20 Февраль 2020

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент -1,8 °C

Ҳукумат
24 Дек  2019 3638

Мамлакат учун имтиҳон

Мамлакат бўйлаб эрталаб роппа-роса соат саккизда битта сценарий бўйича - давлат мадҳияси остида сайлов участкалари очилди. Дастлабки дақиқаларданоқ ўзлари танлаган номзодга овоз беришга қарор қилган фуқаролар ташриф буюра бошладилар. Хорижда яшаётган ватандошларимиз ҳам Қонунчилик палатаси, халқ депутатлари вилоят, шаҳар, туман Кенгашларига депутатларни танлаб олиш учун ҳам келишди.

Ўзбекистон элчихоналари ва консулликларида ташкил етилган 55 та сайлов участкасида шу куни - 22 декабрь куни ҳам кўплаб меҳмонлар ташриф буюрдилар. Биринчи бўлиб Владивостокда сайлов участкаси очилганида Тошкентда тунги соат 3:00 эди. Кейин эстафетани Вашингтон ва Нью-Йорк шаҳарлари олишди, бу пайтда пойтахтимизда соат 18:00 бўлганди. Вақт ҳудудларида фарқ мавжуд бўлса-да, бу  фуқароларимизнинг конституцион ҳуқуқидан фойдаланиб овоз беришига таъсир кўрсатмади.

Янги Ўзбекистон — янги сайловлар

Бу сўзлар 2019 йилги сайлов кампаниясида энг кўп жаранглади. Дарҳақиқат, амалга оширилаётган ислоҳотлар сайловга кўрилаётган тайёргарликларда ўз ифодасини топди. Кампаниянинг бошланиши сентябрь ойида эълон қилинди, аммо бу муҳим сиёсий ва ижтимоий воқеа оҳангини белгилаш замирида амалга оширилган кенг кўламли ишлар ётади. Бу йил Сайлов кодекси қабул қилинди ва у асосан, сайлов жараёнини тартибга солувчи қонунларни бирлаштирди. Янги меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатда Ўзбекистон тажрибаси билан бирга аввалги сайловларда иштирок этган халқаро кузатувчиларнинг тавсиялари ҳам инобатга олинган.

Сайлов кампанияси очиқлик, шаффофлик, ошкоралик тамойиллари асосида ташкил этилди. Бу йил тақдим этилган миссиялар сони ниҳоятда катта - 50 га яқин мамлакатдан, ўнта халқаро ташкилотдан 820 дан зиёд вакил. Сайловнинг боришини кузатиб борадиган мутахассислар сони шу пайтга қадар бунчага етмаганди. Бу давлатимизнинг очиқ сиёсати ва айни пайтда мулоқотга тайёрлигининг яна бир далилидир. Зеро, тақдим етилган тавсия ва таклифлар, умуман, холислик ва адолат билан тузилган фикр ва хулосалар сайлов жараёнини янада такомиллаштиришга ёрдам беради. Бундан ташқари, жараёнда ўз номзодларини кўрсатган сиёсий партиялардан 70 мингдан ортиқ кузатувчи иштирок этди.

22 декабрь арафасида МСК халқаро кузатувчилар билан бир қатор учрашувлар ўтказди. Халқаро конференция ҳам ташкил этилди, шу билан бирга, Халқаро матбуот марказида, ЭОАВМА медиа залидаги баҳс-мунозаралар клубининг янги платформаси доирасида учрашувлар ўтказилиб, уларда долзарб саволларга жавоблар берилди. Ўша пайтда жимлик куни бўлиб, ташвиқотлар ўтказилмади, лекин уни тинч ҳам деб бўлмасди, у сермазмун эди. Воқеалар сони аста-секин ошиб борди, ҳар бир кундан муҳим воқеа ҳақида аҳолини хабардор қилиш учун максимал даражада фойдаланилди. Марказий сайлов комиссиясида ҳам сайлов қонунчилиги тарғибот ойлиги ўтказилиб, унда барча вазирлик, идора ва муассасалар вакиллари иштирок этди. Сайлов жараёнида аҳолининг фаоллиги ва иштирокини ошириш мақсадида 63 мингдан ортиқ тадбирлар ташкил этилди, бу маълумот Фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича Республика Кенгаши раиси Ш.Жавлонов томонидан ўтказилган матбуот брифингида келтирилди.

Худди кафтдек кўринарли

Сайловни 70 дан ортиқ хорижий оммавий ахборот воситаларидан 135 нафар вакил, шунингдек, республика бўйича 238 нафар журналист ва 800 га яқин вилоят журналистлари фаол ёритди. МСКнинг халқаро матбуот марказининг ташкил этилиши, веб-сайт, ижтимоий тармоқлардаги платформалар, минглаб жонли эфир ва тадбирлар, жумладан, илгари бўлмаган митинглар, ҳаракатлар, сайловчилар билан учрашувларнинг уюштирилиши, хуллас, ахборот оқими чексиз бўлди. Марказий сайлов комиссиясининг saylov.uz и elections.uz расмий веб-сайтларига атиги бир ой ичида 120 мингга яқин фойдаланувчи ташриф буюрди. Бундан ташқари, МСК сайтида 118,5 мингга яқин фуқаро ўз сайлов участкасини аниқлаш хизматидан фойдаланган. Сайлов участкаларини кўриш учун 11,3 мингга яқин марта электрон харитадан фойдаланилди. Шу билан бирга 8 минг 300 нафарга яқин фуқаро жорий йилда мавжуд бўлган сайлов участкаларидан узатилган видеомурожаатни томоша қилди.

Номзодлар кимлар, қандай дастурлари бор, нималарни режалаштирмоқда? Бу ва бошқа саволларга партиялар раҳбарлари, уларнинг вакиллари ва номзодлар турли форматдаги тадбирларда жавоб беришди. Мулоқотга, баъзан мунозарага барча таклиф қилинди. Марказий телеканалларнинг жонли эфирларига саволлар телефон ва интернет орқали ҳам келиб тушди. Шу билан бир қаторда МСКнинг мурожаатлари ҳам йўлланди. Мамлакат аҳолисини турли жиҳатлар қизиқтириши маълум бўлди – уларнинг бирортаси эътибордан четда қолгани йўқ.

Номзодлар берган жавобларнинг ҳаммаси ҳам сайловчилар томонидан қўллаб-қувватланди, деб бўлмайди.

Баъзи жавоблар интернет тармоғида анча вақт айланди ҳам, лекин партия раҳбарларига ҳам тан бериш лозим - улар мулоқотга киришдилар ва ўз нуқтаи назарларини баён этишди.

Ахборот жиҳатидан бу очиқлик муҳим аҳамият касб этди. Бу йил бешта сиёсий партия гўёки шиша куб ичига тушгандай бўлди. Ҳар бир ҳаракат кўринарли, ҳар бир сўз, адвокатлар тилида айтганда, ўзларига қарши ишлатилиши мумкин эди. Оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳам иштирок этган бу каби жонли сиёсий баҳслар синов ва нотиқлик мактабига айланиб, бунда нотиқларнинг нимани ва қандай гапириши муҳим бўлди. Ҳар бир сўз ўйлаб айтилиши лозим.

Сайлов кампанияси худди кафтдек кўриниб турди, дейиш мумкин. Эфирда айтилган сўзлар дарҳол матбуот маркази тасмасининг онлайн-хроникасида акс эта бошлади. У ердан эса занжир бўйлаб - электрон оммавий ахборот воситаларига - ижтимоий тармоқлардаги шарҳларга ҳам одамлар зиқналик қилиб ўтиришмади. Зеро, ҳақиқий фойдаланувчиларнинг ҳар бири келгусида ишончини оқлаш керак бўлган сайловчи ҳамдир.

Битта одам, битта овоз

Ўтказилган сайловлар тан олиниши учун умумий рўйхатнинг камида 33 фоизи овоз бериши керак эди. 22 декабрь куни соат бирда бу маррадан ўтилди - сайловчиларнинг 42,4 фоизи, яъни 7,9 миллиондан ортиқ киши иштирок этгани қайд этилди. Якуний брифингга эса бу кўрсаткич - 71,1 фоиз овозга тенг бўлди.

Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов таъкидлаганидек, жорий йилда мамлакатда биринчи марта жорий этилган сайловчиларнинг ягона электрон рўйхатига 20 миллион 495 минг 457 киши киритилди. Жумладан, 18 миллион 797 минг 810 ёки 91,7 фоизи - Ўзбекистон Республикасида, қолган 1 миллион 697 минг 647 таси ёки 8,7 фоизи - чет элда.

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш. Содиқовнинг қайд этишича, ҳудудларда сайлов жараёнининг ошкоралигини таъминлаш мақсадида 60 та сайлов участкасига 120 та камера ўрнатилган бўлиб, бу сайлов жараёнини бевосита кузатишга кўмаклашган. Бундан ташқари, ушбу ахборот тизимида 6,720 та сайлов округи ва 10 260 сайлов участкаси ва участка сайлов комиссиялари бўйича тўлиқ маълумотлар акс эттирилди.

Сайлов жараёнини бошқариш ахборот тизимидан фойдаланиш учун округ ва участка сайлов комиссиялари аъзолари ва операторлари, шунингдек, сиёсий партиялардан 35 мингдан зиёд киши ўқитилди. Алоқа, шу жумладан, олис ва тоғли ҳудудлардаги интернет хизматларини кўрсатишнинг техник воситалари мавжуд бўлмаган 30 та сайлов участкаси билан сунъий йўлдош орқали уланиш таъминланди.

Сайловга бутун оила бўлиб ташриф буюрдилар, лекин ҳамма ўзи учун овоз бериши лозим. Қайд этилган қонунбузарликлар юзасидан брифингда Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси котиби Х. Маматов ҳисобот берди, сўнг Бош прокурор Н. Йўлдошев томонидан статистика тақдим этилди. Келиб тушган мурожаат ва шикоятларга ўз вақтида жавоб бериш учун штаблар ташкил этилиб, масъул шахслар тайинланди.

Ички ишлар вазири П. Бобожонов йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашда 600 дан ортиқ йўл патрул экипажлари иштирок этаётганини, бутун мамлакат бўйлаб 18 мингдан ортиқ ишчи гуруҳлари ташкил этилганини таъкидлади.

Дастлабки натижалар

23 декабрь куни бўлиб ўтган матбуот брифингда Марказий сайлов комиссияси раиси М. Абдусаломов дастлабки маълумотларга кўра, Олий Мажлис Қонунчилик палатасига сайловларда 150 сайлов округидан 128 нафар депутат сайланганини қайд этди. 22 сайлов округида қайта сайловлар ўтказилади.

Жумладан, Ўзбекистон либерал-демократик партиясидан - 43, Ўзбекистон «Миллий Тикланиш» демократик партиясидан - 35, Ўзбекистон «Адолат» социал демократик партиясидан - 21, Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан - 18, Ўзбекистон Экологик партиясидан 11 нафар депутат сайланди.

Сайтга келиб тушган 300 дан ортиқ сўров қисқа муддат ичида кўриб чиқилди ва ҳал этилди. Ижтимоий тармоқлардан тушган 150 та мурожаат ижобий ечим топди.  Бироқ қоидабузарликлар қайд этилиб, уларнинг айримлари бўйича қўшимча ишлар амалга оширилади ва тасдиқланган тақдирда - ҳужжатлар тегишли идорага юборилади.

Илгари фақат консуллик идораларида расман рўйхатдан ўтган ўзбекистонликларга овоз беришга рухсат берилган эди. 40 га яқин мамлакатда ташкил этилган 55 та сайлов участкасида 112,411 нафар сайловчи овоз берди. 150,000 сайловчи олдиндан овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланди.

Шунингдек, МСК раҳбари Ўзбекистон демократик тараққиётнинг янги босқичига ўтаётганини, фуқароларнинг ҳуқуқий савияси қандай юксалаётганини кўриб турганимизни таъкидлади. Сайловлар бутун мамлакат учун жиддий синов, бироқ шу билан бирга келгусида, шубҳасиз, барча соҳаларда, халқ фаровонлигида акс этадиган сиёсий тизимни янада мустаҳкамлашга асос бўлди.

Юлиана Мороз

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech