17 Сентябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +15,3 °C

Транспорт
6 Июл  2019 2849

Автосаноат: афсона ва ҳақиқат

Маҳаллий автомобиллар нархлари аввалгидек мунтазамлик билан ошиб боришдан тўхтади. Автомобиль ихлосмандлари қувонишга шошилишмаяпти - тез орада ишлаб чиқарувчи бюджетга ҚҚСни тўлайди, бундан ташқари, инфляция ҳам таъсир қилиши мумкин. Чегирмалар ва бошқа акцияларни тақдим этган ҳолда чакана нархларни бир маромда ушлаб туриш масаласига жойида жавоб топиш учун «UzAuto Motors» АЖ ва унинг учун бутловчи қисмларни ишлаб чиқарадиган бир нечта корхонага ташриф буюрдик.

Автомобиль саноатини қўлда йиғиш, хорижий маркаларга киришни чеклаш, ички бозорда нархларни ошириш, моделлар сериясининг камлиги ва бошқаларда айблашади. Бироқ яқин-яқингача норозиликлар учун сабаб бунданда кўп эди.

Яхшисидан бошлай қолайлик. Энг оғриқли нуқта – савдо тизими яхши томонга ўзгармоқда. Бу энди ғайритабиий туюлади, лекин уч йилча олдин машинага нақд пулсиз тўлаб ёки бўлиб-бўлиб тўлаб сотиб олиш мумкин эмасди. Баъзан одамлар йиллаб кутишарди, «шапка»ям бериб, машинани олгач миннатдор ҳам бўлишарди. Энди, эҳтимол, автосалонлар аслида истеъмолчи мусиқага буюртма беришини тушуна бошлагандир. Масалан, автомобиль сотиб олгани учун совға сифатида велосипед, турли чегирмалар берилмоқда, «45 дақиқа ичида авто» ва «Сизникига боряпмиз» хизматлари тақдим этиляпти.

– Ишлаб чиқарувчи сифатида биз барча ривожланиш сценарийларини кўриб чиқяпмиз, чунки ҳукумат бирор кун импорт автомобилларга божни бекор қилиши мумкин, – дейди «UzAuto Motors» АЖ бош директори вазифасини бажарувчи Рустам Ражабов. – Ҳозир бозорни хорижий брендлар ўзлаштиряпти. Юртимизда «Лада»нинг 11 автосалони мавжуд ва шунингдек, «Renault» автомобиллари ҳам пайдо бўлади. Рақобатбардош устунликка эришиш, маҳсулот таннархини камайтириш учун ишлаб чиқаришни оптималлаштириш бўйича мунтазам режали иш олиб боряпмиз. Моделларнинг нархлари ўртача 1,5 минг долларга камайди, умуман, 2018 йилда таннарх 1,2 триллион сўмдан зиёдга тушди.

Истеъмолчилар нархларнинг сезиларли қайта кўриб чиқилганига эътибор қаратишмади. Мутахассислар буни имтиёзларларнинг бекор қилиниши ва инфляцияга қарамай, кўрилган чора-тадбирлар чакана нархларни бир хил даражада сақлаб қолиш имконини берди, дея изоҳламоқда. 2018 йилда тармоқ солиқ ва бошқа тўловлар шаклида бюджетга 1,6 триллион сўм тўлаган. Акциялар ўтказиш ва харидорларга қулай бўлган бўлиб-бўлиб тўлаш учун шарт-шароитлар юзага келди.

Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган: сифат назорати ва синовлар

Машиналар Асака заводида ишлаб чиқарилса-да, тармоқ ҳақида гапирганда, юзлаб турдаги бутловчи қисмлар, фаралар, ойналар, электр симлари, овоз сўндиргичлар ишлаб чиқарувчи бошқа корхоналарни ҳам унутмаслик лозим.

«Uz-Dong Won» АЖ ҚК овоз сўндиргичлар, зарбага чидамли эшик балкалари ва кузов қисмларини ишлаб чиқаради.

– Маҳсулотларимиз нархини 16 фоизга камайтиришга эришдик, – дейди корхона бош директори Баҳодир Саматов. – Бунинг учун баъзи етказиб берувчиларни ўзгартирдик, харажатларни камайтирдик. Масалан, бизда тахталанган металл хомашё сифатида хизмат қилади. Лазер ёрдамида кесиш усулига ўтиш натижасида 30 фоизгача етадиган кесик парчаларни йўқотиш камайди.

Дарвоқе, корхона «Группа ГАЗ» БК (Россия) учун бутловчи қисмларни ҳам ишлаб чиқаради. Исталган бутловчи қисмларни ишлаб чиқарувчилар учун экспорт талаб этилади, негаки улар импорт пўлатдан фойдаланади ва валютага муҳтож.

«UzKoje» қўшма корхонаси автомобиллар учун электр симларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган. Ишлаб чиқариш жуда юқори технологияли - машинадаги симлар ҳароратнинг кескин ўзгаришига бардошли бўлиши лозим - нафақат қаттиқ қизиб кетишга, балки минус 40 даража совуққа ҳам. Симларнинг ёниб кетиш ҳолатларида ўзини ўз ўчирадиган махсус кимёвий бирикмалардан фойдаланилади. Сифатни назорат қилиш учун завод лаборатория ва замонавий синов-техник ускуналар билан жиҳозланган.

«Nexia 3», «Spark», «Cobalt» ва «Lacetti» моделларини фараларидан таниб олиш қийин эмас. Уларнинг барчаси «UzChasys» МЧЖ ҚК да ишлаб чиқарилади. Корхона ОЕМ-етказиб берувчилар (ОЕМ - «original equipment manufacturer» - «асл нусха ускуна ишлаб чиқарувчи») сирасига киради. Яъни, унинг маҳсулотларини бошқа маркаларда, масалан, «АвтоВАЗ» ОАЖнинг «Лада» автомобилларида ҳам кўриш мумкин.

Шунингдек, кундузги ёритиш чироқлари маҳсулотлари жазирама шароитда узоқ вақт юришга бардош берадими-йўқми, юртимизда ишлаб чиқарилган автомобиллар фараларининг ёниб кетиши сабаблари билан қизиқдик. Мутахассисларнинг фикрича, бу заводда ишлаб чиқарилмаган қисмларни ўрнатиш натижасида бўлиши мумкин. Асл маҳсулотлар юкламаларга бардошли. Яқинда заводда ишлаб чиқарилган маҳсулотларга бўлган талабнинг ошганини ҳам шу билан боғламоқдалар.

Баъзилар машинани сотиб олаётганда фараларини ўзгартиради. Асл нусхани танлашлари учун компания тюнинг-чироқларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришни режалаштирмоқда.

«Автоойна» МЧЖда автомобиль ойналари мустаҳкамлигини текшириш синовлари гувоҳи бўлдик. Лабораторияда улар қиздирилади ва жуда паст ҳароратда совитилади, сўнг устига бир неча метр баландликдан салкам 300 грамм оғирликдаги пўлат соққаларни ташлашади. Табиийки, шиша ёрилиб кетади. Лекин бу муаммо эмас, агар у алоҳида бўлакларга бўлиниб қолса, синовдан ўтмайди. Дарвоқе, бу ерда соққа келиб тушганда чил-чил бўлиб кетадиган паст сифатли ойна ҳам намойиш этилди.

– Маҳсулотларни тез-тез сохташтиришади, – дейди  «Автоойна» МЧЖ бош директори Маҳмуд Отабоев. – Қўлда ясалган маҳсулотни синов пўлат соққаси тешиб ўтади. Паст сифатли маҳсулотни турли параметрлар бўйича ҳам аниқлаш мумкин. Масалан, «Cobalt» автомобилларида қуёшдан ҳимояловчи чизиқ кўзда тутилмаган, қалинликда (асл нусхада - 4,92 мм) ҳам, шунингдек, туширилган белгиларда ҳам фарқлар мавжуд.

Тармоқ корхоналари ўртасидаги фарқ - роботлаштиришдир, баъзиларида бу кўрсаткич 90 фоизни ташкил этади. Баъзан бир хил ишни кўриш мумкин - масалан, пресс остига пўлат тахталарни алмаштириб қўйиб туришни одамлар ҳам, роботлар ҳам бажараётганини.

Мутахассисларнинг фикрича, роботлар вазифани самаралироқ бажаради, аммо биз учун бандликни таъминлаш ҳам муҳим аҳамиятга эга. Шу боис автоматлаштириш ходимлар сонини қисқартириш ҳисобига эмас, балки ишлаб чиқаришни кенгайтириш ҳисобига амалга оширилади. Дарвоқе, битта робот-манипулятор ўртача юз минг доллар туради.

Асакаликлар хафа

Фарғона водийси бўйлаб ўнлаб йирик бутловчи қисмлар ишлаб чиқарувчилар тарқалган, бироқ маҳаллий автомобилсозлик саноати фақат четдан олиб келинган қисмларни қўлда йиғишдан иборат, деган фикр ҳам йўқ эмас. «UzAuto Motors» заводи бўйлаб экскурсия уюштирган Рустам Ражабов бу фикрга қўшилмайди.

Цехларни кўрсата туриб, у асосий эътиборни пўлат ўрамининг штамплаш ва пайвандлашдан ўтиб, аста-секин автомобиль кузовига айланиши жараёнига қаратди. Бу жараёнда ишчилар жуда кўп юмушларни бажарадилар – деталлар бир-бирига тўғри ва мос келиши ҳам керак – миллиметрлик хато бутун бошли кузовни бракка чиқариши мумкин.

Асосий заводдан ҳар 70 сонияда янги автомобиль чиқади. Конвейердан сўнг дарҳол уларнинг моторлари ўт олдирилиб, синов линиясига ҳайдаб келинади, у ерда салоннинг сув ўтказмаслиги ва нуқсонлари йўқлиги бир неча босқичда текширилади.

– Баъзи фуқароларимизнинг заводни самарасиз деб атагани ва фаолияти тўхташини истаётганини эшитдик, – дейди бригадир Ғайратжон Шокиров. – Мен бунга умуман қўшилмайман ва бундан жуда хафа ҳам бўлдим. Цехлардаги ишчиларимиз виждонан ишлайди ва кўриб турганингиздек, биз тайёр қисмларни йиғмаймиз, балки деярли нолдан машина яратамиз.

Яқин келажакда исталган кишига завод бўйлаб экскурсиялар тақдим этилади. Аммо кичик тўлов эвазига. Сафар охирида барча меҳмонлар эсдалик совғалари олишади.

Маҳаллийлаштириш: нимани ўзлаштирмаймиз?

Автомобиль саноатида импорт ўрнини босиш йилдан-йилга ўсиб бормоқда ва келгусида ҳам давом этади. Бироқ ўзлаштириш фойда бермайдиган маҳсулотлар ҳам бор.

– Хавфсизлик ёстиғи ишлаб чиқаришни режалаштирмаяпмиз, – дейди Р. Ражабов. – Дунёда фақат иккита шундай ишлаб чиқарувчи бор. Харажатлари ўн миллион доналаб ишлаб чиқарилиши сабабли қопланади. Биз, шунингдек, компьютер блокини ҳам ўзлаштирмаймиз.

«Ўзкимёсаноат» АЖ билан биргаликда юритгич суюқликларини, «Ўзэлтехсаноат» уюшмаси билан сақлагичлар, датчиклар ва бошқа электроникаларни маҳаллийлаштиришни режалаштирмоқдамиз.

Яна бир бор нархлар ҳақида

Завод бошлиғининг айтишича, режалаштирилган ҚҚСни тўлашга ўтиш таъсирини камайтириш учун барча ишлар амалга оширилади. Таннархни камайтириш келгусида ҳам давом этади, бу янги натижалар бериши мумкин.

Бу жараёнда муҳим омиллардан бири - коррупцияга қарши курашишдир. Махсус стандарт - ISO 37001 - порахўрликка қарши курашиш менежменти тизими завод фаолиятига татбиқ этилади. Р.Ражабов айтганидек, турли «шапка»лару учинчи шахсларнинг «улуш» олишларига қарши чоралар кўрилмоқда.

Таъкидлаш жоизки, «UzAuto Motors» АЖ автомобилларини маҳаллийлаштиришнинг ўртача даражаси 55 фоиздан зиёдни ташкил этди. 2018 йилда юзта янги компонент ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, импорт 157 миллион долларга қисқарди.

Муҳаммад Қаршибоев.

«Правда Востока».

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 5 июлдаги 135-сонида «Автопром: мифы и реальность» сарлавҳаси билан чоп этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech