01 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13 °C

Рақамлаштириш
7 Апр  2020 1514

“Ақлли қишлоқ хўжалиги” концепцияси

Меҳнат унумдорлигини 30 фоиз оширади, пахта ҳосилини юз фоиз  машинада териб олиш, юқори сифатли экин навлари яратишни тўлиқ таъминлайди

Давлатимиз раҳбарининг фармон ва қарорларига биноан, 2020 йилдан бошлаб қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини кенг жорий этиш, тўлиқ рақамлаштириш, фермер ва деҳқонлар манфаатдорлигини ошириш мақсадида пахта ва ғалла етиштиришга давлат буюртмасини бекор қилиш ҳамда бозор тамойиллари асосида харид қилиш тизимига босқичма-босқич ўтиш белгилаб берилди. Бу борада Президентимиз томонидан 2020 йил 28 январда имзоланган “Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-2030 йилларга мўлжалланган стратегияси белгиланган вазифаларни 2020 йилда амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлади.

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги соҳада инновацион лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этишга катта эътибор қаратмоқда. Олиб борилаётган изланишлар, турли даражадаги ҳамкорликлар негизида тармоқда туб бурилишлар рўй бериши кутиляпти. Аввало, сунъий йўлдош тасвирлари ва техник воситалари ёрдамида рақамлаштиришни босқичма-босқич амалга оширишда “Ақлли қишлоқ хўжалиги”ни жорий этиш концепция­си лойиҳаси ишлаб чиқилади. Лойиҳа амалиётга татбиқ этилса, деҳқончилик маҳсулотларининг экспорт имконияти кенгаяди,  “ишлаб чиқаришдан пештахтагача” кузатув тизимини 50 фоиз ишга туширишга эришилади. Меҳнат унумдорлиги 30 фоиз ошиб, пахта ҳосили тўлиқ машинада териб олинади. Стрессларга чидамли, юқори ҳосилдор, ташишга мослашган, биоактив моддаларга бой экинлар навларини яратиш 100 фоиз таъминланади.

Қишлоқ хўжалиги ерлари ва уларда етиштириладиган экинлар ҳолатини тезкор ҳамда аниқ баҳолашда ҳам сунъий йўлдош маълумотларидан фойдаланиш, масофадан зондлаш технологиялари тажрибадан ўтказилади. Бу билан республика бўйича барча турдаги қишлоқ хўжалиги экинларини аниқлаш ва майдонларни баҳолашга эришилади. Сунъий йўлдош маълумотлари республикада “аниқ деҳқончиликни юритиш” бўйича ахборот-таҳлилий базани шакллантиришга хизмат қилади ва фермер хўжаликларининг мобил иловадан фойдаланиши имконияти яратилади.

Яна бир муҳим йўналиш — “Ақлли иссиқхона” технологияси бўйича лойиҳалаштириладиган объектлар сони 500 тага етказилади. Чорвачиликда эса маҳсулотлар ишлаб чиқаришнинг автоматлаштирилган тизими йўлга қўйилади. Бунинг натижасида соҳада ишлаб чиқариш билан боғлиқ харажатлар 15 фоиз қисқаради.

Мамлакатимизда рақамли қишлоқ хўжалигига ўтиш ишлари Қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат ташкилоти (ФАО) ва Жаҳон банки билан ҳамкорликда амалга ошириляпти. Эндиликда экин ерлари, яйлов ва ўрмон майдонларини электрон тарзда мониторинг қилиш лойиҳаси, қишлоқ хўжалигини рақамлаштиришга ўтишнинг фазалари ва йўналишларини аниқ белгилаш бўйича техник-иқтисодий асоснома ҳамда техник топшириқ ишлаб чиқилади.

Президентимизнинг 2019 йил 17 июндаги фармони билан тасдиқланган концепция доирасида қишлоқ хўжалигида фойдаланишга киритиладиган ерларни геоахборот тизими орқали мониторинг қилиш мақсадида махсус онлайн платформа прототипи яратилди. Агросаноат мажмуига тегишли барча вазирлик ва идоралар ахборот тизимларининг интеграциясини таъминлайдиган ягона дастур ҳам ишлаб чиқилади. Айни пайтда эса “Ақлли қишлоқ хўжалиги” давлат дастури лойиҳаси устида иш олиб борилмоқда.

Қишлоқ хўжалигининг такомиллашган тизимларида турли “ақлли технологиялар” (смарт-сенсорлар) экин ва атроф-муҳит шароитидан келиб чиқилган ҳолда ўрнатилади. Масалан, зараркунандалар ва касалликларни олдиндан аниқловчи, иқлим назорати — ҳароратни, намликни, карбон диоксид даражасини ўлчовчи воситалар, озуқа моддалари билан таъминлаш ва суғориш асбоблари кабилар шулар жумласидан. Уларнинг қўлланилиши ҳосилдорликни камида 30 фоиз оширишни кафолатлайди. Бундан ташқари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш ва уларни сотиш занжирларида ҳам такомиллашган тизимлар жорий этилади ва пировардида катта ҳажмдаги электрон маълумотларни йиғиш имконияти яратилади. Уларни сақлаш ва таҳлил қилиш натижасида эса сув, ер ва бошқа чегараланган ресурслардан самарали фойдаланиш,  озиқ-овқат сифати ва хавфсизлигини таъминлаш мумкин.

Электрон тизимнинг қулайлиги шундаки, ҳосил йиғилганидан сўнг ҳам унинг фаолияти маҳсулотларни қайта ишлаш, қадоқлаш, тозалаш, навга ажратиш, етказиш ва бош­қа қўшимча қиймат занжирларини яратиш каби йўналишларда давом этади. Қисқаси, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” технологиялари юқори ҳосилдорлик ва сифатга эришиш, сув сарфи ҳамда маҳсулот таннархини камайтириш, ҳосилни режалаштириш ва прогнозлаш каби йўналишларда муҳим ўрин тутади. Шу билан бирга, смарт-технологиялар жорий этилиши ёш авлод вакилларида бу тармоққа қизиқиш уйғотади. Бу эса соҳада янги иш ўринлари кўпайишига йўл очади. Аммо рақамли қишлоқ хўжалигини ташкил этиш ва ундан фойдаланиш билан боғлиқ масала ҳам борки, у соҳани чуқур биладиган ҳамда замонавий техник-технологик билимларга эга малакали кадрлар талабини юзага келтиради. Энг аввало, қишлоқ хўжалигида янги касб эгалари — дастурчи, ITo (асбоблар интернети) муҳандиси, IT-мутахассислар зарур бўлади.

Президентимизнинг ўтган йил 19 августдаги “Тошкент давлат аграр университети фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, ушбу олий таълим муассасаси  ва унинг филиалларида қишлоқ хўжалиги таълими ва илм-фанини янада ривожлантиришнинг устувор йўналишлари этиб тармоққа инновацион ресурс тежамкор технологияларни қўллаш, “Ақлли қишлоқ хўжалиги” (Smart agriculture) ва рақамлаштирилган агротехнологияларни жорий қилиш бўйича замонавий билимларга эга бўлган кадрлар тайёрлаш белгиланди. Бу, олий таълим тизимида ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлашга давлат сиёсати даражасида қаралаётган айни пайтда қишлоқ хўжалигида ҳам рақамли технологиялар билан ишлай оладиган, халқаро тажрибаларни пухта ўзлаштирган малакали кадрлар тайёрлашда муҳим омил бўлади.

Шерзод НОСИРОВ,

Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг инновацион технологияларни жорий этиш
ва қишлоқ хўжалигини рақамлаштириш бошқармаси бошлиғи.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech