14 Октябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +13,3 °C

Яшил сайёра
11 Июн  2019 3190

Эколог: «Тез орада Ерда нафас олиб бўлмай қолади, агар...»

Биз ғаройиб кашфиётлар, космосга парвозлар, техника ютуқлари билан эсда қоладиган асрда яшаяпмиз. Аммо ҳозир кўз ўнгимизда сайёрамиз чиқиндиларга тўлиб бормоқда ва биооламимиз эса даҳшатли мунтазамлик билан инсон қўлидан азият чекишда давом этмоқда. Биология фанлари доктори, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон миллий университети экология ва эволюцион биология кафедраси профессори Мавлуда ҲОЖИАКБАРОВА экологик вазият, яқин келажакдаги таҳдидлар ва мавжуд муаммоларни ҳал этиш йўллари ҳақида сўзлайди:

- Атроф-муҳит билан боғлиқ вазиятнинг қачон жиддий тус ола бошлаганини бирданига айтиш қийин. Узоқ вақтлар давомида унга айтарли эътибор қаратилмади, чунки бошқа масалалар ундан ҳам муҳимроқ туюларди ва бу мавзу кенг муҳокама қилинмаган ҳам. Аммо инсоният, шу билан бирга мамлакатимиз аҳолиси ҳам, уни глобал экологик таҳдидларга тўқнаш келган даврдан, яъни XX ва XXI асрлар оралиғидан бошлаб ҳисоблаш қабул қилинган. Буни сезмаслик ва ҳаракатсизлик ўзини ўлимга маҳкум этиш демакдир. Афсуски, кўпчилик муаммога ҳали ҳам лоқайд, масъулиятсизларча муносабатда. Аммо у аллақачон миллий ва минтақавий чегаралар ташқарисига чиқиб бўлган. Табиат ва инсон муайян қонунлар асосида бир-бири билан ўзаро алоқада бўлади, унинг бузилиши қайтариб бўлмас экологик фалокатларга олиб келади.

Бу анча кеч англанди - фақат 1970 йил бошидан ушбу масала глобал ривожланишнинг дастлабки Ғарб моделларида кескин равишда муҳокама қилина бошланди. Тахминан ўша даврларда инсоният атроф-муҳитга антропоген таъсир кўрсатишнинг қандай натижаларга олиб келишини ҳис этди. Тупроқ эрозияси, ўрмонларнинг кесилиши, ортиқча балиқ овлаш, кислотали ёмғирлар, атмосферанинг ифлосланиши, озон қатламининг бузилиши – бу ҳозирда бутун дунёда кузатилган вазиятларнинг кичик бир қисми, холос. Дунё океани сувлари ҳалокатли тарзда ифлосланган, самарадорлиги кескин камайган. Урбанизация - қишлоқ аҳолисига нисбатан шаҳар аҳолисининг кўпайиши - йирик марказий ҳудудларнинг асосий ифлосланиш марказларига айланишига олиб келди. Бунинг натижаси ўлароқ, экология ёмонлашувидан келиб чиқадиган касалликлар сони ортиб бормоқда.

Пластик - сайёрамиз учун заҳар

Табиийки, барчамиз тараққиётга интиламиз. Бу бизнинг генетик кодимизга киритилган. Бироқ кўпинча цивилизация келтирадиган фаравонлик нафақат одамлар учун қулайлик келтиради, балки табиат учун хавф ҳам туғдиради. Ўтган ўн йил ичида инсон ўтган асрга қараганда кўпроқ пластик маҳсулотлар ишлаб чиқарди.

Уйингизда нималар бор, ҳар куни нималарни харид қилишингизни бир эслаб кўринг: бир марта ишлатиладиган идишлар, пакетлар, қадоқлар ва шишалар. Улар энг кўп тарқалган пластик чиқинди турлари. Энди тасаввур қилинг – ана шу ҳажмнинг фақат беш фоизигина қайта ишланади ва кундалик ҳаётда такроран ишлатилади.

Аммо табиий бўлмаган кимёвий моддалар билан бир қаторда пластик ва пластмасса таркибида шунингдек, заҳарли моддалар ҳам бор. Улар биз истеъмол қиладиган озиқ-овқат маҳсулотларига ўтади. Баъзилари теридан ўтиши, нафас олиш тизимига кириши мумкин. Тананинг нозик мувозанатини бузиш учун бундай моддаларнинг кичик миқдори ҳам етарли. Кейин-чи, нима бўлади? Иммун тизими ҳимоя функциясининг тушиб кетиши, бош мия, жигар ҳужайраларидаги ўзгаришлар, юрак ва қон айланиш тизими касалликлари, саратон ҳужайраларининг ривожланиши пайдо бўлади.

Маълумки, пластмасса тахминан икки юз йил давомида парчаланади. Ерга тушгач, у кичик заррачаларга бўлинади ва ишлаб чиқариш жараёнида қўшилган кимёвий моддаларни атроф-муҳитга чиқара бошлайди. Бу хлор, заҳарли ёки алангаланишга қарши канцероген бўлиши мумкин. Ер ости сувлари орқали улар энг яқин сув манбаига сизиб ўтади, бу кўпинча жониворларнинг оммавий қирилишига ҳам сабаб бўлади.

Ўзбекистоннинг океанга чиқиш йўллари йўқ. Аммо биз унинг ифлосланиши ҳақида тез-тез гапирамиз, негаки, бу глобал муаммо. Пластик чиқиндилар қирғоқларни ва қирғоқ ҳудудларини ифлослантиради. БМТ экологлари 12 ойда бир марта атрофимиздаги дунё учун ташвишланишга сабаб бўладиган статистикани эълон қилади. Экспертларнинг янги ҳисоб-китобларига кўра, ўтган йили океанга 13 миллион тонна пластик чиқиндилар тушган. Таққослаш учун: дунёдаги энг катта жонивор - кўк кит ҳисобланади. У 200 тоннагача оғирликка эга бўлади, яъни чиқиндиларнинг умумий миқдори 65 мингта кўк китга тенг, дейиш мумкин.

Дунё океанидаги чиқиндиларнинг катта қисмини пластиклар ташкил этиши ажабланарли эмас. Қуёш нури таъсирида улар сиртида ўта турғун заҳарли моддаларни тўплайдиган майда заррачаларга бўлинади.

Қирқдан зиёд мамлакатлар ўз ҳудудида пластик пакетлардан фойдаланиш бўйича қонуний чекловлар ва тақиқларни ўрнатди. Биз ҳам четда қолганимиз йўқ, албатта. Президентимизнинг 2018 йил 18 майдаги «Маиший чиқиндилар билан боғлиқ ишларни амалга ошириш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори кўпчилик кутган ўзгариш бўлди. Айнан ана шу ҳужжат савдо нуқталарида пакетларнинг бепул берилишини тўхтатди. Баъзиларнинг мазкур ислоҳотдан норози бўлиб, 300 сўм (катта пластик пакет учун ўртача нарх) жуда қиммат, деб ҳисоблаши кишини ажаблантиради. Аммо келажак авлоднинг ҳаёти бунга арзимайдими? Боз устига, бу пул топишнинг усулларидан бири эмас. Шу йўл билан ҳар бир кишининг материаллардан янада оқилона фойдаланиши учун ёки ундан ҳам яхшироғи – бир вақтлардагидек эски тўр халта, мато ва қоғоз пакетларига ўтишига ҳаракат қилинмоқда. Тутқичсиз пакетлар масаласи ҳалиям очиқ: ривожланган мамлакатларда улардан ҳам воз кечилмоқда, ҳар бир маҳсулотни унга қадоқлашни биз ҳам тўхтатишимиз лозим.

Шунингдек, пластик идишларда сув сотиб олманг. Зангламайдиган пўлатдан ясалган идиш ёки термосдан, табиийроқ материаллардан тайёрланган бир нечта кўп марталик пакетлардан фойдаланинг. Озиқ-овқат маҳсулотларини сақлашга мўлжалланган пластик идишларни шишалиси билан алмаштиринг. Микротўлқинли печдан фойдалансангиз, печкага махсус мўлжалланган пластик идишларни олманг. Негаки, ҳарорат кўтарилгани сайин, кимёвий моддаларнинг озиқ-овқатга ўтиши даражаси ошиб боради.

Уй ҳавоси кўчаникидан хавфлироқ

Нима учундир ушбу тасдиқ кўпгина талабаларни чалкаштиради. Кўчада ишланган газлар, ишлаб чиқариш ва бошқалар бор, уй ичини эса шамоллатиб турамиз, турли хушбўйлантиргичлар, намлантиргичлардан ва бошқа воситалардан фойдаланамиз. Хўш, унда гап нимада?

Гап худди ўша атир, дезодорант, хушбўй совун ва бошқа косметика, гигиена ва маиший воситаларда. Айнан улар, мантиққа зид ҳолда, ҳавони автомобиль ва сигарет тутунидан ҳам бир неча марта кўпроқ ифлослантиради. Ушбу кашфиёт турли шаҳарлардаги квартиралар ва кўчаларини ўрганиш орқали амалга оширилган. Натижада, мутахассислар муаммонинг ягона ва ҳатто, асосий айбдори автомобиллар эмас, деган хулосага келдилар. Саноат корхоналарининг атмосферага меъёридан зиёд чиқарадиган тутунлари ҳам зарарлилиги бўйича биринчи ўринда эмас. Бироқ косметик ва маиший маҳсулотларнинг кимёвий «излари» ҳамма жойда мавжуд эди.

Ҳар бир кислород ютимида кимёвий моддалар бўлган кичик ёпиқ жойни тасаввур қилинг. Таркибида нефтдан тозаланган аралашмалар бўлган уй-рўзғор буюмлари ҳавони сезиларли ифлослантирувчи манба ҳисобланади. Агар ҳаммаси ана шундай суръатларда кетаверса, тез орада Ерда нафас олиб бўлмай қолади.

Ушбу моддалар нафақат инсон саломатлигига, балки бутун экологияга ҳам салбий таъсир кўрсатади. Улар атмосферанинг пастки қатламларида озон шаклланишига сабаб бўлади. Ва сўнггиси – ифлосланган ҳавонинг асосий компоненти ва ўзи ҳам, астма ҳамда ўпка муаммоларини келтириб чиқариши мумкин.

Ҳеч ким косметик маҳсулотларга эътибор бермайди, зарарини ҳисобга олмайди ва унинг айланмасини тартибга солмайди. Агар корхоналар ва машиналардан чиқадиган тутунлар вақтида амалга оширилган чора-тадбирлар сабаб сезиларли камайган бўлса, энди бошқа ифлосланиш манбаларини топиш ва уларни қандай бартараф этиш йўллари ҳақида бош қотиришнинг вақти етди.

Умид бор

Инсониятнинг экологик муаммоларини ҳал этишнинг жуда кўп усуллари мавжуд. Лекин ҳаммаси корхоналар ва маиший чиқиндиларни тўғри утилизация қилиш, экологик жиҳатдан янада тозароқ ишлаб чиқаришга ўтиш, янада тозароқ ёнилғидан, табиий электр ишлаб чиқариш тизимлари (қуёш панеллари ёки шамол тегирмонлари)дан фойдаланишга бориб тақалади. Бироқ аслида муаммолар кўринганидан-да, чуқурроқ. Инсон шаҳарларда яшашга кўниккан, шунинг ўзиёқ табиатнинг ўзи ўрнатган тартибнинг бузилишидир. Бундай марказлар - атроф-муҳит ифлосланишининг асосий манбалари ҳисобланади. Лекин бутунлай «яшил» аҳоли пунктларини яратишга, афсуски, ҳали қодир эмасмиз.

Агар қандай кўринишда бўлиши кераклигини тасаввур қилишга уриниб кўрилса, унда қурилиш учун ёғоч ва тош каби мутлақо зарарсиз материалларни ишлатиш лозим. Табиийки, бундай шаҳар мегаполисни эмас, балки парк ёки қўриқхонани эслатиб юборади. Унда уйлар дарахтлар орасида кўринмай кетиши, кўчаларда эса жониворлар бемалол юриши керак. Гўёки эртак, деяверинг. Содда қилиб айтганда, аксинча бўлиши керак - уй-жойлари тарқоқ бўлгани ва деярли инсон қадами етмаган жойларда истиқомат қилган яхшироқ. Шу йўл билан биосферадаги юкламани камайтириш мумкин.

Буларнинг бари фақат лойиҳалар, холос. Ҳозирча борини сақлашга ҳаракат қилишимиз лозим. Агар масофани пиёда юриб ўтиш имкони бўлса, автомобиль ёки жамоат транспортига чиқманг, уйдан чиқаётиб, чироқни ўчиринг ва жўмракни ёпиб қўйинг, пластик идишларда уйга овқат олиш одатидан воз кечинг. Ҳамма нарса майдасидан бошланади. Бунинг учун келажакда бизга албатта, «раҳмат», айтишади.

Сабина Алимова

ёзиб олди.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech