17 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +8,8 °C

Фикр
27 Фев  2019 7139

Автомобилдан сақланинг! Бу кино эмас, ҳаққоний ҳаёт

Альбина ўғли Артём билан бирга ёзда денгиз бўйида дам олишни орзу қилишарди. Ўша куни болакай мактабига хурсанд ҳолда кетди. Ахир, кечқурун уйда жуда кўнгилли иш - курортни танлаш кутаётганди. Бу уларнинг биргаликдаги биринчи саёҳати бўлади. Ишдан уйига эртароқ қайтган Альбина ҳеч бир сабабсиз тоқатсизлана бошлади. Негадир кўнгли жуда нотинч эди. Аммо буни бўлажак саёҳат олдидан шунақа бўлишига йўйди. Телефон жиринглаши хаёлларини тўзғитди. Гаплашгач, бутун дунё кўзига қоронғи бўлиб кетди. Маълум қилишларича, Артёмни машина босиб кетибди. Шифокорлар қанча ҳаракат қилишмасин, уни барибир сақлаб қола олишмабди.

Айрим учар ҳайдовчилар учун уларнинг бундай хатти-ҳаракати қандай фожиали оқибатларга олиб келиши ҳақида ўйлаб кўришлари учун бир нечта ана шундай ҳодисаларни келтиришга қарор қилдик. Бу кўча ёки чорраҳани қулоқларига наушниклар тақиб ўтаётган ёки йўлнинг тақиқланган қисмидан кесиб ўтаётганларга ҳам тааллуқли.

Амир К (барча исм-шарифлар ўзгартирилган) ўғлининг тўйига у орзу қилган машинани совға қилди. Аммо отаси кейин бу ишидан пушаймон ҳам бўлди. Ўғли доим машинани катта тезликда ҳайдарди. Бир сафар турмуш ўртоғи билан ҳалокатга ҳам учради, аммо хайриятки, соғ-омон қолдилар. Енгил жароҳат билан қутулишди. Шундан сўнг йигит машинани бир муддат тез ҳайдамай юрди.

Бир куни ўртоғи билан туғилган кунини нишонлашди. Унинг рулга маст ҳолда ўтиргани етмагандай, машинани жуда катта тезликда бошқара бошлади. Кейин бошқарувни йўқотиб, симёғочга урилди ва ҳодиса жойидаёқ ҳаёт билан видолашди. Бу пайтда турмуш ўртоғи уни уйда кўзлари тўрт бўлиб кутарди. Сабаби, фарзанд кутишаётганини айтиб, эрини хурсанд қилмоқчи эди...

Раъно А.нинг ҳаёти энди маъносиз. Ўтадиган ҳар бир куни унинг юрак-бағрини эзади. Бироқ илгари, бахтиёр она ва рафиқалигида ҳаммаси бошқача эди. Эриям, ўзиям якка-ю-ёлғиз қизалоғини жуда-жуда яхши кўришарди. Университетни аъло тугатган аёл яхшигина иш ҳам топганди. Алоҳида яшаса-да, ҳар ҳафта дам олиш кунлари ота-онасини кўргани бориб турарди.

Кунларининг бирида... она қизининг келишини кутмоқда. Қизалоғи яхши кўрадиган картошкали пишириқни тайёрлаган. Дадасини эса дўконга ширинлик олиб келиш учун жўнатди. Қизи кечика бошлагач, ота-онаси хавотирга тушдилар. Телефони эса хизмат доирасидан ташқарида эди. Метрода келаётган бўлса керак, деб ўйлашди. Аммо аслида бўлиб ўтган ҳодиса даҳшатли эди: қизалоқни машина уриб кетганди, ҳатто, шифохонага ҳам етиб бора олмай, йўлда жони узилган. Бундай мудҳиш янгиликдан қизнинг отасида инфаркт хуруж қилди. Хуллас, аёл бир кунда жигарбанди ва суюкли эридан айрилди.

Одил О.нинг ўз машинаси йўқ эди. Доим жамоат транспортида юрарди. Бир куни ишга кечикаётгани сабаб такси тўхтатди. Аммо йўлда ЙТҲга учрашди, икки машина пешонама-пешона тўқнашган. Ҳайдовчи ҳодиса жойининг ўзидаёқ ҳаётдан кўз юмган. Одилни сақлаб қолиш учун шифокорлар бир неча кун курашдилар, аммо унинг ҳам бу оламдаги вақти-соати битган экан. Унинг уч фарзанди чирқираб қолди, болакайлар дадасининг нега бунча узоқ вақт уйга келмаётганини ҳалигача тушунмаяптилар.

Афсуски, бундай ҳодисалар жуда кўп. Биргина пойтахтнинг ўзида кунига тўрттагача йўл-таранспорт ҳодисаси кузатилади. Тўғри, уларнинг ҳаммаси ҳам ўлим билан тугайвермайди. Аммо фалокат сабаб етадиган жароҳатлар ҳам турлича бўлади. Айримларидан сўнг кўпгина кишилар меъёридаги ҳаётга қайта олишмайди. Афсуски, ЙТҲга совуққон қараш, йўлда бошқаларни писанд қилмаслик ҳолатлари барибир учрамоқда. Агар Тошкент ИИББ маълумотига қарайдиган бўлсак, бир ҳафта мобайнида йўл ҳаракати қоидаларини бузиш сони уч мингтадан ошиб кетади.

...Бироқ ҳар бир ҳаёт билан видолашган киши ортида ўзининг ҳам жони узилгандек бўлиб оиласи, бола-чақаси қолишини зинҳор унутмаслик лозим.

Ҳар куни пойтахтимизда бир нечта ЙТҲ содир бўлади. Масалан, 2018 йилда 153 киши ҳаёт билан видолашган ва 1502 киши турли оғирликдаги тан жароҳати олган 1233 та ЙТҲ қайд этилган. Ўтган йилларга қараганда бу ҳолатларнинг камайганини кўриш мумкин, албатта. Хусусан, 2016 йилда 226 киши ҳалок бўлган 1740 та, 2017 йилда 190 киши ҳаёт билан видолашган 1610 та ЙТҲ қайд этилган.

Оксана Малосабирова.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech