27 Май 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +28,6 °C

Бизнес
30 Мар  2020 911

Бизнес-омбудсман муаммоли вазиятда тадбиркорни қўллайди

Бирор соҳада ишлаб чиқаришни йўлга қўйиб, уч-тўрт одамни иш билан таъминлаш осон эмас. Аввало, бунга катта журъат ҳамда молиявий кўмак керак. Халқимиз бошига келган коронавирус балоси барча қатори тадбиркорлар фаолиятини ҳам четлаб ўтмади. Аниқроғи, инвесторлар билан ҳамкорликда лойиҳалар бошлаётган ва шу орқали рўзғорини тебратиб, давлатимиз иқтисодиёти ривожига ҳисса қўшаётган тадбиркорларга қийин бўлиши тайин.

Шуни ҳисобга олган ҳолда ҳукумат томонидан дунёдаги эпидемиологик вазият ва Ўзбекистонда коронавируснинг тарқалиши туфайли шартномалар бажарилмаган тақдирда бизнес учун “форс-мажор” режими жорий этилди. Бундан ташқари, карантин фаолиятига салбий таъсир кўрсатган жисмоний шахслар ва якка тартибдаги тадбиркорларнинг реал даромад ва имкониятлари ҳамда молиявий қийинчиликларни бартараф этиш муддатларидан келиб чиқиб, кредит тўловларига имтиёзли давр бериш ҳамда якуний тўловлар муддатларини берилган имтиёзли даврга мос равишда узайтириш чоралари кўрилмоқда.

Шунга қарамай, айрим тадбиркорлик субъектларининг давлат органлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат идоралари билан ўзаро муносабатларида тадбиркорлик фаолияти субъекти ҳуқуқларининг устуворлиги принципига амал қилинмаслик ҳолатлари ҳам учраши мумкин. Ҳуқуқи поймол бўлган, фаолияти асоссиз тўхтатилган тадбиркорлар мурожаат қиладиган ташкилотлардан бири Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил институтидир.

Айтиш керакки, 2017 йил 5 майда Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакили институтини таъсис этиш тўғрисида”ги фармони қабул қилинган эди. Меъёрий ҳужжатга биноан, таъсис этилган янги институт — Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил, халқона айтганда, Бизнес-омбудсман инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсмандан фарқли равишда ишбилармонларнинг шикоят, ариза ва таклифларини ўрганиб, уларга кенг кўламли ёрдам беради.

Тадбиркорларни қандай муаммолар қийнайди?

— Ўтган йили ташкилотимизга тадбиркорлардан 6 минг 328 та мурожаат келиб тушди, — дейди Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил девони бош инспектори Шерзод Саидов. — Ўрганишларимиз тадбиркорларни кўпроқ қандай муаммолар қийнаётгани хусусида муайян хулосалар чиқариш имконини берди. Мурожаатларнинг аксариятида маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорлари (хатти-ҳаракатлари)дан норозилик билдирилган. Ер олиш масаласида ҳам тадбиркорлар кўп бора мурожаат қилган. Қолаверса, назорат қилувчи органлар ва банклар фаолияти, солиқ соҳасига оид қонун ҳужжатларига риоя қилмаслик ҳамда суд қарорлари ва уларнинг ижроси билан боғлиқ масалаларда мурожаат қилишади. Ташкилотимиз томонидан тадбиркорларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқларини тиклаш юзасидан тақдимнома, хулоса ва маъмурий баённомалар расмийлаштирилиб, судларга юборилган. Таъсир чоралари кўрилиши натижасида мансабдор шахсларнинг айримлари интизомий ҳамда маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, давлат органлари ва ташкилотлари томонидан ноқонуний қабул қилинган 351 та қарор бекор қилинди. Демак, шунча тадбиркор нотўғри ва ноқонуний чиқарилган қарор ортидан азият чекиб юрган.

— Бундан бир неча йил олдин фойдаланилмаётган бинони юз миллион сўм инвестиция киритиш шарти билан аукционда сотиб олган эдим, — дейди “ISTEL” МЧЖ директори Мақсуд Бобожонов. — Уч миллиард сўм атрофида маблағ сарфлаб, меҳмонхона очдик. Ишни энди бошлаганимизда ҳокимлик вакиллари келиб, объект бошқа тадбиркорга берилганини айтди. Ҳақ-ҳуқуқимизни талаб қилиб жуда кўп идораларга мурожаат этдик. Айрим ташкилотлар биздан объектни олиб қўйиш мутлақо асоссиз экани тўғрисида хат беришдан нарига ўтолмади. Салкам бир йиллик оворагарчиликдан сўнг танишлар тавсияси билан Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил — Бизнес-омбудсманга мурожаат қилдим. Мурожаатим ўн беш кун давомида ўрганиб чиқилди. Бизнес-омбудсман вакили номимдан судда қатнашиб, ерга эгалик ҳуқуқимни қайтарди. Ҳокимлик томонидан бинони олиб қўйиш тўғрисида чиқарилган қарор нотўғри экани исботланди.

Ортиқча оворагарчилик ва ноҳақлик тадбиркор силласини қуритади. Бу, ўз навбатида, унинг ишига, албатта, салбий таъсир этади. Йирик солиқ тўловчи тадбиркорлар қаторига кирувчи навбатдаги суҳбатдошимизнинг иши бироз чигалроқ эди.

— Ўтган йили 15 августда бизга 20 сотих ер 4,5 миллион АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритиш шарти билан ажратилган эди, — дейди “Primer Brokers” МЧЖ директори Дилором Мангужек. — Бу объектда Ўзбекистон учун янгилик бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқаришни мўлжаллаган эдик. Аввалига у ер бошқа тадбиркорга сотиб юборилди. Бу бўйича шикоят қилганимдан кейин бошқа жойдан ер ажратилди. Кейин билсам, у бузиладиган ҳудудда жойлашган экан. Бундан ташқари, у ерда сув, газ ва электр ўтказиш харажатлари учун ҳам жуда катта маблағ ҳисоблаб берилди. Нима қилишимни билмадим. Инвесторлар билан келишиб қўйганман, иш бошлашим керак. Бу бўйича ёрдам сўраб бормаган ташкилотим қолмади. Уларнинг барчаси ҳокимлик қарорига қарши чиқолмаслигини билдирди. Шундан сўнг Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга мурожаат қилдим. Масаламиз обдон ўрганилиб, беш ойдан бери ҳал бўлмаётган муаммога бир кунда ечим топилди...

Ваколат кенгайди, кейин-чи?

Президентимизнинг 2019 йил 15 мартдаги “Тадбиркорлик фаолиятини ҳимоя қилиш тизимини тубдан такомиллаштириш ва прокуратура органлари фаолиятини оптималлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига биноан, ўтган йилнинг 1 апрелидан тадбиркорлик субъектларида ўтказиладиган текширишларни мувофиқлаштириш ва уларнинг қонунийлиги устидан назорат қилиш Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга юклатилди. Шундан сўнг вакил девони тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни мувофиқлаштириш ва назорат қилувчи органлар томонидан текширувлар ўтказилишининг қонунийлиги устидан доимий назорат ўрнатди.

— Вакил томонидан Назорат қилувчи органлар томонидан тадбиркорлик субъектлари фаолиятида ўтказиладиган текширувларни келишиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳаси ишлаб чиқилиб, 39 та назорат идораси билан келишилди ва қабул қилиш учун Вазирлар Маҳкамасига киритилди, — дейди Шерзод Саидов. — Шу билан бирга, “Тадбиркорлик субъектлари фаолиятини давлат томонидан назорат қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиб, барча манфаатдор вазирлик ва идоралар билан келишилган ҳолда Адлия вазирлигига тақдим этилди. Шунингдек, 2019 йил 12 ноябрда қабул қилинган “Баъзи давлат органларининг фаолияти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ва бузилган ҳуқуқларини тиклашда муҳим аҳамият касб этувчи вазифаларни киритишга эришилди.

Мутахассиснинг таъкидлашича, мазкур меъёрий ҳужжатга кўра, Бизнес-омбудсман ва унинг девони ходимларининг қонуний фаолиятига тўсқинлик қилганлик ҳолати бўйича мансабдор шахсларга нисбатан маъмурий жавобгарлик белгиланиб, ташкилот тадбиркорлик субъектлари манфаатларини кўзлаб берилган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий судларда давлат божини тўлашдан озод қилинди.

Тадбиркорлик фаолияти тикланишига кўмак берилади

Тадбиркорлик аслида таваккалчилик деганидир. Бошланишида зўр фойда келтираётган ишингиз бирпасда тўхтаб қолиши ёки аксинча, аввалига зарар билан ишлаётган лойиҳангиз зўр тадбиркорлик субъектига айланиши мумкин. Турли сабабларга кўра иложсиз қолган тадбиркорларга Бизнес-омбудсман қандай кўмак бераётгани кўпчиликни қизиқтиради, албатта.

— Ҳозирги карантин даврида аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари билан

таъминлашда тадбиркорларга санитария-эпидемиология талаблари ва меъёрлари бўйича тегишли ташкилот билан шартнома тузиб, унда келтирилган шартларга қатъий амал қилиш талаб этилмоқда. Яъни шу талабларни бажарса, тадбиркор ишида давом этиши керак. Лекин айрим мутасаддилар томонидан тадбиркорлик субъектини ҳеч қандай асоссиз ёпиб ташлаш, тадбиркорларга босим ўтказиш ҳолатлари учрамоқда. Шундай вазиятларда бизнес эгалари бизнинг ишонч телефонларимизга қўнғироқ қилиб, муаммоларини айтишлари мумкин. Тадбиркорнинг иддаоси асосли бўлса, ташкилотимиз тегишли чораларни кўради, — дейди Шерзод Саидов.

Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришга масъул ташкилотлар орасида Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакилнинг ўзига хос вазифа ва ваколатлари бор. Буни ташкилот ҳам, тадбиркорлар ҳам ҳис қилиши лозим. Тадбиркорлар арзирли муаммолар билан мурожаат қилса, Бизнес-омбудсман ўзига берилган ваколатдан оқилона фойдаланса, иқтисодиётимиз “локомотиви” бўлган кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектлари оғир даврдан талафотсиз ўта олади.

Соҳиба Муллаева,
“Янги Ўзбекистон” мухбири

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech