18 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +9,8 °C

Кейинги авлод
5 Окт  2019 1856

Мактабгача таълим: мобил ва модулли болалар боғчалари

Давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланган мактабгача таълим тизими биринчи навбатда халқ фаровонлиги даражасини оширишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширишда улкан рол ўйнайди.

Мактабгача таълим вазирлиги матбуот хизмати сурати

Давлатимиз раҳбари 2018 йил 14 февралдаги видеоселектор йиғилишида, шунингдек, Олий Мажлисга мурожаатномасида мактабгача ёшдаги болаларни ўқитиш жараёнини такомиллаштиришнинг муҳимлиги ҳақида сўз юритди. Илм-фан ҳам ушбу босқичда бола мияси интеллектуал қобилиятларни ривожлантиришга энг мойил бўлишини исботлаган. Олти ёшли бола аллақачон катта ҳажмдаги маълумотларни ўзлаштиришга тайёр бўлади. Шу боис Мактабгача таълим вазирлиги томонидан болаларни сифатли мактабгача таълим билан қамраб олиш даражасини оширишга қаратилган илғор лойиҳалар фаол жорий этилмоқда.

МТВ соҳасида белгиланган ислоҳотлар ижроси доирасида мобил ва модулли мактабгача таълим муассасаларининг кенг кўламли лойиҳаси амалга оширилмоқда. Улар оддий МТТларни қуриш иложсиз бўлган олис қишлоқлар, тоғли ҳудудлар ва етиб бориш қийин бўлган аҳоли пунктлари болалари учун мўлжалланган. Мактабгача таълимнинг муқобил шакллари тақдимотида 16 та қайта жиҳозланган автобуслар, ўйин майдончалари бўлган иккита машина тураргоҳи моделлари ва иккита модулли МТТ тақдим этилди.

«Isuzu HC 40» автобусларига асосидаги мобил болалар боғчалари белгиланган йўналишда ҳаракат қилади. Мобил гуруҳларда болаларнинг бўлиш муддати уч соатдан ошмайди ва энг кўпи уч ёшдан етти ёшгача бўлган 16 тарбияланувчини сиғдириши мумкин. Машғулотларни қизиқарли қилиш учун МТВ мутахассислари турли ёшдаги гуруҳлар учун махсус дастур ишлаб чиққан ва педагоглар тегишли тайёргарликдан ўтказилган. Таълим-тарбия жараёни овқатлантиришни ташкил этмаган ҳолда, лекин енгил тамаддини иситиш имконияти билан,  икки сменада бўлади. Машғулотларнинг кўпроқ қисми очиқ ҳавода ўтказилиши режалаштирилган. Бунинг учун йўналишнинг ҳар бир нуқтасида соябонли, тўсиқлар ўрнатилган, ўриндиқчалар қўйилган, ҳалинчак, сирпаниб тушадиган тепаликлар, ўйин уйи ва қумли майдончаси бор нуқталар ташкил этилади.

– МТВ ташкил этилгандан буён деярли икки йил вақт ўтди. Ана шу давр ичида соҳа улкан ислоҳотлар, қайта ташкил этишлар ва ижобий ўзгаришларни бошдан кечирди. Бу вақт мобайнида ҳуқуқий база такомиллаштирилди - 52 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.

2018 йил январь ойида бутун мамлакат бўйлаб болалар боғчаларига 600 мингга яқин бола чиққан бўлса, 2019 йил январига келиб бу кўрсаткич 900 мингтага етди. Мобил ва модулли МТТларнинг ташкил этилиши мамлакатнинг чекка ҳудудлари ва қишлоқ жойларида мактабгача таълим муассасаларининг кескин етишмаслиги оқибатида юзага келган муҳим қадамдир, – дейди Мактабгача таълим вазири Агриппина Шин.

– Вазирлик фаолияти давомида республикамиз бўйлаб 120 та янги давлат боғчалари очилди, аммо бу етарли эмас. Агар пойтахт ва йирик шаҳарларда қамраб олиш кўрсаткичини 80,6 фоизга етказган бўлсак, улардан четда бу рақамлар бундан анча паст.

МТТ қурилиши кўп вақт ва харажат талаб этади ва баъзи жойларда мос келмайдиган шароитлар туфайли уларни қуриб бўлмайди. Янги лойиҳа – «Ўзавтосаноат» АЖ билан ҳамкорликда амалга оширилаётган мобил таълим гуруҳларини ишга тушириш узоқ ҳудудлар ва қишлоқ жойларда яшовчи икки мингдан зиёд болани мактабгача таълим билан таъминлашга қаратилган. Мақсадимиз – республикадаги барча болаларнинг тенг ҳуқуқли равишда сифатли мактабгача таълимга эга бўлишини таъминлашдан иборат.

Синов лойиҳаси Қорақалпоғистон Республикаси ва мамлакатнинг 12 ҳудудида амалга оширилади.

Мобил боғчанинг ҳар бир бурчаги зарур методик дидактик ривожланиш материаллари, мебель билан жиҳозланган. Автобусларда хавфсизлик учун GPS-навигаторлар ўрнатилган бўлиб, улар ҳар бир гуруҳнинг аниқ манзилини аниқлаш имконини беради.

– «Ўзавтосаноат» АЖ мутахассислари мобил МТТ лойиҳаси доирасида автобусларни қайта жиҳозлаб, ҳайдовчиларни ўқитибгина қолмай, шўъба корхоналар негизида болалар майдончалари учун мебель ва жиҳозлар ишлаб чиқаришни ҳам йўлга қўйдилар, – дейди «Ўзавтосаноат» АЖ бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов. – Ишлаб чиқариш бутунлай маҳаллий бўлади ва бу керак пайтда автопаркни тезкор кенгайтириш имконини беради.

Бундан ташқари, ҳар бир жойда йўналиш ва вақтни назорат қилиш учун автобусларга GPS-трекерлар ўрнатамиз.

Рекорд қисқа муддатларда татбиқ этилишига қўшимча равишда мактабгача таълимнинг муқобил шакллари кам харажатлилиги ажралиб туради. Битта оддий МТТни қуриш ўрнига еттита модуллисини ўрнатиш ёки бир неча автобуслардан фойдаланиб, ҳудудлардаги болаларни мактабгача таълим билан таъминлаш мумкин.

Бундан ташқари, модулли МТТни ўрнатишга икки ой вақт кетади, бу оддий бино қурилишидан анча тез, албатта. Улар ўзгарувчан: қўшимча блоклар ёрдамида майдонни осонгина кенгайтириш, шунингдек, тузилмани йиғиш ва янги жойга кўчириш мумкин. Шунингдек, Мактабгача таълим вазирлиги модулли мактабгача таълим ташкилотларининг намуналарини тақдим этган.

Ҳар бир конструкция тўртта ўзаро бир-бирига боғланган денгиз контейнерларидан иборат. Асосий жой мебеллар, ўйинчоқлар ва ўқув материаллари бўлган ўқув-ўйин майдонига ажратилган. Тўлиқ кун гуруҳлари учун енгил йиғма ўринлар мавжуд.

Модулли ва мобил МТТлар бугун мактабгача таълим соҳаси эҳтиёжини таъминлашда тезкор ва самарали ечим бўлади. Улар инфратузилмага боғлиқ эмас, чунки улар аллақачон барча зарур шароитлар билан жиҳозланган: санитария тармоғи, иссиқ ва совуқ сув таъминоти, тайёр овқатни иситиш учун ошхона, кондиционерлар ва автобусларда қуёш панеллари мавжуд. Мобил МТТ лойиҳасига республика бўйича 44 та жой киритилган. Автобуслар ишга туширилишидан олдин ота-оналар болаларни мобил гуруҳларга ёзишни сўраб вазирликка мурожаат қилишди. Бундай болалар боғчаларига қатнаш мутлақо бепул экани ҳам жуда  муҳимдир.

Мобил ва модулли МТТни қуриш ва тугатиш жараёнида иссиқликка ва оловга чидамли, соғлиқ учун зарарсиз материалларидан фойдаланилади. Мобил мактабгача таълим ташкилотлари лойиҳачилари Турин политехника университети мутахассисларидир, модулли МТТлар лойиҳаси «UzAutoTRAILER» МЧЖга тегишли.

Евгения Юн

«Правда Востока».

 

«Правда Востока» газетасининг 2019 йил 5 октябрдаги 202-сонида «Доступ к получению знаний - законное право каждого ребенка» сарлавҳаси билан нашр этилган.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech