27 Октябрь 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +20,9 °C

Яшил сайёра
31 Янв  2020 2848

Экологик инновациялар ва технологиялар Оролбўйи минтақасига ёрдам беради

Президентимиз Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига Мурожаатнома йўллади. Унда истиқболдаги мақсадлар қаторида экосферадаги устувор вазифалар ҳам тилга олинди. Оролбўйи борасида илгари амалга оширилган чора-тадбирларнинг давоми бўладиган қатор лойиҳалар режалаштирилган. Бу Орол денгизининг қуриган тубида ўрмонлар ҳосил қилишга ҳам, шунингдек, экологик офат ҳудудидаги вазиятни яхшилашга ҳам тегишлидир. Бундан ташқари, «яшил белбоғ» яратиш ташаббуси ҳам тилга олинди. Улар Нукус, Урганч ва Хивани қамраб олади.

Орол денгизи собиқ ноёб, гўзал ва дунёдаги энг йирик ёпиқ сув ҳавзаларидан бири эди. Деярли бир авлод умри давомида йўқ бўлиб кетиш ёқасида келиб қолди, мисли кўрилмаган фалокат ва шу ерда яшовчи аҳоли ҳаётига, экотизим ҳамда биохилма-хилликка тузатиб бўлмас зарар етказди. Инсоннинг ахлоқни ва виждонни йўқотиши, хўжасизлик — экологик фожианинг бош сабабидир.

Ер юзидаги экологик инқирозлар асосини нафақат миллий тараққиёт даражаси ва йўли ёки жамият мафкураси эмас, балки энг аввало, табиат олдида етарли даражада масъулиятни ҳис этмаслик ташкил этади. Ёвузликнинг илдизи шундаки, атроф-муҳит одамларнинг умумий мулки деб эълон қилинди, яъни у мулкнинг жамоавий тури ҳисобланди. Аммо инсоният табиат ўч ола бошлагачгина экология ҳақида эслаб қолади. Орол денгизининг ўлимига нима сабаб бўлди, деган саволга тўғридан-тўғри жавоб бор: қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва саноатлаштириш экологик инқирозга олиб келган асосий таъсир омилларидир. Ўз ўзидан аёнки, мазкур ривожлантириш 1930-1980 йилларда амалга оширилган, Марказий Осиё республикалари раҳбарияти Амударё ва Сирдарёдан сув олиб қўйилса, Орол денгизи қуриб қолишини тушунган ва билган, албатта. Лекин икки дарёдан улкан миқдордаги сувни олиш 1990 йилларга қадар давом этган, ҳатто.

Антропоген омиллар табиий факторлар билан биргаликда (иқлимнинг қуруқ (арид)лиги — юқори ҳаво ҳарорати, кучли буғланиш ва кам ёғингарчиликларнинг қўшилиб келиши) Орол денгизининг ўлимига олиб келди. Амударё ва Сирдарёдан денгизга сув қанча кам қуйилса, у шунча саёзлашиб бораверди, ундаги бор сув ҳам жуда тез исиб, буғланиш осонлашди, бу эса унинг қуришини тезлаштирди.  

Лекин ушбу муаммо борасидаги ҳозирги вазият қандай? Давлатимиз раҳбари президент сифатидаги фаолиятининг дастлабки кунлариданоқ Оролбўйидаги мураккаб вазиятга катта эътибор қаратди. Мамлакатимиз раҳбари 2017 йил февраль ойида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини тасдиқлади. Ҳужжатда глобал иқлим ўзгариши ва Орол денгизининг қуриши салбий оқибатларини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўришнинг аҳамияти қайд этилган. Шу мақсадда Президент 2017 йил 18 январда «2017-2021 йилларда Оролбўйи минтақасини ривожлантириш Давлат дастури тўғрисида»ги қарорни имзолади. Унда сув таъминоти тизимини ривожлантириш ва аҳолининг тоза ичимлик суви билан таъминланиш даражасини ошириш, канализация, санитария ва маиший чиқиндилардан фойдаланиш тизимларини яхшилаш; минтақада яшовчи аҳолининг уй-жой шароитларини яхшилашга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга оширишни давом эттириш; минтақа аҳоли пунктларида транспорт, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини ривожлантириш, суғориш тармоғини такомиллаштириш ва замонавий энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш назарда тутилади.

2018 йилнинг ноябрь ойида БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида «Барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлашда стратегиялар комплекси йўналишида минтақавий ва халқаро ҳамкорликка кўмаклашиш» юқори даражадаги махсус тадбири бўлиб ўтди ва унда БМТ Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўп томонлама шериклик асосида Траст фонди (КТШАТФ) фаолияти расман йўлга қўйилди.

Президентимиз 2018 йил 27 ноябрда Тошкентда БМТнинг собиқ Бош котиби Пан Ги Мунни қабул қилди ва у Ўзбекистон раҳбарининг Оролбўйи минтақаси учун КТШАТФни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи Халқаро инновация марказини ташкил этиш борасидаги ташаббусини қўллаб-қувватлади.

- Президент Шавкат Мирзиёев билан Тошкентдаги учрашувда биз кенг кўламли масалалар билан бир қаторда, жумладан, Орол денгизидаги табиий офат оқибатлари билан курашиш учун халқаро донорлар ҳамжамиятининг саъй-ҳаракатлари ва ресурсларини жалб қилишни ҳам муҳокама қилдик, - деди жаноб Пан Ги Мун.

2018 йилнинг декабрь ойида Президент Мўйноққа ташриф буюрди ва вазиятни янада яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар ташаббуси билан чиқди. Ушбу ташриф натижасида Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 16 январда «Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди

Давлатимиз раҳбарининг Мўйноққа ташрифи чоғида Орол денгизининг қуриб қолган тубига ҳимоя ўрмон ўсимликларини экишни тезлаштириш бўйича ҳам кўрсатмалар берди. 2018 йилнинг декабрь ойида 2019 йил охирига қадар 1 миллиондан зиёд гектар майдонни қамраб олиш мақсадидаги ишлар бошлади. 2019 йилнинг 1 апрелига қадар жами ўрмон экиш ишлари режалаштирилган 500 минг гектар майдондан 451,6 гектарига ўсимликлар экилди. Бу чора-тадбирлар ўсимликлар биохилма-хиллигини тиклаш ва чорвачилик учун базани ривожлантириш ҳамда йўқолиб бораётган ноёб фаунани сақлаб қолиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш имконини бермоқда. Шунингдек, Тикланиш оролидаги собиқ дала тадқиқотлари биолабораторияси биноларини бузиб ташлаш ва у ерда келгусида «яшил кўкаламзор» барпо этиш лойиҳаси ҳам тайёрланган.

Жорий йилнинг январь ойида яшил майдонларни экиш қайта тикланди. Тадбирда мамлакатимизнинг ёш авлоди ва Қорақалпоқ давлат университети талабалари иштирок этди. Фавқулодда вазиятлар вазири Турсинхон Худойбергенов Ёшлар жамоалари билан учрашди, шахсий намуна қурсатиб, меҳмонларни кўчат ўтқазишда иштирок этишга таклиф қилди. Албатта, ёшлар Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ободонлаштириш ишларини амалга оширишга ўз ҳиссасини қўшишмоқда.

Бундан ташқари, 2018 йилнинг август ойида Орол денгизини қутқариш халқаро жамғармасининг таъсис этувчи давлатлар раҳбарларининг сўнгги ўн йил ичидаги илк саммити бўлиб ўтди ва бу Орол денгизи муаммоларини ҳал этишга янги туртки берди. Тадбирда Президент Шавкат Мирзиёев агар улар ҳаётга татбиқ этилса, минтақадаги экологик ноқулай вазиятни тубдан яхшиловчи қатор муҳим ташаббусларни илгари сурди.

Биринчи ташаббус - Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиш. Унинг салбий оқибатларини камайтириш мақсадида нафақат инқирозга эътиборни қаратиш, балки уни бартараф этиш ва минтақани янада ривожлантиришнинг амалий механизмини яратиш муҳим аҳамиятга эга. Кўпгина омиллар, шунингдек, иқтисодий ўсиш билан биргаликда экотизим барқарорлигини боғлаш амалиётини ўзгартириш вақти келганини кўрсатмоқда. Президентимиз 2018 йил 16 октябрда «Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Оролбўйи халқаро инновация марказини ташкил этиш тўғрисида»ги қарорни имзолади.

Иккинчи ташаббус - чўл ва ем-хашак ўсимликларининг кўчатларини етиштиришни илгари суриш. Қайд этилишича, агар бу борадаги ишлар тўғри мувофиқлаштирилса, 10-12 йил ичида денгизнинг бутун қуриган тубини ўрмон ўсимликлари билан қоплаш мумкин. Орол денгизи ва Жанубий Оролбўйи ҳудудларида ҳали кўчма қум тепаликларини тўхтатиш учун ўсимликлар экса бўладиган икки миллион гектарга яқин майдон мавжуд.

Учинчи ташаббус - Оролбўйи минтақасида трансчегаравий ҳимояланган ҳудудларни яратиш. Президентимиз минтақанинг ноёб фаунасини сақлаб қолиш учун минтақага кенг ёндашувни топишни таклиф этди. Бугунги кунда саккизта қўриқхона, иккита миллий табиат боғи, битта Қуйи Амударё давлат биосфера резервати, «Жайрон» ноёб ҳайвон турларини кўпайтириш миллий маркази мавжуд ва еттита табиий ёдгорлик Ўзбекистонда ҳуқуқий мақомга эга. «Марказий Қизилқум» миллий боғини, «Орол денгизи минтақаси қўриқхоналари» табиат комплексини ва «Қулжуқтов» қўриқхонасини яратиш режалаштирилмоқда,

Тўртинчи ташаббус - сувни муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш соҳасидаги минтақавий ҳамкорлик даражасини тубдан ошириш. Шу мақсадда давлатимиз раҳбари Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича Минтақавий дастур қабул қилишни таклиф этди.

2019 йил 21 августда Нукусда Президентимиз раислигида учрашув ўтказилиб, унда Қорақалпоғистонни янада ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши белгилаб олинди. Биринчидан - саноатни ривожлантириш, барча тармоқларда йирик ва кичик ишлаб чиқаришни ташкил этиш. Иккинчидан - тадбиркорликни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш. Учинчидан - қишлоқ хўжалигига илғор технологияларни кенг жорий этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини ошириш, ҳосилдорликни ошириш ва маҳсулот турларини кенгайтириш. Тўртинчидан - аҳоли учун қулай бўлган ишлаб чиқариш ва замонавий инфратузилмани яратиш. Бешинчидан - Оролбўйи минтақаси аҳолисининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш бўйича комплекс чора-тадбирлар қабул қилиш.

Чуқур ўйланган, манзилли ва тўғри молиялаштирилган лойиҳаларни амалга ошириш орқали Орол инқирозининг Оролбўйи минтақасида яшовчи миллионлаб одамлар ҳаётига, атроф-муҳитга ҳалокатли таъсирини камайтириш — бугунги куннинг энг муҳим вазифасидир.

Вадим Соколов.
Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг агентлиги раҳбари.

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech