўйди. - Биласизми, бу қўшиқлар болалигимдан менга яқин эди. Ахир, улар халқнинг ҳаёти, анъаналари ва урф-одатлари билан чамбарчас боғлиқ. Бундан ташқари, аёлларда жуда кам учрайдиган овозим - икки октавалик альт-меццо-сопрано бундай ашулаларни куйлаш имконини берарди. Бу мен учун қийин бўлмаган.

Қизиғи шундаки, оиламизнинг ҳар бир аъзоси мусиқани яхши кўради, махсус таълимга эга бўлмаса-да, қўшиқ айта олади. Мисол учун, ҳеч қачон бунга ўқимаган бўлса-да, опам эстрада қўшиқларини ижро этади ва у баъзи профессионалларникидан яхшироқ чиқади.

Қўшиқчининг отаси ва акаси дастлаб бу ижодий йўлни танлашига қарши эди. Бу ҳақиқий йўлдан адашиш осон бўлган ножиддий касб, дейишарди. Мусиқа мактабига кирган акаси ҳам бунга салбий мисолларни кўрди ва бу иккаласининг ҳам гўёки ҳақлигини билдирарди.

- Яхшиямки, ўзи профессионал қўшиқчи, мусиқачи, театрлар саҳналарига чиқадиган она томонимдан бўлган тоғам тақдиримни санъат билан боғлаш ҳақидаги қароримни қўллаб-қувватлади, - дейди Муножат Абдувалиевна. - Мен қариндошларимнинг қўшиқчи бўлишимга рухсат беришларини сўраб дуо қилганларимни эслайман - бу мутахассисликдан ҳам кўпроқ нарса эди. Ижодсиз ҳаётимни тасаввур қила олмасдим. Ва мўъжиза содир бўлди. Катта акам армияга кетадиган бўлиб қолди, уни ҳарбий хизматга кузатишга келган тоғам бизникида бир неча кун қоладиган бўлди. Отам билан эрталабгача ўтириб келажак тақдиримни муҳокама қилишганларини эслайман. Натижада, ота-онам рози бўлишди. Бу энг яхши совға эди!

Пойтахтга кетишдан олдин тоғаси унга: «яхши мураббий топ ва уни ҳеч қачон қўйиб юборма, у сенга имкон қадар ҳамма нарсани берсин ва ҳар доим у билан юксаклик сари интиладиган ўзингга маънавий жиҳатдан яқин бўлган киши билан дўстлаш», дея насиҳат қилган.

- Ўқиш йиллари давомида нафақат мамлакатимиз пойтахти ва минтақаларида, балки чет элларда ҳам чиқишлар қилганмиз. Қизиғи шундаки, ўша пайтларда анъанавий қўшиқларни ҳамма жойда ҳайрат билан кутиб олишарди, - дейди Муножат опа. - Баъзан залнинг реакцияси Ватанимиздагига қараганда яхшироқ бўларди. 1984 йилда биринчи марта Иорданияга бордик. Ўшанда қўшиқларим раққосларнинг чиқишлари билан бирга бўлиши керак эди. Бу шуни англатадики, мен мақомларни эмас, балки фақат халқ қўшиқларини ижро этаман, яъни бунга ҳали тайёр бўлмаган тингловчиларнинг қабул қилиши қийин бўлмаслиги учун. Ва мен «Муножот», «Тановор» қўшиқларини ижро эта бошладим. Лекин ижро жараёнида тингловчиларнинг бундан ҳам каттароқ, жиддийроқ нарсаларга тайёрлигини тушундим. Кейин белгиланган дастурни четга суриб, мақомларни ижро эта бошладим. Сиз у ерда нималар бошланганини тасаввур ҳам қила олмайсиз! Улкан спорт мажмуасида концерт бераётганимиз учун томошабинлар жуда кўп эди, улар чапак чала бошладилар, кейин оёқларини дупирлатиб, ҳуштак чалишди... биз эса ҳайратдан қотиб қолгандик. Дастлаб, залнинг бу реакциясини ижронинг муваффақиятсизликка учраганини билдирувчи ва ёмон хулқ-атвор деб ўйладик. Кейин билсак, бу уларнинг завқ-шавқни ўзига хос намоён этиши – урф-одати экан!

Муножат опанинг ижодий тақдирида энг эсда қоларли ва катта роль ўйнагани Францияга - Париж театри Де Ла Виллега гастроли бўлган. Унинг ходими бир пайтлар Ўзбекистонга ташрифи чоғида мақомлар ижросини эшитиб, бу қадимий санъатни ватанида оммалаштиришга қарор қилган экан. Қўшиқчининг сўзларига кўра, бу Европа саҳнасига кенг йўл очиб, Италия, Голландия, Бельгия ва бошқа мамлакатлардаги нуфузли халқаро фестивалларда иштирок этиш имконини берган. Қўшиқчи деярли бутун ер шарини кезиб чиқди, фақат Австралия ва Канада концерт залларидан ташқари.

Суҳбатдошим бугун мамлакатимизда халқ ижодиётини ривожлантириш ва оммалаштиришга жиддий эътибор қаратилаётганидан хурсанд.

- Президентимиз ташаббуси билан мақом санъати қайта жонланди ва янада ривожланмоқда, - дейди у. - Бундан ташқари, янги бошлаётган ижрочилар учун ҳам эшиклар очилди. Биз ёшлар билан нафақат мусиқа, балки умумтаълим мактабларида ҳам учрашувлар ўтказяпмиз, у ерда жонли концертлар ташкил этяпмиз. Шунингдек, катта давлат тадбирларида, янги истеъдодларга йўлланма берадиган «Шарқ тароналари» халқаро фестивалида иштирок этяпмиз. Ҳар йили унда иштирок этиш учун консерваториядаги талабалар орасидан 15 кишини танлаб оламиз. Ижодга энди кириб келаётганлар учун бу катта мактаб негаки, улар профессионал қўшиқчилар билан тенгма-тенг рақобатлашади. Тасаввур қилинг-а, бутун концерт давомида бир нафасда қўшиқ айтиш керак! Бунга фақат жиддий тайёргарлик ва қаттиқ меҳнат билан эришилади. «Шашмақом»нинг олти цикли 250 дан ортиқ соз ва ижро қисмларни ўз ичига олади. Буларнинг барчасини ўрганиш учун созанда ва хонанда талабалар махсус сабоқлар олишади. Сўнггида овоз имкониятлари бўйича репертуар танлаймиз.

Умуман мусиқа ва айниқса, мақом санъати жуда мураккаб, лекин Муножат Йўлчиева унинг ўз жонажон Ватани билан чамбарчас боғлиқлигини яхши кўради. Бу аллақачон классикага айланган халқ ижодий санъатидир. Бу ерда сўзлар чуқур фалсафий маънога эга. Ҳар бир сатр тугалланган маънога эга бўлган алоҳида бир асар каби. Шу боис ҳам ушбу санъат кўплаб замонавий композициялардан фарқли ўлароқ, ҳеч қачон қаримайди.

- Мен ҳар қандай қўшиқ санъатида, айниқса, мақомда, уни тингловчига тўлиқ етказиш имконини берадиган учта таркибий қисм бўлиши керак, деб ўйлайман, - дейди халқ артисти. - Бу тўғри диапазондаги овоз, сўзлар, ва албатта, мусиқа. Ансамбль одатда ритмни белгилаб берувчи доира, рубоб, ғижжак ва дуторни ўз ичига олади. Улар ўрнини чанг, най, сато ва танбур тўлдириши ёки алмаштириши мумкин.

Ва ҳаммаси рисоладагидек жойига қўйилган бўлса, дунёнинг исталган мамлакатида тингловчи таржимага муҳтож бўлмайди - руҳнинг ўзи асарни қабул қилади. Бундай ҳолда, ижрочининг томошабин билан мулоқоти юракдан юракка қабилида кечади.  

Оксана Кадишева.

«Правда Востока».

Музаффар Абдуллаев сурати.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech