19 Ноябрь 2019

00:00:00 (GMT+5)

Тошкент +4,4 °C

Энергетика
18 Сен  2019 9166

Электр ҳисоблагичлари: фуқароларни нима қизиқтиради?

Республикада электр энергияси истеъмолчиларини ЭҲНАТ (электр энергиясини ҳисобга олиш ва назорат қилишнинг автоматлаштирилган тизими)га улаш бўйича кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Унинг жорий этилиши маълумотларни ўлчаш, йиғиш ва уларни қайта ишлаш босқичида инсон омилини минимумгача камайтириш, шунингдек, энергия таъминоти ва истеъмолчи томонидан электр энергияси истеъмолини ишончли, аниқ, тезкор ҳисобга олишни таъминлаш учун зарур шартдир. Бу факт мутахассислар ва оддий фойдаланувчиларга ҳам тушунарли.

Бироқ оддий фойдаланувчиларга янги электр ҳисоблагичларини ўрнатиш жараёни борасида саволлар пайдо бўлмоқда. «ПВ» таҳририяти ўқувчилардан келиб тушган қатор саволларни тўплаб, уларни республика Энергетика вазирлигига йўналтирди.

Порталимизда маҳкама мутахассисларининг жавобларини ўқинг.

 

«Ўзбекенерго»нинг расмий сайтидаги шахсий кабинетда бир нечта турдаги кўрсаткичлар мавжуд: ҳисоб-китоб, агентники, ЭҲНАТ ҳисоблагичи бўйича. Истеъмолчи электр энергияга ҳақ тўлашда уларнинг қай бирига мўлжал олиши керак?»

Нафиса Салимова, Чилонзор тумани.

- Истеъмолчини фойдаланилган электр энергияси ҳажмини ҳисобга олиш учун ЭҲНАТга улашда ЭҲНАТ ўлчаш асбобининг кўрсаткичи қабул қилинади, унга кўра, тўловлар қабул қилинган тўловни ҳисобга олган ҳолда амалга оширилади. Шу билан бирга Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 69-бандига мувофиқ, берилган кўрсаткичлар бўлмаган тақдирда ҳудудий электр тармоқлари корхонаси ўтган ҳисоб-китоб даврида электр энергияси истеъмолининг суткалик ўртача амалдаги миқдори тўғрисидаги маълумотлар асосида ҳисоб-китоб қилиш ҳуқуқига эга. Истеъмолчининг шахсий кабинетида бу «Суткалик ўртача истеъмол кўрсаткичи»дир. Электр энергиясига ҳақ тўлашда истеъмолчи олдиндан тўлаш зарурлигини ҳисобга олган ҳолда, ҳисоб-китоб қурилмаси кўрсаткичларига эътибор қаратиши лозим.

 

«Янги ҳисоблагични ўрнатишда Мажбурий ижро бюроси (МИБ) ходимлари бизнинг бир неча миллион сўм қарзимиз мавжудлигини айтди. МИБга тўлов қоғозлари билан бориб, масалага ойдинлик киритишга тўғри келди. Натижада қарздорлик барибир қолди, лекин у дастлаб айтилганидан анча паст эди. Бу менинг айбим билан бўлган – уч юз кВт/соат энергияга вақтида пўл тўлай олмаганим сабабли юзага келган. Нима учун бундай тартибсизлик юз бермоқда: шартнома электр етказиб берувчи билан тузилади, биз эса МИБ билан тортишамиз

Бекмурод Раҳимов, Яшнобод тумани.

- Президентимизнинг 2017 йил 29 майдаги «Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузурида Мажбурий ижро бюроси ташкил этилди. Унинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

 энергия ресурслари истеъмолини ҳисобга олиш тизимлари ва ускуналарини текшириш;

 электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, ҳисобга олиш асбобларига қасддан шикаст етказиш, шунингдек ҳисобга олиш асбобларининг кўрсаткичларини ўзгартириш мақсадида уларга ташқаридан аралашиш ҳолатлари бўйича текширишлар ўтказиш;

жисмоний ва юридик шахсларга энергия ресурслари учун қарздорликни бартараф этиш ҳақида бажарилиши мажбурий бўлган талабномалар юбориш;

энергия ресурслари учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган, Бюро талабномалари ижро этилмаган ҳолларда, шунингдек, электр, газ узатиш ва газ тақсимлаш тармоқларига ноқонуний уланиш, талон-торож ҳолатлари аниқланганда, истеъмолчиларни электр ҳамда газ тармоқларидан узиш;

энергия ресурсларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш ҳолатлари бартараф этилган ҳамда тўловлар тўлиқ амалга оширилганда, илгари электр ва газ тармоқларидан узиб қўйилган истеъмолчиларни қайта улаш.

Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

- 106-банд - Маиший истеъмолчи томонидан ҳисоб-китоб даврида амалда истеъмол қилинган электр энергияси миқдори истеъмолчининг электр энергиясини ҳисобга олиш прибори кўрсаткичлари бўйича аниқланади.

- 107-банд - Электр энергиясини ҳисобга олиш асбобларидан кўрсаткичларни ёзиб олиш ва тўлов ҳужжатини ёзиб бериш Бюронинг вакили ёки истеъмолчининг ўзи томонидан амалга оширилади.

Бюро вакили томонидан ёзиб берилган тўлов ҳужжати (билдиришнома) маиший истеъмолчига имзо қўйдириб топширилади, у бўлмаган тақдирда эса - у билан бирга бир хонадонда (хусусий уйда) яшовчи вояга етган шахсга топширилади ёки билдиришнома билан бирга буюртма хат орқали жўнатилади.

Энергия ресурслари учун ҳисоб-китоблар ўз вақтида амалга оширилмаган ва кўрсатмаси бажарилмаган тақдирда Бюро истеъмолчини электр ва газ тармоғидан узиб қўяди.

 

«Янги қурилмани ўрнатишда қарзларнинг кутилмаганда кўпайиб кетиши билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлмайдими? Олдинги ўлчагичнинг алмаштирилган кундаги фотосурати йўқ: негаки, бу пайтда уйда ҳеч ким бўлмаган. Алмаштириш пайтида кўрсаткичлар менга тақдим этилган қоғоздагидек бўлганини қандай исботлаш мумкин

Людмила Рудановская, Миробод тумани.

- Ҳақиқий бўлмаган қарзни шакллантириш билан боғлиқ муаммоларнинг олдини олиш учун иложи бўлса, олдиндан эски ўлчагич кўрсаткичлари ва муҳрнинг мавжудлигини суратга олишни тавсия қиламиз. Ўлчаш мосламаси ЭҲНАТ алмаштиргандан сўнг, эски қурилмаларни ечиб олган гуруҳ уни истеъмолчининг ўзида қолдиради ёки электр таъминоти корхоналарига (ЭТК) топширади. Агар муаммолар пайдо бўлса, биринчи навбатда, уни ҳал этиш учун хизмат кўрсатувчи ЭТК билан боғланишингиз керак.

 

«Агар подъездга ўрнатилган ҳисоблагичнинг эгаси рухсатисиз пломбани очишган ва бузишган бўлишса-чи? Нима қилиш ва қаерга мурожаат қилиш керак?»

Юлия Ширинова, Олмазор тумани.

- Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 12 январдаги «Электр энергияси ва табиий газдан фойдаланиш тартибини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорига мувофиқ қуйидагилар белгиланди:

- 119-банд - Электр энергиясини ҳисобга олиш истеъмолчининг айбисиз вақтинчалик бузилганда етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб Бюрони хабардор қилган ҳолда, ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг қарори бўйича, ҳисобга олиш бузилишига қадар бўлган олдинги ҳисоб-китоб давридаги ёки ҳисобга олиш тиклангандан кейинги даврдаги ўртача суткалик сарф бўйича амалга оширилади.

Электр энергиянинг ўртача суткалик сарфи бўйича ҳисоб-китоб қилиш даври бир ойдан ошмаслиги керак ва шу вақт ичида ҳисобга олиш тикланиши зарур.

Агар электр энергияни ҳисобга олиш приборини объектив сабабларга кўра, кўрсатилган муддатда (ўлчаш трансформаторининг, ҳисобга олиш приборининг йўқлиги, ўтиб бўлмайдиган йўллар ва шу кабилар туфайли) тиклаш имконияти бўлмаса, истеъмолчига етказиб берилган электр энергияси учун ҳисоб-китоб қилиш тартиби ва ҳисобга олишни тиклаш муддати истеъмолчи ва ҳудудий электр тармоқлари корхонасининг ўзаро келишуви билан белгиланади.

- 120 банд - Маиший истеъмолчида электр энергиясини ҳисобга олиш приборини улаш схемаси ўзгарганда, приборга зарар етказилганда (истеъмолчининг айби билан) ёки пломбалари бузилганда, ҳисобга олиш асбобининг хотира блоки ва уни дастурлашдан фойдаланиш тугмасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилганда, электр энергиясини ҳисобга олиш приборларидан ташқари бошқа электр қабул қилгичлар уланганда ва амалда истеъмол қилинган электр энергияси кўрсаткичларини камайтириш мақсадида бошқа қоида бузишларга йўл қўйилганда, Бюронинг вакили қоида бузилиши ҳақида белгиланган намунада далолатнома тузади.

Далолатнома асосида:

электр энергиясини ҳисобга олиш прибори, ўлчов трансформаторлари уланиши, ҳисобга олиш асбобининг хотира блоки ва уни дастурлашдан фойдаланиш тугмасига (бўлмасига) ташқаридан таъсир кўрсатилиши ва ҳисобга олишни назорат қилиш приборларидан ташқари электр қабул қилгичлар кўз билан кўриб аниқланмайдиган яширин йўл билан (яширин электр симлари, ўзгартириш мосламалари монтаж қилиниши ва шу кабилар) уланиш схемалари ўзгарган тақдирда — ҳисобга олишнинг назорат асбоблари охирги алмаштирилган ёки уланиш схемалари текширилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга;

электр энергиясини ҳисобга олиш приборига зарар етказилганда (истеъмолчининг айби билан) ёки прибор мавжуд бўлмаганда, пломбалар бузилган ва амалда истеъмол қилинган электр энергияси кўрсаткичларини камайтириш мақсадида айланиб чиқишда кўз билан кўриб аниқланадиган бошқа қоида бузишларга йўл қўйилган тақдирда (шу жумладан, электр энергиясини ҳисобга олиш приборидан бошқа электр қабул қилишлар уланганда) — охирги марта айланиб чиқилган кундан бошлаб, бироқ даъво муддатидан ортиқ бўлмаган муддатга ҳисобга олинмаган электр энергияси миқдори қиймати ҳисоб-китоб қилинади.

Агар ҳисобга олиш прибори пломбаси очилгани ёки бузилгани аниқланса, Бюро ёки хизмат кўрсатувчи ЭТКга мурожаат қилиш зарур.

 

«Уйимиз 1963 йилда қурилган. Электр ўлчагични ўрнатиш жойи дастлаб квартирада жойлашган. Уни, ҳатто, махсус штич бўлмаса ҳам подъездга кўчириш керакми?»

Закия Зуфарова, Чилонзор тумани.

- ЭНҲАТ жорий этиш доирасида ўрнатилаётган энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборлари:

юридик шахсларга ва юридик шахс ташкил этмасдан тадбиркорлик фаолиятини амалга оширувчи жисмоний шахсларга ҳамда якка тартибда қурилган уй-жойларга ўзаро ҳисоб-китобларни амалга ошириш учун тармоқларнинг мансублик чегарасида;

кўп хонадонли уй-жойларда ва намунали лойиҳалар бўйича қурилган алоҳида уй-жойларда уларнинг электр ва газ таъминоти лойиҳаларида белгиланган махсус жойларга ўрнатилади.

Агар электр ўлчагични ўрнатиш жойи дастлаб квартирада жойлашган бўлса, унда янги электр энергиясини ҳисобга олиш прибори квартира ташқарисига кўчирилмайди.

 

«Илгари тўловни олдиндан амалга оширганда, масалан, минг кВт/соат учун, кейинги ҳисоб-китоб электр энергиясини сотиб олиш вақтидаги нарх асосида амалга ошириларди, чунки аслида уни олдиндан тўловни амалга ошириб, етказиб берувчидан сотиб олардик. ЭҲНАТ тизимини жорий этишда бу қандай бўлади? Агар нархлар ўзгарса, қайта ҳисоб-китоб амалга ошириладими ва қандай усулда

Абдуалим Пўлатов, Яшнобод тумани.

- Электр энергиясидан фойдаланиш қоидаларининг 116-бандига мувофиқ, маиший истеъмолчи ўз хоҳишига кўра, икки ойдан кўп бўлмаган муддат учун электр энергиясидан фойдаланиш ҳақини олдиндан тўлаб қўйиши мумкин ва бунда тариф ўзгарса ҳам қиймат қайта ҳисоб-китоб қилинмайди. ЭҲНАТ жорий этилганда, 116-банд ўз кучида қолади.

 

«Бир неча йиллардан бери квартирада электр ҳисоблагич ўрнатилган бўлиб, энергия етказиб берувчи корхона мутахассислари томонидан умумий тизимга уланган, агар электр энергияси тўловида қарз пайдо бўлса, масофавий регулятор томонидан ўчириб қўйилади. Янги электр энергиясини ҳисобга олиш приборини ўрнатиш зарурми ёки эскисини қолдирса ҳам бўладими

Наргиз Наврўзова, Чилонзор тумани.

«Ўтган йили Сергели туманидан электр ҳисоблагич ўрнатилган янги қурилган уйлардан бирини сотиб олдик. Уни ҳам алмаштириш керакми? Негаки, сотиб олганимизга ҳали бир йил ҳам тўлгани йўқ ва қурилма деярли яп-янги

Темур Мансуров, Сергели тумани.

- Агар 2018 йил 29 декабрь куни «Ўзстандарт» агентлиги томонидан тасдиқланган ЭҲНАТ учун ҳисобга олиш ускуналарининг асосий техник талабларига жавоб берса, алмаштирилмайди. Акс ҳолда, ҳисобга олиш қурилмаси алмаштирилиши керак.

 

«Янги энергияни ҳисобга олиш приборлари ўрнатилса, эскисини нима қилиш керак? Ахир, унинг учун ҳам вақтида қанчадир миқдордаги пул тўланган. Бундай қурилмаларни мақсадли сотиб олиш назарда тутилганми

Наталья Ҳасанова, Учтепа тумани.

- Йўқ, назарда тутилмаган. Шунингдек, таъкидлашни истардикки, янги энергияни ҳисобга олиш приборлари бепул ўрнатилади.

 

«Приборни янгисига алмаштирдик, у эса эскисидан ҳам кўпроқ энергия истеъмол қилинаётганини кўрсата бошлади. Энергетика вазирлиги вакилларининг эски ҳисоблагичларнинг аниқ кўрсата олмаслиги ҳақидаги тушунтиришларини ўқидик, аммо жавоб бизни қониқтирмади. Кўп йиллар давомида ҳаммаси жойида эди ва тўсатдан янги приборнинг аниқроқ кўрсатиши маълум бўлиб қолди ва нима учундир кўпайтириб кўрсатган ҳолда. Нега тўсатдан бундай муаммо пайдо бўлгани борасида мутахассиснинг фикрини билмоқчи эдик

Виктория Заритовская, Миробод тумани.

- Янги ҳисоблагичлар электр энергияси истеъмолини бир неча марта ошириб кўрсатиши ҳақидаги тасдиқларга тааллуқли норозиликлар борасида қуйидагиларни таъкидлаймиз.

Эски, айниқса, механик, индукцион ўлчаш асбобларининг сезувчанлик чегараси бошданоқ замонавийларига қараганда юқори бўлган. Ва яна 30 ёки ундан кўп йиллар давомида ишлагани ҳисобга олинса, улар электр энергиясини жуда кам ҳисоблайди. Янги қурилма эса ўзи орқали ўтадиган барча электр энергияси ҳажмини тўла қайд этади. Олдинги авлод ўлчаш асбоблари буни қайд этмаган.

Ҳисоблагичларни яратишда рухсатсиз электр энергиясини истеъмол қилишни аниқлашнинг ақлли тизими қўлланилган. Агар истеъмолчи олдиндан ҳисобга олинмаган уланишларга эга бўлса, янги ҳисобга олиш прибори буни қайд этади. Бунинг икки йўли бор. Приборни рухсатсиз уланишлар  аниқланганда ўчиб қолишга дастурлаштириш ёки муаммони қайд этиш ва ишлашда давом этиш. Биз иккинчи вариантни танладик.

 

«Электр энергиясини ҳисобга олиш қурилмаси подъездга ўрнатилган, яъни исталган пайтда келиб алмаштириб кетиш мумкин. Шу билан бирга, Энергетика вазирлиги Telegramаналида қурилмани алмаштириш чоғида оиланинг бирор ёши катта аъзоси иштирок этиши сўралади. Катталар ҳар куни ишда, уйда фақат кечқурун ва дам олиш кунлари бўлишади. Эртага электрни ҳисобга олиш приборини алмаштиришга усталар боради, илтимос, уйда бўлинг, қабилидаги қандайдир огоҳлантирадиган тизим йўлга қўйиладими? Ахир, одамлар уйда ўтириб, усталарни ҳафталаб кута олмайди-ку?!»

Владимир Семёнов, Чилонзор тумани.

- ЭҲНАТни жорий этиш доирасида етказиб берувчи энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ишларининг бошланишидан камида ўн кун олдин бу ҳақда маиший истеъмолчиларни фуқароларни ўзини ўзи бошқариш органлари орқали хабардор қилади.

Тошкентда ЭҲНАТни жорий этиш доирасида энергия ресурсларини ҳисобга олиш приборларини ўрнатиш ишлари бошлангунга қадар истеъмолчиларнинг ҳар бирини индивидуал тарзда СМС-хабарнома юбориш орқали огоҳлантириш амалиёти йўлга қўйилган.

 

«Жорий йилда бутун пойтахтнинг ЭҲНАТ ягона тизимига уланишини матбуотдан ўқиб билдик. Биз Тошкент билан чегарада яшаймиз, шу боис ҳам ушбу мавзуга оид барча янгиликларни билишга ҳаракат қиламиз. Чунки тез орада биз ана шу тизимга уланамиз. Билишни истардик: бу қачон Тошкент вилоятига етиб келади ва унга қандай тайёрланиш керак?»

Нурпўлат Акрамхўжаев, Тошкент вилояти Зангиота тумани.

  • Президентимизнинг 2019 йил 9 июлдаги «Ёқилғи-энергетика соҳасида ўзаро ҳисоб-китобларни янада такомиллаштириш ва молиявий барқарорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонига мувофиқ, республикада 2020 йилнинг охиригача умумий абонентлар сонининг 100 фоизини ЭҲНАТ билан қамраб олишни таъминлаш белгиланган. Уни жорий этиш бўйича ишлар тасдиқланган жадвалга мувофиқ амалга оширилади.

Александр Зотов тайёрлади.

«Правда Востока».

Белгиланган матнни тинглаш учун қуйидаги тугмани босинг Powered by GSpeech